• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

2,25 млрд долларлик Тошкент-Самарқанд пулли трассаси Сергелидан бошланади


Тошкент-Самарқанд пулли автомобиль йўли Сергели туманидаги Тошкент ҳалқа йўлидан бошланиб, мавжуд трассага параллел тарзда ўтади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг «Автойўлинвест» агентлиги директор ўринбосари Аслиддин Исаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир бу йўналишда транспорт оқими юқори бўлиб, бир кунда 55−60 мингта автомобиль ҳаракатланади.

«Тошкент-Самарқанд пулли автомобиль йўли бугунги кунда энг йирик стратегик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Мазкур автомобиль йўли қурилиши натижасида Тошкентдан Самарқандгача бўлган ҳаракат вақти 2−2,5 соатгача қисқаради», — деди Исаев.

Аслиддин Исаев.

Унинг таъкидлашича, эҳтимолий инвесторлар билан музокаралар якунланган, ҳозирда эса молиялаштириш шартлари бўйича шартнома олди музокаралар олиб борилмоқда.

«Қисқа фурсатларда амалий ишлар, қурилиш ишлари бошланиши режалаштирилмоқда. Мазкур лойиҳага Хитойнинг йирик инвестор компаниялари томонидан қизиқиш билдирилмоқда, яъни дунёнинг топ 100 талик рўйхатига кирадиган компаниялар билан шартнома олди музокаралар олиб борилмоқда», — деди у.

Янги трассада интеллектуал транспорт тизимларини жорий этиш режалаштирилган.

«Ушбу автомагистралда 12 та кириб-чиқиш терминали бўлади. Автомобиль йўли тўлиқ рақамлаштирилган бўлади. Интеллектуал транспорт тизимлари 24/7 режимда ишлайди», — деди агентлик вакили.

Трассага кириш ва чиқиш имконияти ҳақидаги саволга жавоб бериб, у терминаллар ҳайдовчиларга йўлнинг турли нуқталарида магистралга кириш ва чиқиш имконини беришини таъкидлади.

«Ҳа. Йўл Тошкентнинг Сергели катта ҳалқа йўлидан бошланади ва Самарқанд вилоятигача давом этади. У мавжуд трассага параллел равишда тушади», — деди Исаев.

Пулли йўлдан фойдаланиш тарифи ҳозирча белгиланмаган.

«Тариф якуний музокаралар натижасидан, инвесторларнинг таклифларидан ҳам келиб чиқиб белгиланади. Энг асосий томони, якуний нуқтаси ҳам халқимизнинг молиявий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади», — деди у.

Шунингдек, трассани тўлиқ қуриб битказишни кутмасдан, уни босқичма-босқич фойдаланишга топшириш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

«Тадқиқотларимизга кўра, Тошкент шаҳридан Сирдарёгача бўлган участкада энг юқори транспорт оқими мавжуд. Музокаралар давомида инвесторлар билан келишилган ҳолда йўлни босқичма-босқич очиш, яъни фойдаланишга топшириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади», — деди Исаев.

Лойиҳа параметрлари

аслиддин исаев, пуллик ё'ллар, тошкент-самарқанд

Тасдиқланган техник-иқтисодий асосга кўра, Тошкент-Самарқанд пулли автомагистралини қуриш қиймати 2,25 млрд доллар деб баҳоланмоқда.

Лойиҳа йирик муҳандислик ишларини ўз ичига олади. Жумладан, 12 та транспорт ечимлари, 60 та туннелли ўтиш жойи, 91 та кўприк, 16 та йўл ўтказгичи ва 258 та қувурлар (дренаж иншоотлари) қурилиши режалаштирилган.

Трассанинг айрим участкаларида асосни мустаҳкамлаш ишлари ҳам амалга оширилади. Хусусан:

  • 140 км ҳудудда тупроқ мустаҳкамланади;
  • 7,2 км участкада тош тўлдирилган устунлар қўлланилади;
  • 132,8 км масофада эса заиф тупроқ ўрни қум-шағал аралашмаси билан тўлдирилади.

Йўлнинг техник хусусиятлари

  • янги қурилиш — 100%;
  • умумий узунлиги — 282 км (аввал 300 км режалаштирилган);
  • тоифаси — I-а автомагистраль;
  • ҳаракат тасмалари — 6 та;
  • қурилиш муддати — 5 йил;
  • қопламаси — цемент-бетон;
  • лойиҳавий тезлик — 150 км/соат;
  • кутилаётган автомобиль жадаллиги — суткасига 50 мингтагача автомобиль;
  • тўлов ундириш пунктлари — 12 та;
  • йўл бўйи иншоотлари — 6 та (икки тарафда);
  • ўққа тушадиган оғирлик — 13 тонна;
  • тасмалар кенглиги — 3,75 метр;
  • вазн ўлчаш тизими — WIM (динамик тортиш).

Март ойи бошида Ўзбекистон президенти Ўзбекистон президенти ДХШ асосида пулли йўллар тармоғини яратиш лойиҳалари билан танишган эди. 2026 йилда биринчи бундай трасса- Урганч- Хива йўли ишга туширилиши режалаштирилган. 2026 йилда яна учта- Тошкентдан Самарқанд, Андижон ваЧорвоқ йўналишларида йўллар қурилишининг асосий босқичи бошланади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *