Тошкент шаҳри Сергели туманидаги «Жунариқ» каналига январь ойида мактаб ўқувчиси тушиб кетган. Кўприк эса мурожаатдан кейин эмас, ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг қурилган. Президент 13 март куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳолатни танқид қилди.
Президент маълум қилишича, фуқаро январь ойида мактаб ўқувчиси Сергелидан оқиб ўтадиган «Жунариқ» каналига тушиб кетганини айтиб, бузилган кўприкни қайта тиклашни сўраган. Бу масалага икки ой давомида бирорта масъул эътибор қаратмаган, мурожаатга юзаки жавоб берилган.
Ҳолат ижтимоий тармоқда тарқалганидан кейингина маблағ ҳам топилган, кўприк ҳам қурилган. Мурожаатлар билан ишлашдаги бундай камчиликлар одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етказаётгани кўрсатиб ўтилди.
Кўприкнинг ҳозирги ҳолати. Фото: Сергели тумани ҳокимлиги
Ўтган йили Халқ қабулхоналарига ҳокимларнинг ўзи раҳбар қилиб тайинланганди. Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Хоразм, Сирдарёда раҳбарларнинг ўзи шуғуллангани учун ҳудудидаги мурожаатлар 25−30 фоизга камайгани, аҳоли кўтарган масалаларнинг 60−70 фоизи ижобий ҳал бўлаётгани таъкидланди. Лекин қолган ҳокимлар ва айрим вазирлар ҳали бу борада кескин ўзгариш қилмагани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Тошкент шаҳрида 170 минг ва Тошкент вилоятида 110 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ечимини топмаган. Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар кўпайган.
Халқ қабулхоналарига келаётган мурожаатларнинг катта қисми Ички ишлар (148 минг), Мажбурий ижро бюроси (134 минг), Энергетика (88 минг), Бандлик (60 минг) ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига (56 минг) тегишли экани қайд этилди.
