• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Андижонда кўча безорилари гуруҳи аниқланди, 2 гумонланувчи ушланди


Андижон шаҳрида одамларни дўппослаб, кўча безорилиги билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 10 март куни Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида жиноий гуруҳ фош этилган.

Тергов маълумотларига кўра, Мазкур жиноий гуруҳ етакчиси сифатида Асака туманида туғилган 31 ёшли Исмоилов Муҳаммадумар Бахтиёр ўғли кўрсатилган. Лақаби — «Умар». Муқаддам Жиноят кодексининг 277-(Безорилик), 110-(Қийнаш), 112-(Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва 137-(Одам ўғирлаш) моддалари билан судланган.

Унинг шериги — Избоскан туманида туғилган 33 ёшли Эргашев Элмурод Бегижон ўғли. Лақаби «Элмиш». У муқаддам Жиноят кодексининг 104-(Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 166-(Талончилик), 168-(Фирибгарлик), 266-(Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 277-моддалари (Безорилик) билан судланган.

Маълумотларга кўра, ушбу шахслар ўзларини қонундан устун қўйиб, жамиятдаги юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган, фуқароларга руҳий ва жисмоний босим ўтказиб келган. Улар Андижон шаҳридаги «Гага» номли кафеда пул эвазига фуқаролар ўртасидаги мулкий низоларни «кўча ечими» тарзида ҳал қилиб бергани айтилмоқда.

Хусусан, 23 февраль куни гумонланувчилар ушбу кафега келиб, ходимларни ҳақорат қилган ва 19 ёшли йигитни уриб, унга тан жароҳати етказган. Шунингдек, улар ўзларига таниш бўлган 33 ёшли фуқарони ҳам кафега чақириб, жанжал чиқаргани ва уни кафе хоналаридан бирига олиб кириб дўппослагани маълум қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу гуруҳ ҳаракатларидан жабрланган ёки уларнинг ноқонуний фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлган фуқароларни ишонч телефон рақамлари орқали мурожаат қилишга чақирди. Шахснинг сир сақланиши кафолатланиши таъкидланган.

Маълум қилинишича, Андижон вилоятида «Хавфсиз ва соғлом юрт» профилактик тадбири доирасида уюшган жиноятчиликка қарши қаратилган тезкор тадбирлар давом этмоқда.

Аввалроқ президент оғир жиноятларни содир этиш мақсадида жиноий уюшма тузганлик учун жавобгарликни белгилаш бўйича таклифларни маъқуллаган эди. Шунингдек, безорилик учун жазони кучайтириш ва жанговар спорт турлари бўйича ноқонуний мусобақаларда қатнашганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш белгиланди.

ИИВ маълумотларига кўра, январь-февраль ойларида Ўзбекистонда 45 та уюшган жиноий гуруҳ аниқланди. 116 та товламачилик, 315 та қуролни ноқонуний сақлаш, 86 та қиморхона ташкил этиш, 40 та одам савдоси ва 790 та фоҳишахона сақлаш ҳолатлари фош этилди. Қидирувда бўлган 533 нафар шахс қўлга олинди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *