Тошкент шаҳрининг самарасиз транспорт тизими туфайли кўрадиган йиллик йўқотишлари 343 млн долларни ташкил этмоқда, бу эса ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 1,27 фоизига тенг. Бу ҳақда 12 март куни шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Ушбу марказ транспорт соҳасида аввал мавжуд бўлган ўнлаб турли идоралар ўрнига ягона сиёсатни юритиш учун ташкил этилган янги тузилмадир.
Тошкент шаҳри ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев шаҳар шиддат билан ривожланаётганини, транспорт тармоғига тушаётган юклама эса доимий равишда ортиб бораётганини таъкидлади.
«Ҳозирги шароит йўл ҳаракатини тизимли маълумотлар ва таҳлилларга асосланган ҳолда бошқаришга ўтишни талаб қилмоқда», — деди у.
Абдураҳмон Бахтиев. Фото: Орифжон Ҳошимов / Gazeta.
Суткасига режадаги 400 минг ўрнига 770 минг автомобиль
ЙҲТЭМ Жамоат транспорти устуворлигини таъминлаш бўлими бошлиғи Оллоёр Норбўтаевнинг сўзларига кўра, шаҳарда рўйхатдан ўтган 3,2 млн аҳолига ҳар куни кириб-чиқувчи фуқаролар (1,5 млн) ва вақтинча яшовчиларни (500 минг) қўшганда, амалда шаҳарда 5−5,2 млн киши яшамоқда. Йиллик ўсиш эса 110 минг кишини ташкил этади.
Мобил аҳоли (ҳар куни йўлга чиқувчилар) 3,4 млн киши бўлса, шундан 1,1 миллиони таълим муассасаларига қатнайди, 700 минг нафари эса давлат ташкилотларида ишлайди. Бу одамлар суткасига жами 11,2 млн марта ҳаракатланишади, жумладан, 7,6 миллион — транспортда, 3,6 миллион — пиёда. Микромобиллик воситаларига (велосипед, самокат) атиги 5% ёки суткасига 0,4 млн ҳаракатланиш тўғри келмоқда.
Пойтахтдаги транспорт воситалари сони 1,3 миллионни ташкил этиб, йилига 80 мингтага кўпаймоқда. Шаҳарда 833 мингта транспорт воситаси рўйхатга олинган ва кунига 500 мингтаси кириб келади.
Тошкентнинг кўча-йўл тармоғи жами 4884 кмни ташкил этади, шундан 4523 км — ички кўчалар, 289 км — марказий кўчалар ва 72 км — халқаро аҳамиятга эга йўллардир. Ушбу кўча ва йўллар суткасига тахминан 400 мингта автомобиль ҳаракатланиши учун мўлжалланган бўлса-да, амалда бу кўрсаткич қарийб икки баравар кўп — 770 мингтани ташкил этмоқда. ЙҲТЭМ олдига қўйилган асосий вазифалардан бири — 2030 йилга бориб тирбандликлар даражасини 30 фоизга камайтиришдир.
Асосий транспорт артериялари ҳисобланган 472 км йўллар таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг муайян қисмида юклама критик даражага етган.
«57,4 км йўл 8−10 баллик юклама билан ишламоқда. Бу эса мазкур ҳудудларда бевосита тирбандликлар ҳосил бўлишига олиб келяпти», — деди Оллоёр Норбўтаев. Шунингдек, 411 км кўча ва йўллар 10 йилдан аввал қурилган бўлиб, уларнинг 87 фоизи эскирган.
Ривожланмаган жамоат транспорти
Оллоёр Норбўтаев. Фото: Орифжон Ҳошимов / Gazeta.
Сўнгги йиллардаги ижобий ўзгаришларга (янги автобуслар ва метро таркиблари харид қилинганига) қарамай, умумий қатновлар ҳажмида жамоат транспортининг улуши ҳамон жуда пастлигича қолмоқда.
«Ўртача ҳисобда қатновларнинг атиги 30−35 фоизи (2,6 млн қатнов — таҳр.) жамоат транспорти ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолган катта қисми (4,6 миллионтаси — таҳр.) енгил автомобилларда амалга оширилмоқда. Бунинг ўзи Тошкентда тирбандликлар кўпайишига асосий сабаб бўлмоқда», — дея таъкидлади Оллоёр Норбўтаев.
Дунёнинг жамоат транспорти тизими ривожланган шаҳарларида бу кўрсаткич 60−65 фоизга етади. Президентнинг 4 декабрдаги қарори (ЙҲТЭМ ташкил этилган ҳужжат) билан 2030 йилгача жамоат транспорти қамровини 60 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунда автобусларнинг 50 фоизи электробуслар бўлиши лозим.
Жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси пастлигининг сабабларидан бири — ҳаракатланувчи таркиб тақчиллиги. Мутахассиснинг тушунтиришича, амалдаги методологияга кўра, ҳар 1000 кишига ўртача битта автобус тўғри келиши керак.
«Бизда эса [ҳар 1000 кишига] атиги 0,6 та автобус тўғри келмоқда», — деди ЙҲТЭМ бўлим бошлиғи. Ҳозирда шаҳарда 1897 та автобус мавжуд бўлиб, бу кўрсаткични 3161 тага етказиш режалаштирилган. Ҳар куни ўртача 1,5 млн йўловчи ташилмоқда, мақсад эса — бу рақамни 3,4 миллионга чиқариш.
Метрополитен шаҳарнинг фақат бир қисмини қамраб олган ва аҳолининг атиги 16 фоизи учун қулай масофада жойлашган. Кунига у 1 млн йўловчини ташимоқда. Бу аввалги йилларга нисбатан кўп, бироқ йўловчи оқимини 2 миллионга етказиш мақсад қилиб қўйилган.
Шаҳарда жамоат транспорти тармоғини (шу жумладан, бекатлар тармоғини) қайта кўриб чиқиш ва унинг устуворлигини таъминлаш талаб этилади (кўп жойларда алоҳида ажратилган йўлаклар нотўғри ташкил этилган, шахсий автомобиль ҳайдовчилари томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар устидан назорат йўқ).
12 март кунидаги ЙҲТЭМ тақдимоти. Фото: Орифжон Хошимов / Gazeta.
Транспорт ва хавфсизлик билан боғлиқ бошқа муаммолар
ЙҲТЭМ бошқа муаммолар қаторида қуйидагиларни санаб ўтди:
- йўл ҳаракати хавфсизлигининг етарли эмаслиги — ўтган йили 1225 та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, уларда 90 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганларнинг ярмидан кўпини (48 нафарини) пиёдалар ташкил этган.
- транспорт тенгсизлигининг ортиши — шахсий автомобили бўлмаган фуқароларнинг ҳаракатланиш имконияти чеклангани, жамоат транспорти, пиёдалар йўлаклари ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларидан тўлақонли фойдаланиш имконияти йўқлиги.
- экологик оқибатлар — ҳавога йилига 3000 тонна ҳажмида PM2,5 майда заррачалари чиқарилмоқда.
Мутахассислар, шунингдек, пойтахт кўчаларидаги одамлар ҳаракатланиши хавфсизлиги ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган қуйидаги асосий муҳандислик ва инфратузилмавий камчиликларни ҳам санаб ўтишди:
- чорраҳаларнинг нокомпакт ўлчамлари ва светофорлардаги асоссиз узун фазалар;
- автомобиллар қайрилиб олиши учун мўлжалланган ҳудудларнинг хавфли тарзда ташкил этилгани;
- йўл чизиқларининг ёмон кўриниши ёки умуман йўқлиги, бунинг оқибатида ҳаракат иштирокчилари йўлаклар кенглиги ва пиёдалар ўтиш жойлари қаерда эканлигини тушунмаслиги;
- кўп тасмали кўчаларда пиёдалар учун хавфсизлик оролчаларининг йўқлиги;
- чорраҳаларда қатнов қисмининг ҳаддан ташқари кенглиги (бурилиш радиусларининг катталиги), бу эса ҳайдовчиларга хавфли тезликда бурилишларни амалга ошириш имконини бериши.
Транспорт соҳасидаги муаммоларни тизимли ҳал этиш ва ҳаракат хавфсизлигини ошириш мақсадида ЙҲТЭМ қисқа муддатли, ўрта муддатли (2027 йилгача) ва узоқ муддатли (2028−2030 йиллар) мақсадларни ишлаб чиққан. Ушбу чора-тадбирлар авариялар сонини камайтиришга, тирбандлик ва зарарли чиқиндиларни камайтиришга, шунингдек, Тошкент аҳолисининг ҳаракатланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши керак. Бу чора-тадбирлар ҳақида Gazeta`нинг кейинги материалларида танишиш мумкин.
