• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига сунъий интеллект ва космик мониторинг жорий этилади



Ўзбекистон президенти 13 март куни қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжат агросекторни рақамлаштириш, «ақлли» хизматлар тизимини яратиш ва фермерларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга қаратилган.

«Агробанк» технологиялар учун маблағ жалб этади

Ҳужжатга кўра, «Агробанк» ўзгаришларнинг асосий драйвери этиб белгиланди. 2026 йилда банк 25 триллион сўм миқдорида қўшимча ресурсларни жалб қилиши керак:

  • 600 миллион доллар — хорижий молия институтларидан;
  • 18 триллион сўм — ички манбалардан.

Банкка 2026 йил якунига қадар мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида агрохизматлар зоналарини ташкил этиш топширилди. Ушбу зоналарда фермерлар агрономлардан бепул маслаҳат олишлари, тупроқ таҳлилини ўтказишлари, «ин-витро» кўчатларига буюртма беришлари ва янги технологияларни ўрганишлари мумкин бўлади.

«Агробанк» зиммасига қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди:

  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда янги замонавий интенсив технологияларни кенг жорий этиш ва стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
  • сунъий интеллект, масофавий мониторинг ва big data технологиялари асосида банк ҳамда қишлоқ хўжалиги хизматларини ишлаб чиқиш.

Космос, дронлар ва сунъий интеллект

Экин майдонларининг ҳолати тўғрисидаги мониторинг маълумотларини (космик маълумотлар, метеорологик шароитлар, ўсимликлар вегетацияси) марказлаштирилган ҳолда таҳлил қилиш учун Қишлоқ хўжалиги мониторинг маркази ташкил этилмоқда. У экинлар ва об-ҳаво ҳолатини таҳлил қилиш учун big data технологияси ҳамда космик суратлардан фойдаланади.

Шунингдек, «Агробанк» қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг аэрокосмик мониторингини кенгайтириш мақсадида «Ўзбеккосмос» агентлиги учун учувчисиз учиш аппаратлари харид қилинишини молиялаштиради.

Бундан ташқари, томонлар сунъий йўлдош ва дронлар ёрдамида олинган маълумотлар асосида пахта ва ғалла етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитлардан мақсадли фойдаланишни мониторинг қилиш тизимини биргаликда жорий этади.

««Агробанк» зиммасига юклатилган яна бир вазифа — қишлоқ хўжалигига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича биттадан пилот лойиҳасини амалга оширишдир: Жиззах вилоятида — боғдорчилик мониторинги, Сирдарё вилоятида эса чорвачилик мониторинги бўйича.

Агрокорхоналар учун банк ва давлат хизматларини сунъий интеллект асосидаги ечимлар билан бирлаштирган мобил илова (SuperApp) ишлаб чиқилади.

Стартапларни қўллаб-қувватлаш: Agro Ventures

«Агробанк» таркибида Agro Ventures шуъба венчур компанияси ташкил этилади. Уни шакллантириш учун 73 миллиард сўм йўналтирилади. Компаниянинг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • 2026−2027 йилларда 10 та агростартапни амалга оширишда кўмаклашиш;

  • Лойиҳаларни жадаллаштириш учун дунёнинг топ 50 талигига кирувчи венчур фондлари билан ҳамкорлик қилиш;

  • Инновацион ғоялар учун ҳакатонлар ўтказиш ва грантлар ажратиш.

Жисмоний шахслар ва деҳқонлар учун имтиёзли кредитлар

Қарор билан уй хўжаликлари ва деҳқон хўжаликларини кредитлашнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Улар анжир, хурмо, олма ва нок етиштириш учун 24 ойлик имтиёзли давр билан 84 ой муддатга (7 йил) йиллик 18 фоиз ставкада кредит олишлари мумкин бўлади.

Фермерларнинг таълими

Ҳужжатда агротехнологияларга ўқитишни трансформация қилиш кўзда тутилган. «Фермерлар мактаби» онлайн ўқув платформасида 40 дан ортиқ янги видеодарс ва онлайн курслар жойлаштирилади, у орқали ҳар йили 15 минг фермер ва деҳқон хўжаликларини ўқитиш режалаштирилган. Сув тежовчи технологияларни қўллашни ўргатувчи «Сувчилар мактаби»да эса йилига 10 мингта фермер хўжалиги таҳсил олади.

Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университети Хитойнинг етакчи қишлоқ хўжалиги университетлари билан қўшма дастурларни жорий қилади.

Бундан ташқари, 2030 йилгача «Агробанк» агросекторда юқори технологиялар ва рақамли платформаларни жорий этиш учун ҳар бири 2 миллиард сўмгача бўлган 10 та грант ажратади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *