• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Қозоғистонда президентлик сайловлари 2029 йилда бўлиб ўтади» — Тоқаев – Gazeta


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев навбатдаги президентлик сайловлари Конституцияда белгиланган муддатга мувофиқ, 2029 йилда бўлиб ўтишини маълум қилди.

«Навбатдаги президентлик сайловлари, кутилганидек, амалдаги Конституцияда белгиланган муддатда — 2029 йилда ўтказилади», — деди Тоқаев 15 март куни бўлиб ўтган конституциявий референдумда овоз берганидан сўнг. У журналистнинг айрим экспертлар конституциявий ислоҳотни ҳокимият транзитига ёки бўлажак президентлик сайловларига тайёргарлик деб ҳисоблаши ҳақидаги саволига шундай жавоб қайтарди.

Тоқаев, шунингдек, вице-президент лавозимининг жорий этилиши бўйича экспертларнинг фикрларига ҳам изоҳ берди.

«Вице-президент лавозими атрофида турли гап-сўзлар юрганидан хабарим бор. Ҳақиқатан ҳам, қатор хорижий мамлакатларда бундай лавозим мавжуд. Айрим экспертлар Қозоғистонда гўёки ҳокимиятдаги рақобат кучайиб, хавотирли тенденциялар ортиб бораётганини тахмин қилмоқда. Бироқ бунинг жамиятга салбий таъсир қилиши борасида хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. Вице-президент лавозимининг таъсис этилиши давлат ҳокимияти институтларини мустаҳкамлайди ва бунга келажакда ишонч ҳосил қилиш мумкин бўлади. Мен президент сифатида ушбу лавозимга, умуман, барча ислоҳотларга катта умид боғлайман», — деди у.

Конституциявий ислоҳотга тайёргарлик ва унинг муҳокамаси нега бунчалик тез ўтгани ҳақидаги саволга Тоқаев янги конституция ғояси 2022 йилдаёқ пайдо бўлганини айтиб, жавоб берди.

«Конституция устида ишлаш узоқ вақт давомида олиб борилди. Биласиз, 2022 йилда конституцияга ўзгартиришлар киритилган эди. Ўшандаёқ янги конституцияни қабул қилиш мумкин эди, лекин биз бундан тийилдик. Ва янги конституция қабул қилиш ғояси туғилди. Мен тахминан икки йил олдин ишга киришган эдим», — деди Қозоғистон президенти.

Унинг сўзларига кўра, у мамлакатга «янги конституция керак» деб ҳисоблаган. «Ишончим комилки, бу прогрессив Қозоғистон конституциясидир. Биз воқеалардан олдинда юришимиз, тараққиёт билан ҳамнафас бўлишимиз керак, ортда қолмаслигимиз лозим», — деб таъкидлади Тоқаев.

Аввалроқ Тоқаев 2029 йилда давлат раҳбари лавозимини тарк этишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай қарор ҳам жамият кутганларига, ҳам унинг шахсий танловига мос келади.

«2029 йилда истеъфога чиқишимни аллақачон эълон қилганман. Чунки бу ҳам халқимнинг талаби, ҳам шахсий қарорим», — деган эди у 2025 йил июнь ойида.

Янги Конституция ҳақида нималар маълум?

15 март куни Қозоғистонда янги конституция бўйича референдум бўлиб ўтди. Фуқаролар битта саволга жавоб берди: «Сиз 2026 йил 12 февралда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги конституцияси лойиҳасини қабул қиласизми?» Шу тариқа, овоз бериш алоҳида ўзгартиришлар учун эмас, балки яхлит ҳужжат учун ўтказилди.

Бу мамлакат асосий қонунининг охирги тўрт йил ичидаги иккинчи бор ўзгаришидир. Бундан олдинги конституциявий ислоҳот 2022 йилда ўтказилганди.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг иштироки 73 фоиздан ошганини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўзгартиришларни фуқароларнинг 87 фоиздан ортиғи қўллаб-қувватлаган.

Қабул қилинган ўзгартиришлар асосий қонун матнининг 84 фоизини қамраб олади. Энг муҳим ўзгаришлар қаторида вице-президент лавозимининг жорий этилиши, бир палатали парламентга ўтиш ва янги маслаҳат органи — Қозоғистон Халқ кенгашининг тузилиши бор.

Конституциянинг янги таҳрири 2026 йил 1 июлдан кучга кириши лозим. У қабул қилинган кун — 15 март — Конституция куни деб эълон қилинди.

Конституцияни ўзгартириш жараёни Тоқаевнинг 2025 йил сентябрь ойида илгари сурган бир палатали парламентга ўтиш ташаббуси билан бошланганди. Орадан бир неча ой ўтиб, ҳукумат ўзгартиришлар конституция матнининг катта қисмига дахл қилишини эълон қилди ва 2026 йил январида конституциявий комиссия тузилди. Комиссия тузилганидан 10 кун ўтиб, референдум учун ҳужжат лойиҳасини тақдим этди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *