Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги Park in Mall (Tashkent City Mall ёни) оилавий кўнгилочар савдо марказида ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда пойтах ФВБ.
15 март куни соат 13:18 да ФВБга Ботир Зокиров кўчасида жойлашган савдо марказининг 3-қаватида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар тушган. Қутқарув техникалари айтилган манзилга соат 13:19 да етиб бориб, ёнғин соат 13:28 да ўчирилган.
Ёнғин оқибатида жароҳатланганлар йўқ. Савдо мажмуасининг 3-қавати 25 кв.м майдони ёниб зарарлангани аниқланган.
ФВБ Park in Mall биноси ҳозирги вақтда фойдаланишга топширилмагани ва ёнғин содир бўлган жой болалар ўйингоҳида содир бўлмаганини қўшимча қилди.
Тарқалмоқларда тарқалган хабарлар ва видеода марказда одамлар бўлгани, айрим савдо дўконлари, ресторан ва кинотеатрлар иш фаолиятини бошлаганинини кўриш мумкин.
Таъкидланишича, ёнғин содир бўлган жойда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган.
Ҳозирда ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 31 январь куни тушдан кейин Яшнобод туманидаги Aviator савдо мажмуасининг иккинчи қаватида ёнғин содир бўлганди. У ерда Pixel деб номланган катта болалар майдончаси, шунингдек, бир нечта овқатланиш муассасалари жойлашган. Ҳодиса ортидан жиноий иш очилган, Ўзбекистон бўйлаб шу каби объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини текшириш бошланган.
Ўшанда жиддий қоидабузарлик аниқланса, объектлар фаолияти тўхтатилади, деганди ФВВ. Бундай объектлар, жумладан, уларнинг ходимлари учун асосий талаблар яна бир бор эслатилган.