Жиззах вилояти Зарбдор туманида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида ҳокимлик ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди, дея хабар қилди ДХХ.

Маълум қилинишича, Зарбдор тумани ҳокимлигининг бош мутахассиси 1983 йилда туғилган фуқаронинг яшаш уйига туташ давлат захирасидаги 4 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали аукцион савдосида ютиб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолатда, Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Хўжайли тумани ҳокимлиги бош мутахассиси ҳамда туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси қўлга олинган.

Аниқланишича, улар ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фермер хўжалиги раҳбари ноқонуний равишда 250 млн сўмга сотишни режалаштирган 41,6 гектар ер майдонини давлат захирасига қайтармасдан ва аукцион савдосига чиқармасдан Хоразм вилоятида яшовчи тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.