• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бекатларни бузиш бўйича суд қарори бор» — Тошкент ЙҲТЭМ вакили


Март ойи давомида янгиланиши режалаштирилган Тошкентдаги 120 та автобус бекатида жойлашган дўконларнинг ярми (60 таси) ноқонуний қурилган. Илгари ҳокимлик томонидан очиқланган ушбу маълумотни 12 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) жамоат транспорти устуворлигини таъминлаш бўлими бошлиғи Оллоёр Норбутаев яна бир бор тасдиқлади.

Автобус бекатларини дўконлардан холи қилиш режалари 2019 йилдаёқ ҳокимлик қарори лойиҳасида кўзда тутилган эди. 2020 йилда шаҳар транспорт бошқармасининг Gazeta`га маълум қилганидек, бекатларда дўконларнинг мавжудлиги шахсий автомобиль ҳайдовчиларининг нимадир сотиб олиш учун шу ерда тўхташига сабаб бўлади (бу эса автобуслар ҳаракатига халақит беради). Бундан ташқари, кўплаб бекатларда ёпиқ павильонлар қурилган бўлиб, дўкон эгалари уларни фақат иш вақтида очади.

Оллоёр Норбутаев. Фото: Орифжон Ҳошимов / Gazeta.

Бекатларни бузиш ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ танқидларга жавоб берар экан, Оллоёр Норбутаев ҳар бир бекатни бузиш бўйича суд қарори мавжудлигини, дўконларнинг ноқонуний қурилиши ва фаолият юритиши факти бўйича эса бошқа назорат қилувчи органлар билан биргаликда ўрганишлар олиб борилаётганини айтди.

Ўтган йилнинг охирида ташкил этилган ЙҲТЭМ март ойи бошида транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича 90 кунлик дастурни эълон қилганди. Марказ энг тирбанд бўлган 472 км кўчаларни аниқлаб олган ва у ерда вазиятни яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар амалга оширилиши айтилган. Март ойи давомида 100 км кўчаларни қамраб олиш кўзда тутилган.

Ушбу 100 км масофада 380 та бекат жойлашган бўлиб, уларнинг 120 тасида дўконлар бўлган. Ҳар бир бекат бўйича ўрганиш ўтказилди ва уларнинг 60 тасида ноқонуний қурилишлар борлиги аниқланди, деди Оллоёр Норбутаев. Тошкентда жами 2600 га яқин бекат мавжуд бўлиб, улардан 750 таси дўконлар билан бирлаштирилган.

Тошкентда ҳозирда айнан мана шундай ягона намунадаги бекатлар ўрнатилмоқда. Фото: Евгений Сорочин / Gazeta.Тошкентда ҳозирда айнан мана шундай ягона намунадаги бекатлар ўрнатилмоқда. Фото: Евгений Сорочин / Gazeta.

«Жамоат транспорти бекатларининг замонавий концепциялари бекат ҳудуди чегарасида савдо шохобчаларининг бўлмаслигини, йўловчиларнинг транспортни эркин ва хавфсиз кутишини, юқори юклама вақтида кенгайтириш имкониятига эга етарли кенгликдаги платформаларни ҳамда инклюзив муҳит яратишни назарда тутади», — деб баёнот берган эди аввалроқ ҳокимлик.

Рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлган тадбиркорлар учун компенсация механизми — агар улар қонуний асосда ишлаётган бўлса, савдо шохобчаларини жойлаштириш учун бошқа ҳудудлардан ер ажратилиши ваъда қилинган.

«Айтайлик, дўконлар ноқонуний ишлаган. Шунча пайт шаҳар ҳокимлиги қаерга қараган эди?» — деб савол берди журналистлардан бири.

Оллоёр Норбутаев шундай жавоб берди: «Ҳар бир бекат бўйича ҳужжатлар кўтариб чиқилмоқда. У қандай ишлаган, неча квадрат метр жойни эгаллаши керак эди-ю, амалда қанча жойни эгаллаган, қонунийми ёки ноқонуний, [қанча солиқ тўланган] — ҳар бири бўйича иш олиб бориляпти. Ўрганишлар якуни бўйича маълумот тақдим этамиз».

У мисол келтирди: «Буюк ипак йўли» метро бекати яқинида дўконли бекат бўлиб, у 200 кв. м майдонни эгаллаб келган, ваҳоланки, ҳужжат бўйича тадбиркорда 10 кв. м жой бўлган (асосий фото).

ЙҲТЭМ вакили ҳокимлик кимнингдир ҳуқуқларини камситишни мақсад қилмаганини таъкидлади. Қонуний асосда ишлаётган дўкон эгаларига бошқа жой, жумладан, шаҳарнинг барча туманларида очилаётган туристик кўчалардан жой тақдим этилади.

Вазият шу билан мураккаблашдики, узоқ вақт давомида бекатлар ҳокимлик балансида бўлмаган, деб хабар берди шаҳар маъмурияти матбуот котиби Гулноза Қосимова. Бекатларнинг 12 хил эгаси бўлган: транспорт бошқармаси, ободонлаштириш бошқармаси ва ҳоказо. Кўриб чиқилаётган ҳудуддаги павильонларнинг асосий қисми 1995 йилдан 2005 йилгача бўлган даврда қурилган.

Ҳозирги вақтда хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда ва барча объектлар босқичма-босқич ЙҲТЭМ тасарруфига ўтказилмоқда. Расмийлар қонуний бизнесни кўчада қолдирмасликка ваъда бермоқда: шохобчалари бузилишга тушган тадбиркорларга туман ҳокимликлари савдо чаққон бўлиши кутилаётган туристик кўчалардан янги жойлар тақдим этиши лозим.

ЙҲТЭМ матбуот хизматининг аниқлик киритишича, битта бекат павильонини янгилаш учун ўртача бир ҳафта вақт талаб этилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *