Ижтимоий тармоқларда сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида тадбиркорларни ўзларига тегишли реклама ва пешлавҳаларни мажбурий демонтаж қилишга ундаш ҳолатлари кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
«Юксалиш» УМҲ раҳбари Бобур Бекмуродов, мазкур ҳолатга муносабат билдириб, бу жараённинг «қонун устуворлиги доирасида амалга оширилиши лозим»лигини таъкидламоқда.
Ҳаракат раҳбари, бу борада қуйидаги принципиал масалаларга эътибор қаратиш шарт деб ҳисоблайди:
- биринчидан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарори расман эълон қилингандан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган. Бироқ мажбурий демонтаж ишлари ушбу қарор қабул қилинмасдан бир неча ой олдин бошланган эди. Қонун ҳужжатларининг орқага қайтиш кучи йўқ. Илгари ўрнатилган ва ўша давр талабларига жавоб берган пешлавҳаларнинг дахлсизлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланиши лозим.
- иккинчидан, давлатимиз раҳбари томонидан бизнес учун янги мажбуриятларни юклашга мораторий жорий этилган. Дизайн-код талаблари шаҳарсозлик қоидалари сифатида талқин қилинса-да, амалда тадбиркор учун янги стандартдаги воситаларни сотиб олиш — бу қўшимча молиявий юкламадир.
- учинчидан, ҳар қандай мажбурлов чораси, айниқса хусусий мулкка оид бўлса, фақатгина қонуний жучга кирган суд қарори асосида бўлиши шарт. Тадбиркорга «икки кун ичида демонтаж қил» деб талаб қўйиш — бу маъмурий буйруқбозликнинг кўринишидир. Бундай ёндашув бизнес муҳитига ва инвесторларнинг ишончига салбий таъсир ўтказади.
- тўртинчидан, ривожланган давлатларда дизайн-код кескин ўзгарган тақдирда, маҳаллий ҳокимият тадбиркорларга мослашиш учун муддат — «ўтиш даври» беради ёки харажатларнинг бир қисмини субсидия ҳисобидан қоплайди. Бизда эса барча юклама фақат тадбиркор зиммасига тушмоқда.
«Биз масъул идораларни ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишга ва қонунийликни таъминлашга чақирамиз. Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг «белини синдириш» эвазига бўлмаслиги керак.
Шаҳар маъмурияти бизнес билан «буйруқбозлик» тилида эмас, балки тенг ҳуқуқли шериклик ва очиқ мулоқот асосида ишлаши лозим», – дейди Бобур Бекмуродов.