• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Кармана тумани ҳокими ўқитувчиларни йиғилишда салкам 1 соат турғизиб қўйди, вазирлик ҳолатни ўрганишни бошлади


Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев мактаб ўқитувчиларни ҳокимликка йиғиб, турғизиб қўйган ҳолда мажлис ўтказган. Бу ҳақда Kun.uz ушбу мактаб ўқитувчиларига таяниб хабар қилди.

Маълум бўлишича, ҳоким 12 март куни Ҳазора қишлоғидаги 9-умумтаълим мактабида ёшлар билан учрашув ўтказган. Учрашув вақтида Шоҳрух Болтаев ўқувчи ва ўқитувчиларга турли саволлар берган, шеър айтиб беришни сўраган. Бироқ ўқувчилар ҳокимнинг кетма-кет саволларидан ҳаяжонланиб, шеър айтиб беролмаган.

Учрашувдан сўнг ҳоким мактабнинг барча ўқитувчиларини соат 17:00 да ҳокимлик биносига олиб боришни буюрган. Аксарияти хотин-қизлардан иборат бўлган 46 нафар ўқитувчи автобусда 30 км йўл босиб, айтилган вақтда ҳокимлик биносига борган.

Ўқитувчилардан бирининг сўзларига кўра, улар соат 17:00 да белгиланган жойга етиб боришган ва ҳокимни ярим соат кутишган. Келган ҳоким барча ўқитувчиларни тик оёқда турғизиб қўйиб, мажлис ўтказган. У қаттиқ гапириб, халқ таълими бўлими вакилларига мактабда текшириш ўтказиш бўйича топшириқ берган ҳамда директор ўринбосарларининг ишдан бўшаш ҳақидаги аризаларини олишни талаб қилган. Мажлис вақтида педагогларнинг аксарияти рўзадор бўлган.

Яна бир ўқитувчи тадбирдан қайтишда йўлдан сув сотиб олиб, оғиз очишганини (ифторлик қилишганини) маълум қилган. Унинг таъкидлашича, ҳокимнинг бу ҳаракати барча ўқитувчиларни хафа қилган, чунки мазкур мактаб туманнинг энг олди таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ўқитувчи, шунингдек, ўқувчи ҳокимнинг олдида ҳаяжонлангани сабабли билган нарсаларини ҳам айта олмаган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Ҳокимнинг нашрга маълум қилишича, ўқувчи ва ўқитувчилар саволларига жавоб беришолмаган.

«Шеър сўрасам айтиб беришолмади, турли саволлар бердим, бирортаси жавоб беролмади. Бу мактабда битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичи 3 йилдирки, 50 фоиздан ошмайди. Айтиб бўлмайдиган ҳар хил ҳолатлар бор. Туманда таълим сифатини кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Ўша куни ёшлар билан учрашувдан сўнг мажлисим бор эди. Шу сабабли автобус гаплашиб, ҳокимликка йиғдим. 10 минут гаплашиб, жавоб бердим. Бугун яна ўша мактабга бориб, ўқитувчилар билан учрашаман», — дея ҳолатни изоҳлади ҳоким.

Вазирлик муносабати

Воқеа бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги муносабат билдириб, ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.

Вазирлик қайд этишича, 2025 йилда Кармана туманидаги 9-мактаб битирувчиларининг 61 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган (туман миқёсида 6-ўрин). Ўртача балл кўрсаткичи 98,7 баллни ташкил этган (2024 йилга нисбатан 8 балл ошган).

Айни вақтда 39 нафар мактаб битирувчиларининг 38 нафари турли фан йўналишлари бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга.

«Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонунида педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши алоҳида қайд этиб қўйилган.

Шунингдек, педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш ҳамда педагогнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъий тақиқланиши белгиланган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги педагогларнинг мазкур қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, уларнинг касбий мавқеи ва ишчанлик обрўсини сақлаш бўйича барча зарур ишларни амалга оширишини, шу билан бирга мансабдор шахсларнинг педагоглар касбий фаолиятига аралашишини қаттиқ қоралашини маълум қилган.

Шавкат Мирзиёев 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида Кармана тумани ҳокими маҳалладаги 4−5 нафар одам билан «номига» гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юрганини танқид қилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *