Бу йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобга олинса, мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етади. Яқин икки-уч йилдаги янги лойиҳалар ҳисобига қувватлар бундан ҳам ошади.
Дунёда ҳам мазкур хомашёга бўлган талаб кундан кунга ортиб бораётгани таъкидланди. Чунки мис бугунги кунда саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, «яшил» тараққиёт учун стратегик хомашёга айланиб бўлди.
«Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади.
Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик», – деди Президентимиз.
Мисол учун, «Ёшлик-1» кони. Яқин-яқингача кўпчилик «Бу конни ўзлаштириш қийин, имкониятимиз етмайди, эплай олмаймиз» деб ўйларди. Ваҳоланки, жорий йилнинг ўзида ушбу кондан 20 миллион тонна руда қазиб олинади. Бу рақам келгуси икки йилда 60 миллион тоннага етади.
Умуман, «Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» конларида 45 миллион тонна мис, 5 минг тоннадан зиёд олтин захираси борлиги таъкидланди. Ушбу захира саноатга камида 100 йилга етадиган кафолатли хомашё базаси бўлади.
Конлардаги молибден, селен, теллур, рений каби ноёб металлар янги инновацион йўналишлардаги лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратади.
3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушганидан кейин Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2 минг 400 тоннадан 5 минг тоннага ошади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 6 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли иш жойига эга бўлади.
Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-кон саноатидаги энг илғор технологиялари жорий қилинмоқда.
Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади. Буларнинг ҳисобига энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга камаяди, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошади.