• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Сотиб олинган шашлик ва ўчоқдаги палов». Қўқон аҳолиси тўрт кундан буён газсиз яшамоқда


11 март, чоршанба куни эрталабдан бери Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри аҳолиси газсиз қолмоқда, кўплаб туманларда эса вақти-вақти билан электр энергияси ўчмоқда. Шу куни Ўзбекистонда илиқ ҳаво ҳароратидан сўнг совуқ тушиши кузатилди, бироқ бу аввалги йиллардагидек аномал совуқ эмас эди — Фарғона водийсида ўша кечаси -3 даражагача совуқ бўлиши прогноз қилинганди.

Ижтимоий тармоқларда водийнинг барча вилоятлари — Фарғона, Андижон ва Наманган аҳолиси газ йўқлиги ҳақида ёзмоқда. «Аввал газни бутунлай ўчиришди, кейин чироқни ўчиришни бошлашди», — дейилади Фарғона ҳақидаги Facebook постларидан бирида. Бошқа бир хабарда эса: «На чироқ бор, на газ… Фарғонада қандай бундай бўлиши мумкин?» — дея таъкидланган. Изоҳларда, шунингдек, мактаб ва шифохоналарда ҳам иситиш тизими ишламаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Газ босими — 0

Gazeta`га Қўқондан видеоёзув келиб тушди. Унда газ таъминоти корхонаси ходими 11 март куни шаҳарга кирувчи газ қувурида босим 0 га тенг эканлигини кўрсатмоқда.

Аудиохабарда у илгари босим 14−15 кПа (килопаскаль) дан пастга тушмаганини, ҳозирда эса 6−7 кПа келаётганини айтган (ваҳоланки, 12 кПа дан паст босимда газ беришга рухсат берилмайди). «Босим доимий равишда „ўйнаб“ турибди — гоҳ кўтарилади, гоҳ тушади». Корхона ходимлари қўлларидан келганча ҳаракат қилиб, газ ҳеч бўлмаганда айрим ҳудудларга етиб бориши учун таъминотни мувофиқлаштиришга уринишмоқда. Бироқ, унинг сўзларига кўра, босим тобора пасайиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бошқа бир аудиохабарда Қўқон газ таъминоти вакили газ йўқлиги сабабли шаҳардаги 3-сонли ИЭС (газ билан ишлайдиган иссиқлик электр станцияси) ҳам ўчирилганини айтган. У бундай ҳолат Фарғона водийсининг барча туманларида кузатилаётганини таъкидлаб, газ бир-икки кундан кейин берилишига умид билдирган.

«Тутун ҳидидан бош оғрияпти»

Gazeta Қўқоннинг Бақа — Чорсу кўчасида яшовчи аҳоли вакили, ўқитувчи ва «Подумаем о нас» («Ўзимиз ҳақимизда ўйлайлик») Telegram канали муаллифи Нозима Маҳмудова билан суҳбатлашди.

Унинг айтишича, маҳалла аҳолисига газ тахминан бир ҳафта бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган. Шунингдек, электр тармоқлари юкламани кўтара олмагани сабабли аҳолидан электр иситкичлардан камроқ фойдаланиш сўралган.

14 март оқшомида Қўқондаги кўчалардан бири. Фото: Нозима Маҳмудова, Gazeta учун.

Кечқурун электр энергияси ўчган. Маҳаллада авария юз бергани ва ифторгача бартараф этилиши кераклигини айтишган. Аммо чироқ фақат эртаси куни туш пайтида ёнган. Ўшандан бери электр таъминотида вақти-вақти билан узилишлар бўлиб турибди. Маҳаллада қўшимча трансформатор сотиб олиш имкониятини муҳокама қилиш учун йиғилиш эълон қилинган.

Газ ва электрсиз қандай кун кечираётганлари ҳақидаги саволга Нозима Маҳмудова шундай жавоб берди: «Душанба куни ҳали газ бор эди ва мен сешанба учун ҳам овқат тайёрлаб қўйишга улгургандим. Режалаштирмагандим, лекин шундай бўлиб қолди. Чоршанба куни тайёр шашлик сотиб олдик, кейин ўчоқда палов дамладик, кеча эса кимнингдир пропан баллонида пиширилган беляшиларни сотиб олдик. Қўшнилар ҳам шундай баллонлардан фойдаланиб овқат қилишяпти».

«Иккинчи куни „голландка“ печкасини ўтинга мослаштирдик. Кечқурун чироқлардан (фонариклардан) фойдаланамиз. Чироқ ёнган пайтда дарҳол пауэрбанкларни қувватлаб оламиз», — деди Нозима Маҳмудова. «Уйда душ қабул қилишнинг иложи йўқ. Тутун ҳидидан бош оғрияпти», — дея қўшимча қилди у.

Нозима Махмудованинг ётоқхонасида ифторлик учун дастурхон. Бу кондиционер ўрнатилган ягона хона.Нозима Махмудованинг ётоқхонасида ифторлик учун дастурхон. Бу кондиционер ўрнатилган ягона хона.

Одамлар ё кондиционери ишлайдиган ёки исиниш учун ўтин печкаси бор қариндошлариникига тунаш учун боришмоқда.

Аёлнинг сўзларига кўра, бундай ҳолат икки мингинчи йилларнинг бошидан бери жуда кам кузатилган. «Узилишлар бўлиб турарди, лекин доим тушунарли сабаблар келтириларди. Ёзда ва кузнинг бошида профилактика туфайли икки-уч кун газ бўлмаслиги ҳақида огоҳлантиришарди. Қишда, ҳатто -10 даража совуқда ҳам газ босими бўларди», — дейди у.

«Мураккаб омиллар йиғиндиси»

12 март куни «Ҳудудгазтаъминот» компаниясининг «Ҳудудгаз Фарғона» филиали ҳаво ҳарорати пасайиши туфайли газ истеъмоли ортганини ва бу магистрал газ қувурларида босимнинг пасайишига олиб келганини маълум қилди.

«Айни пайтда масъул мутахассислар томонидан газ таъминотини барқарорлаштириш, босимни меъёрга келтириш ва режим созлаш ишлари олиб борилмоқда. Энг аввало, аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган», — дейилади хабарда.

Газ босим барқарорлашгандан сўнг берилиши ваъда қилинди. Аҳолидан газдан оқилона фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, носоз ускуналардан фойдаланмаслик ва газ сўрувчи насосларни ишлатмаслик сўралди.

Ўша кунги бошқа бир хабарда босимнинг пасайиши талаб ортган шароитда табиий ҳол эканлиги айтилган. Шунингдек, паст ҳароратда газ зичлашиши ва бу оқим тезлигининг пасайишига олиб келиши таъкидланган. Бундан ташқари, босим газ тармоғидан узоқликка ҳам боғлиқ бўлиб, бу айниқса қишда яққол сезилади.

«Хулоса: Совуқ кунларда босимнинг пасайиши — физик жараёнлар, юклама ошиши, тизим имкониятлари ва истеъмол маданиятига боғлиқ мураккаб омиллар йиғиндисидир», — дея хулоса қилади «Ҳудудгаз Фарғона».

Шу каби мазмундаги хабарларни «Ҳудудгаз Наманган» ва «Ҳудудгаз Андижон» филиаллари ҳам эълон қилди. Бироқ расмий идоралар газ босими қачон тикланиши бўйича аниқ маълумот бермаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *