2026 йилги Осиё Кубоги чорак финалида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Жанубий Корея аёллар терма жамоасидан мағлубиятга учради. 6:0 ҳисобида ғалаба қозонган корейслар ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Шунга қарамасдан, миллий жамоамиз Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашни давом эттиради. Бўлғуси рақиб Япония – Филиппин учрашувида аниқланади — ушбу учрашувда енгилган жамоа устидан ғалаба қозонса, Ўзбекистон терма жамоаси 2027 йилда Бразилияда ўтказиладиган аёллар ўртасидаги ЖЧга йўлланма олади.
Агар жамоа ушбу ўтиш баҳсида ҳам енгилса, КХДР/Хитой Тайпейи ўртасидаги ўйинда мағлуб бўлган жамоа билан тўқнаш келади. Бу учрашув ғолиби халқаро плей-офф ўйинлари орқали мундиал йўлланмаси учун курашни давом эттиради, мағлуб мусобақани тарк этади.
2026 йилги аёллар ўртасидаги Осиё Кубогида 12 та терма жамоа иштирок этмоқда. Улар учта гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб борди. Гуруҳларда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда энг яхши кўрсаткич қайд этган икки нафар учинчи ўрин соҳиби чорак финал босқичига йўл олди.
Чорак финал ғолиблари тўғридан-тўғри Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлади. Мағлуб жамоалар эса олдиндан аниқланган сетка асосида плей-офф босқичида иштирок этади. Плей-оффда ғалаба қозонган жамоалар Осиёнинг 5 ва 6-вакили сифатида мундиал йўлланмасини қўлга киритади.
ЖЧ-2027 йўлланмаси учун плей-офф ўйинлари:
Ўзбекистон — Япония/Филиппин
КХДР — Хитой Тайпейи
Ярим финалга йўл олган Австралия, Хитой ва Жанубий Корея терма жамоалари аллақачон Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланишга улгурди. Сўнгги ярим финалчи номи Япония – Филиппин учрашувидан кейин маълум бўлади.
Маълумот учун: 2029 йилги аёллар ўртасидаги Осиё Кубоги Ўзбекистонда ўтказилади.