14 март куни Адлия вазирлиги сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 17 июндан кучга киради.
Ҳужжат сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан фойдаланишда амал қилиниши лозим бўлган асосий тамойиллар, талаблар, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
Сунъий интеллект нима деб тушунилади?
Қоидаларга кўра, сунъий интеллект инсоннинг билим ва кўникмаларига тақлид қилиш, шу жумладан мустақил равишда ўрганиш ва ечимларни излаш ҳамда аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий фаолияти натижалари билан таққосланадиган натижаларни олиш имконини берадиган технологик ечимлар мажмуи ҳисобланади.
Сунъий интеллект иштирокчиларига эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сунъий интеллект технологиялари ва тизимларини ишлаб чиқувчи, жорий этувчи ва улардан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахслар киради.
Бу иштирокчилар қоидалар талабларига қатъий риоя қилиши шарт.
Асосий мақсад — инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Ҳужжатнинг асосий мақсади сунъий интеллект тизимларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш ва инсон ҳуқуқ, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиш:
- «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»,
- «Ахборотлаштириш тўғрисида»,
- «Киберхавфсизлик тўғрисида»
каби қонунлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Қоидаларга кўра, сунъий интеллект томонидан қабул қилинган қарорлар якуний қарор сифатида қабул қилинмаслиги, улар инсон томонидан қайта кўриб чиқилиши лозим.
Сунъий интеллектдан фойдаланишда қандай тамойиллар белгиланди?
Этика қоидаларига кўра, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда қуйидаги асосий тамойилларга амал қилиниши керак:
- қонунийлик;
- шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳамда атроф-табиий муҳитни ҳимоя қилишнинг устуворлиги;
- тушунарлилик;
- масъулият, жавобгарлик ва назорат;
- адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик;
- очиқлик ва шаффофлик;
- маълумотлар ҳимояси;
- ишончлилик ва хавфсизлик.
Масалан, сунъий интеллект қарорлари тушунарли ва изоҳланадиган бўлиши, алгоритмлар ишлаш мантиғи иштирокчиларга маълум бўлиши керак.
Камситишга йўл қўйилмайди
Адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик тамойилига кўра, сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқиш, жорий этиш, тартибга солиш ва улардан фойдаланишда инсонларни жинси, ирқи, миллати, тили, маданияти, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, жисмоний ҳолати, ижтимоий мавқеидан қатъи назар камситилишига йўл қўйилмаслиги лозим.
Сунъий интеллект қарорлари инсон назоратида бўлади
Ҳужжатга кўра, сунъий интеллект орқали қабул қилинган қарорлар инсон назорати остида бўлиши ва зарур ҳолларда қайта кўриб чиқилиши керак.
Қуйидаги қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосаларига таянмаслик талаби белгиланмоқда:
- инсон ҳуқуқ ва эркинликларига алоқадор юридик аҳамиятга эга қарорлар;
- соғлиқни сақлаш (касалликларни ташхислаш, даволаш усулларини белгилаш ва бошқалар) ва бошқа соҳалардаги қарорлар.
Сунъий интеллект иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Шу билан бирга, қоидаларда сунъий интеллект иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.
Сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар:
- алгоритмлар шаффоф ва тушунарли бўлишини таъминлаши;
- эҳтимолий тарафкашликни олдини олиши;
- шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиши;
- технологиянинг имкониятлари ва хавфлари ҳақида очиқ маълумот бериши;
- сунъий интеллект тизимлари инсон назорати остида бўлишини таъминлаши керак.
Шунингдек, улар технологиялардан қонунга зид ёки жамиятга зарар етказувчи мақсадларда фойдаланмаслиги лозим.
Сунъий интеллектдан фойдаланувчилар:
- технологиялардан хавфсиз ва шаффоф фойдаланиш,
- алгоритмлар бўйича тушунтириш олиш,
- камчиликлар бўйича таклиф киритиш ҳуқуқига эга.
Бироқ улар:
- фойдаланиш қоидаларига риоя қилиши,
- шахсий маълумотларни ҳимоя қилиши,
- бошқа фойдаланувчиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини бузмаслиги керак.
