Тошкентда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат бошқаруви ва назорати тизимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.
11 март куни палатада президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши ва эксперт гуруҳларининг навбатдаги йиғилишида президентнинг «Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария бўйича ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ҳужжатга кўра, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат назоратига оид барча функцияларни — фитосанитар, карантин, санитария-эпидемиология, гигиена ва ветеринария назорати тизимларини ягона қўмита таркибида бирлаштириш режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, бундай тизим тадбиркорлар учун катта қулайлик яратади. Яъни бир маҳсулотни турли идораларда қайта-қайта текширтириш ўрнига, ягона мурожаат орқали уни бозорга чиқариш учун рухсат олиш имконияти пайдо бўлади.
Шу билан бирга, янги тизим озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги устидан назоратни кучайтириш, истеъмолчиларни сифатсиз ёки хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилишда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар фармон лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида умумлаштирилиши маълум қилинди.
5 февраль куни Сенат озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни маъқуллаган эди. Қонун билан Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги бўйича идоралараро кенгаш ташкил этиш ва озиқ-овқат бизнеси операторларининг озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги мажбуриятлари белгиланмоқда.
