Қорақалпоғистон Республикасида йўл қурилиши соҳасидаги коррупциявий ҳолат фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ўзйўлкўприк» кластери давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали мансабдор шахси қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖга «Беруний — Тўрткўл» А380 магистрал йўли қурилиши лойиҳасидаги 5 километрлик иш ҳажмини олиб бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган. У мазкур ишни ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб беришини айтган.

ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс талаб қилинган пулни МЧЖ раҳбаридан олган вақтида ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик) ҳамда 28,211-моддаси (Пора беришга суиқасд) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни бундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Шахснинг сир сақланиши кафолатланиши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ёзида Осиё тараққиёт банки Қорақалпоғистондаги А380 автомобиль йўлининг 87 км қисмини реконструкция қилиш учун $233,1 млн қарз ажратган эди. Лойиҳада узунлиги 75 км бўлган Тўрткўл — Элликқалъа — Беруний янги айланма йўлини қуриш ва мавжуд автомобиль йўлининг 12 км қисмини реконструкция қилиш кўзда тутилган.