• Пн. Апр 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«ЙҲТЭМ — транспорт эмас, аввало, одамлар масаласи». Тошкент ҳокими ўринбосари билан катта интервью


Бир неча йиллик тайёргарлик ишларидан сўнг ниҳоят Тошкентда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) иш бошлади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил декабрдаги қарори билан янги тузилма зиммасига юклатилган салмоқли вазифалар ва ваколатлар рўйхати тасдиқланган.

Бунгача 10 дан ортиқ ташкилот бевосита ёки билвосита бажариб келган вазифаларни бирлаштириб, ЙҲТЭМ пойтахтда йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасида ягона ёндашувни таъминлашга ҳамда асосли ва амалий ечимларни қабул қилишга кўмаклашиши керак. Шаҳар ҳокимиятининг таъкидлашича, ЙҲТЭМнинг асосий устуворлиги, кўпчилик ўйлаганидек, автомобиллар эмас, балки одамлардир.

Cўнгги бир ойда ЙҲТЭМ ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинди. Бунга сабаб — марказ томонидан йўлга қўйилган «Долзарб 90 кун» дастури. Дастур доирасида кўча ва йўлларнинг асфальт қопламаси, йўл чизиқлари, светофорлар, автобус бекатлари янгиланиб, электромобилларни қувватлантириш инфратузилмаси тартибга солинмоқда. Март ойи ўрталарида ЙҲТЭМ ўзининг илк матбуот анжуманини ўтказиб, ўз лойиҳаларини тақдим этди ва фаолиятининг устувор йўналишларини очиқлади.

Gazeta пойтахт ҳокимининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаси бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев билан алоҳида суҳбатлашди (у бу лавозимга декабрь ойи охирида тасдиқланган). Биз ундан ЙҲТЭМ ташкил этилиши билан нималар ўзгариши ҳамда марказ Тошкентнинг қандай муаммоларини ҳал этиши ҳақида сўзлаб беришини сўрадик.

Бу соҳада муаммолар йиғилиб қолган. Шаҳарда ҳалигача транспорт бош режаси йўқ, бош режасиз эса кўча-йўл тармоғи ривожини режалаштириб бўлмайди. Пойтахт бўйлаб (ҳар қандай усулда) ҳаракатланиш тобора қийинлашмоқда, пиёдалар ҳамда шахсий ҳаракатланиш воситалари фойдаланувчилари учун (ҳатто мактаблар ва болалар боғчалари яқинида ҳам) хавфли муҳит юзага келган, жамоат транспорти ҳалигача етарли даражада ривожланмаган, светофорлар иши соз эмас, йўл чизиқлари ва чорраҳалар таъмирга муҳтож, ҳовлилар автомобилларга тўлиб кетган ва ҳоказо.

— Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказини яратиш режалари кўп йиллардан бери айтиб келинади. ЙҲТЭМ лойиҳаси президентга икки йил аввал тақдим этилганди. Марказнинг ишга туширилишига нима сабабдан бунча кўп вақт кетди?

— Умуман олганда, Тошкентда шу пайтгача ЙҲТЭМ бўлмагани ажабланарли. Жаҳон амалиёти — Москва, Дубай, Париж, Лондон ва бошқа кўплаб шаҳарларни олайлик — шуни кўрсатадики, бу шаҳарларда ҳаракатни бошқариш билан полиция эмас, балки транспорт департаменти, ҳаракатни ташкил этиш маркази ёки шунга ўхшаш тузилма шуғулланади. У турлича номланиши мумкин, лекин ҳар доим фуқаролик органи ҳисобланади. Бу орган бутун транспорт тармоғини режалаштириш ва ривожлантириш, йўл ҳаракатини ташкил этиш, жамоат транспорти, такси, автотураргоҳлар, пиёдалар, велосипед ва бошқа инфратузилмаларни бошқариш учун масъул.

Чунки, аслини олганда, одамларнинг ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида жамоат транспортини ривожлантириш, шунингдек, шахсий ва юк транспортининг кўча-йўл тармоғи ҳамда экологияга юкламасини камайтириш — ҳар қандай шаҳарнинг ижтимоий вазифаси.

Лондонда ҳаракатни ташкил этиш: қатнов қисмидаги тушунарли чизиқлар ва йўналиш кўрсаткичлари, сокин ҳаракатланишни назарда тутувчи тезлик, ёрқин ранглар ва чалғитувчи унсурларнинг йўқлиги, кўчани хавфсиз кесиб ўтиш учун тротуарнинг кенгайтирилган қисми, кўтарилган пиёдалар ўтиш йўлаклари, ихчам автотураргоҳлар. Фото: Азамат Атаджанов / Gazeta.

ЙҲТЭМгача бу соҳадаги ваколатлар тарқоқ эди: кимдир йўл ҳаракати хавфсизлиги билан шуғулланган, кимдир транспорт оқимларини лойиҳалаштирган, яна кимдир жамоат транспорти учун масъул эди. Бу эса кўплаб ҳаракатлар бир-бирига мос келмаслигига ва турли муаммоларнинг ечими кечикишига олиб келарди. ЙҲТЭМни ташкил этишдан кўзланган вазифа ваколатларни бирлаштириш, шаҳар транспортига масъул ягона малака ва жавобгарлик марказини яратиш эди. Шунга мувофиқ, 4 декабрь куни президент қарори имзоланди ва ЙҲТЭМ ташкил этилди.

Нима учун бунга шунча кўп вақт кетди? Бу йиллар давомида улкан таҳлилий ишлар амалга оширилди, тадқиқотлар ўтказилди, режалаштириш ва ташкилий ишлар ҳамда идоралараро келишув тартиб-таомиллари бўлиб ўтди. Ваколатларни топшириш ва бюджетни шакллантириш механизмлари аниқланди. Бу анча мураккаб, баъзан эса оғриқли жараён.

ЙҲТЭМ ҳозирча барча ваколатларни олгани йўқ. Хусусан, жамоат транспорти бўйича ваколатлар ва хизмат кўрсатиш сифатини назорат қилиш юридик жиҳатдан Транспорт вазирлиги ихтиёрида қолмоқда. Шунга қарамай, ЙҲТЭМ зиммасида оддий эмас, айтиш мумкинки, биринчи босқич учун салмоқли ҳажмдаги иш бор.

— Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасидаги қайси асосий муаммоларни санаб ўтган бўлардингиз?

— Биринчи рақамли вазифа сифатида пиёдалар хавфсизлигини ошириш, пиёдалар ҳудудларини ташкил этишни тилга олган бўлардим.

Кейингиси — жамоат транспортини ривожлантириш, жумладан, йўналишлар тармоғини, бекатлар тармоғини модернизация қилиш, ҳаракат таркибини янада янгилаш.

Шунингдек, шаҳарда йўл-транспорт ҳодисалари кўрсаткичлари ҳам юқорилигича қолмоқда.

Тошкент маркази. Йўл ҳаракати қоидалари батамом ва оммавий тарзда писанд қилинмаяпти, буни ҳеч ким назорат қилаётгани йўқ. Фото: Азамат Атаджанов / Gazeta.

Ҳар қандай замонавий шаҳарнинг вазифаси — жамоат транспортининг жозибадорлигини ошириш ҳамда кўча ва йўллардаги енгил автомобиллар сонини имкон қадар камайтиришдан иборат. Жаҳон тажрибасида бунга автомобилга эгалик қилиш харажатларини ошириш — пулли автотураргоҳлар, айрим шаҳарларда эса айрим кўчаларга кириш ёки улардан ҳаракатланишни пулли қилиш ҳисобига эришилади.

Лекин автомобилга эгалик қилиш харажатларини оширишга доир ҳар қандай қарорлар жамоат транспортини ривожлантириш чоралари билан бир вақтда амалга оширилиши жуда муҳим. Одамлар учун жамоат транспортида юриш хавфсиз, арзон ва қулай бўлиши лозим.

Дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида янги бир тенденция кузатилмоқда. Илгари уйларни қуришда хонадонлар олдида ҳамда одамлар гавжум бўладиган нуқталарда, албатта, автотураргоҳлар ташкил этилган. Ҳозир эса бунинг акси. Масалан, Лондонда одамларни машина сотиб олишга ундамаслик учун уйларда автотураргоҳлар қуриш тақиқланган. Чунки агар сиз хонадон сотиб олсангиз ва унда автомобиль учун жой бўлса, катта эҳтимол билан машина ҳам сотиб оласиз. Шу тариқа, енгил автомобиллар оқими кўпаяди.

Тошкент ҳам, ўйлайманки, аста-секин шу йўналишда ҳаракатланади. Лекин жамоат транспорти ҳозирча оқсамоқда. Биринчи навбатда, ерусти транспорти. Автобуслар етишмайди, йўналишлар ва бекатлар тармоғи оптималлаштирилмаган, кўплаб кўчалардаги ажратилган йўлаклар эса ишламайди.

Бундан ташқари, кўчаларнинг қатнов қисми эгаллаган майдонни оптималлаштириш керак. Ўйлайманки, ҳозир кўчаларни кенгайтириш билан тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисалари муаммосини ҳал қилиб бўлмаслиги ҳақида умумий тушунча шаклланиб бўлди.

— Афсуски, шаҳар шундай тузилганки, унда автомобилда ҳаракатланиш қулайроқ.

— Бу ҳолат аста-секин ўзгариши керак ва айрим ўзгаришлар аллақачон кўзга ташланмоқда. Президент шаҳарларда устуворлик пиёдаларга берилиши лозимлигини бир неча бор таъкидлаган. Ҳар биримиз, аввало, пиёдамиз. Шаҳар пиёдалар учун қанчалик қулай бўлса, бу экология учун ҳам, аҳолининг ўзи ва саломатлиги учун ҳам, туризм ва бизнес учун ҳам шунчалик яхши бўлади.

абдураҳмон бахтиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йҳтэм, одамлар учун шаҳар, тошкент

Ўзбекистон овози кўчасидаги чорраҳада айланма ҳаракат. Фото: Дилявер Аблякимов / Gazeta.

Бунга Ўзбекистон овози кўчасининг реконструкциясини мисол қилиб келтириш мумкин. Кўчанинг ҳар икки тарафидан биттадан полосага қисқариши борасида хавотирлар кўп бўлганди, лекин кўча сайр учун қанчалик қулай бўлиб қолганига, у ерга қанча одам келаётганига бир қаранг. Авваллари бу кўча ҳам тартибсиз автотураргоҳлар сабабли амалда бир полосали эди, лекин одамлар бу ҳолатга кўникиб, буни сезмай қўйишганди.

Тарас Шевченко кўчасининг ҳаракат учун тўлиқ ёпилган қисми — яна бир мисол. Дастлабки режалар бироз бошқачароқ эди (автобуслар ҳаракатига рухсат бериш режалаштирилганди — таҳр.), бироқ бу кўча ҳам жонланиб, шаҳарнинг турли чеккаларидан одамларни ўзига жалб қила бошлади.

Мамлакатимизда илк бор марказий қисмда автобуслар учун махсус йўлак (BRT — bus rapid transit тамойили асосида — таҳр.) қурилган Шота Руставели кўчаси — бу борада ҳам танқидлар ва хавотирлар кўп бўлди, лекин кўча ҳақиқатан ҳам «юриб кетди». Бу кўча бир вақтлар йўлдош шаҳар бўлган Сергели туманини марказ билан боғлайди. Ушбу йўналишдаги одамлар жамоат транспортини танлай бошлади. ЙҲТЭМ таҳлили шуни кўрсатдики, у ерда автобуслар ҳаракати тезлиги 62 фоизга ошган — бу жуда яхши кўрсаткич.

абдураҳмон бахтиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йҳтэм, одамлар учун шаҳар, тошкент

Шота Руставели кўчасида BRT тамойили асосида ташкил этилган махсус йўлак. Фото: Евгений Сорочин / Gazeta.

У ерда катта ҳажмдаги ишлар қилинди — яшил зоналар қамраб олинди, бинолар фасади янгиланди, пиёдалар йўлаклари тартибга келтирилди — марказий туман бўлишига қарамай, тротуарларда ёритиш тизими ҳам йўқ эди. Бу лойиҳаларнинг барчаси бизга яхши тажриба берди. Яширмаймиз, ютуқлар билан бирга, камчиликлар ҳам бор ва келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик учун уларни инобатга оламиз. Шота Руставели кўчасидаги велойўлаклар бўйича эътирозлар бўлганди (Gazeta бу ҳақда ёзган). Чапга бурилишлар ёпилгани юзасидан мурожаатлар келиб тушяпти. Буларнинг барчаси таҳлил қилиняпти. Бу йил лойиҳа биринчи босқич таҳлилини ҳисобга олган ҳолда Шаҳрисабз, Амир Темур, Мирзо Улуғбек кўчаларида ва бошқа кўчаларда давом эттирилади.

Умуман олганда, дунёда ўзимизникини ихтиро қилмасдан, шунчаки олиб, мослаштириб, жорий қилиш мумкин бўлган тайёр, синалган ва амалда иш берадиган ечимлар кўп. ЙҲТЭМда биз айнан шуни қилмоқчимиз.

— Транспорт бош режаси ўзи нима? Унинг ишлаб чиқилиши ҳақида ҳам кўп йиллардан бери гапириб келинади.

— Транспорт бош режаси — шаҳар бош режасининг бир қисми. Бу транспорт билан боғлиқ барча қарорлар асосланиши керак бўлган таянч ҳужжатдир. У транспорт мажмуасининг барча йўналишлари бўйича жорий вазиятни тавсифлайди ва уларнинг истиқболдаги ривожланишини прогноз қилади: интеллектуал транспорт тизими, жамоат транспорти, транспорт хавфсизлиги, пиёдалар макони, юк ташиш транспорти, юк каркаси, микромобиллик, электр қувватлаш ва автотураргоҳлар инфратузилмаси.

Бундан ташқари, кўча-йўл тармоғини ривожлантириш, шу жумладан, янги объектларни реконструкция қилиш ва қуриш бўйича пухта ўйланган ва асосли қарорлар қабул қилиш учун шаҳарнинг транспорт макромодели ҳам ишлаб чиқиляпти. Макромодель, юқорида айтганимдек, йўл ҳаракатини ташкил этиш, кўчалар ва чорраҳалар геометрияси, светофорларнинг жойлашуви, зарур жойларда уларнинг фазаларини созлаш борасида асосли ўзгартиришлар киритиш имконини беради.

Шундай қилиб, бу, қоида тариқасида, шаҳарнинг ривожланиши, одамлар гавжум бўладиган янги нуқталарнинг пайдо бўлишини ҳисобга олган ҳолда 15−20 йилга мўлжаллаб ишлаб чиқиладиган комплекс стратегик ҳужжатдир. Бизнинг ҳолатда режалаштириш 2045 йилгача мўлжалланган.

Бош режа нафақат Тошкент ва Янги Тошкентни, балки бутун Тошкент агломерациясини ҳам ҳисобга олган ҳолда тайёрланади. Уни шу йилнинг ўзида, ёз охиригача қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Ҳозир биз пудратчини танлаш босқичидамиз. 90 га яқин хорижий ва маҳаллий компанияларга таклифлар юбордик. Сиз ҳақсиз, бош режани ишлаб чиқиш ҳақида бир неча йилдан бери гапириб келинади, бу жараёнга хорижлик мутахассислар жалб этилган ва маълум бир ишланмалар ҳам мавжуд.

Биз транспорт диагностикасини ўтказдик. Одамларнинг шаҳар бўйлаб қандай ҳаракатланишини — пиёда, метро, автобус ёки енгил автомобилда юришини тушуниш мақсадида бош режа ва макромоделни ишлаб чиқиш доирасида ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аҳоли корреспонденцияси (қатновлар — таҳр.) матрицасини тузиш режалаштирилмоқда. Бу жамоат транспорти йўналишлар тармоғини оптималлаштириш ва ҳаракатни ташкил этиш учун муҳим.

Ўйлайманки, сўровлар пиёдалар ҳудудларини ташкил қилишга ҳам, жамоат транспортини яхшилашга ҳам, йўл ҳаракатини ташкил этишни [такомиллаштиришга] ҳам ёрдам берадиган улкан ҳажмдаги фойдали маълумотларни олиш имконини беради. Бу катта иш ва айни пайтда бош режани ишлаб чиқишнинг бир қисмидир.

— ЙҲТЭМ бугунги кунда қандай устувор ва узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширяпти ва режалаштиряпти?

— 2026 йилга мўлжалланган режамиз — транспорт бош режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш. Иккинчи улкан вазифа — шаҳар учун интеллектуал транспорт тизимига (ИТТ) буюртма бериш. Булар — глобал масалалар.

Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун пойтахтнинг энг тирбанд 472 км кўчасини аниқлаб олдик, уларни таҳлил қилдик ҳамда йўл ҳаракатини ташкил этишни яхшилаш, жамоат транспортига устуворлик бериш, йўл қопламасини таъмирлаш, йўл чизиқлари, светофорлар ва белгиларни янгилаш, автобус бекатларини алмаштириш ва автотураргоҳларни тартибга солиш бўйича босқичма-босқич ишларни бошладик.

Февраль ойи охирида ЙҲТЭМ томонидан президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага тақдимот ўтказилганидан сўнг «Долзарб 90 кун» дастурини эълон қилдик. Март ойи давомида дастлабки 100 кмни қамраб олиш режалаштирилганди. Дастур катта ўзгаришларсиз, тезкор бажарилиши лозим бўлган ишларни ўз ичига олади: қишдан кейинги чуқурларни таъмирлаш, йўл чизиқларини янгилаш ва зарур бўлса, уларга тузатишлар киритиш. Мутахассислар жойига чиқиб, вазиятни таҳлил қилади ва ечим таклиф этади. Таклиф тасдиқлангач, мутахассислар кейинги ҳудудда иш бошлайди.

Шу билан бирга, бекат мажмуаларини ягона намуна асосида янгилаш лойиҳаси ҳам давом этмоқда. Биз бутун бекатлар тармоғини — тахминан 2600 та бекат — тўлиқ инвентаризациядан ўтказдик. Натижада кўплаб муаммоларни аниқладик. Маълум бўлишича, айрим бекатлар умуман мавжуд эмас, кўпчилиги ободонлаштиришга муҳтож. Баъзи бекатлар эса (кадастрли ва кадастрсиз) дўконга айлантирилган, аксарияти кечалари ёпиб қўйилади ва бу йўловчиларнинг бекатга киришига тўсқинлик қилади. Тармоқни оптималлаштириш доирасида бекатларнинг бир қисмини бошқа жойга кўчиришга тўғри келади.

Яқинда 460 та бекатдан иборат охирги лот аукционга қўйилди. Лотлар инвесторлар учун, айтайлик, жойлашуви ва реклама жойлаштириш нуқтаи назаридан «жозибали» ва «жозибали бўлмаган» бекатларни ўзида мужассамлаштирадиган тарзда тузилган. Чунки вазифа — қисқа муддатларда бутун бекатлар тармоғини модернизация қилиш. Инвестор ўз маблағлари ҳисобидан бекатларни янгилаши ва кейинчалик уларни шаҳар балансига ўтказган ҳолда хизмат кўрсатишни таъминлаши керак.

— Интеллектуал транспорт тизими ҳақида маълумот берсангиз.

— Интеллектуал транспорт тизими — бу, моҳиятан, турли транспорт воситаларининг ишлашига оид барча маълумотлар жамланадиган ягона платформа. Бу тизимнинг ядроси ЙҲБАТ — йўл ҳаракатини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ҳисобланади. Бу, жумладан, «ақлли», «уланган» светофорлардир. Идеал ҳолатда улар адаптив режимда ишлаши, яъни ўз-ўзини созлаши керак — бу ўзини ўзи ўқитадиган тизим. Идеал ҳолатда шундай. Лекин амалда, албатта, бу одатда автоматик ва қўлда бошқариш режимларининг уйғунлигидан иборат бўлади. ИТТнинг янги авлодлари инсон омилини камайтириш учун сунъий интеллектдан фойдаланади.

ИТТ таркибига одатда 12 тадан 14 тагача қуйи тизим киради: ЙҲБАТдан ташқари, булар жамоат транспортини бошқариш, инфратузилма мониторинги, қоидабузарликларни фото ва видео қайд этиш, юк ташиш каркасини бошқариш — юк транспортини диспетчерлаш, таъмирлаш ишлари, электр қувватлаш инфратузилмаси ҳамда микромобиллик тизимларини ўз ичига олади.

Бу жуда кўп қуйи тизимлардан иборат бўлиб, уларнинг барчаси шаҳар транспортини бошқариш учун зарур. Жаҳон амалиётида бундай тизим беш-етти ва ундан ортиқ йил давомида босқичма-босқич жорий этилади. Бизнинг вазифамиз эса уни анча тезроқ жорий қилишдир.

ИТТни доимий ривожланиб борадиган тирик организмга қиёслаш мумкин. Одатда, у аввалига чекланган функционал билан шаҳарнинг марказий туманларида жорий қилинади, кейин функционаллик кенгайтирилиб, аста-секин бутун шаҳар қамраб олинади.

абдураҳмон бахтиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йҳтэм, одамлар учун шаҳар, тошкент

Сурат: Орифжон Ҳошимов / Gazeta.

Аслида, ИТТ — бу ЙҲТЭМ фаолиятининг асосий воситасидир. У улкан маълумотлар базасини тўплайди, жумладан, унга такси агрегаторлари, каршеринг ва кикшерингдан маълумотлар узатилади. Айнан шу маълумотлар асосида инфратузилмани режалаштириш, жамоат транспортини ривожлантириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

— Шаҳарни ободонлаштириш ва пиёдалаштириш дастурларига батафсилроқ тўхтала оласизми? Президент қарорида бу ҳам ЙҲТЭМ функциялари рўйхатига киритилган.

— Шаҳарни пиёдалаштириш дастури бош режанинг муҳим қисмига айланади. Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби, Тошкентда ҳам жароҳатланиш ва ўлимга олиб келадиган пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда. Шу боис, бу каби ташаббуслар устувор вазифалар сирасига киради, айниқса, масала болаларга тааллуқли бўлса.

Бу йил «Мактабга хавфсиз йўл» лойиҳасини амалга оширишга умид қиляпмиз. Нима қилиш кераклиги аниқ. Шунчаки ишлаш керак. Болаларнинг мактабгача бўлган барча маршрутларини таҳлил қилиб, ҳар бир участкада хавфсизликни ошириш лозим. Қаерда керак бўлса, пиёдалар ўтиш жойини тартибга солинадиган қилиш, баъзи жойларда эса умуман ўтиш жойи қуриш керак. Қаердадир транспорт оқимини секинлаштириш ва ҳоказо. Светофор фазаларини пиёдалар ҳаракатини ҳисобга олган ҳолда созлаш зарур. Бу ҳар бир нуқтада алоҳида ишлашни талаб этади. Ҳар бир чорраҳани таҳлил қилиб чиқишга тўғри келади. Аксарият ҳолларда светофорлар кўчани кесиб ўтиш учун зарур бўлган вақтни ҳисобга олмайди, балки фақат автомобилларга мослаштирилган.

Одатда шаҳарнинг асосий муаммоси — бу тирбандликлар, деб ҳисобланади. Лекин асосий муаммо — айнан пиёдалар хавфсизлигидир. Афсуски, шаҳар пиёдалар учун унчалик қулай эмас. Исталган хорижликдан илк таассуротлари ҳақида сўрасангиз, у сизга Тошкентдаги энг қўрқинчли нарса — кўчани кесиб ўтиш эканини айтади.

абдураҳмон бахтиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йҳтэм, одамлар учун шаҳар, тошкент

Шундоқ ҳам тор кўчалари билан танилган Лондонда пиёдаларга қулайлик яратиш ва хавфсизлигини таъминлаш учун тротуарлар кенгайтирилмоқда. Фото: Азамат Атаджанов / Gazeta.

Яшаш учун энг яхши шаҳарлар — бу пиёдалар ўзларини хавфсиз ҳис қиладиган шаҳарлардир. Дубайда бу доим муаммо бўлиб келган, бироқ вазият аста-секин ўзгармоқда. Москвада ҳам сўнгги йиллардаги ўзгаришлар туфайли аҳвол яхшиланмоқда. Лондон — тўлиқ пиёдалар шаҳри. Париж — пиёдалар шаҳри. Бу йўналишда олдимизда қилинадиган ишлар кўп.

— Пиёдалар хавфсизлиги ҳақида гап кетганда, транспорт воситалари учун рухсат этилган юқори тезликни айтиб ўтмаслик мумкин эмас.

— Сўнгги ўн йилликлардаги жаҳон амалиёти — бу ҳаракат тезлигини пасайтиришдир. Тошкент ва Ўзбекистон ҳам бундан мустасно бўла олмайди. Кўпгина мамлакатларда стандарт шаҳар лимити 50 км/соатни ташкил этади (айланма йўлларда тезлик юқорироқ), бироқ шаҳарлар бу борада янада илгарилаб, паст тезликли ҳудудларни кенгайтирмоқда. Нью-Йоркдаги аксарият кўчаларда тезлик 40 км/соат атрофида, турар жой ва гавжум ҳудудларда эса бундан ҳам паст. Париждаги кўпчилик кўчаларда рухсат этилган тезлик 30 км/соат билан чекланган. Лондон, Вена ва бошқа шаҳарлар ҳақида эса ўзингиз ҳам яхши биласиз. Италиянинг айрим шаҳарларида тезлик 20 км/соат.

Бизда тезликни пасайтириш самара бермаяпти, кўчаларда барибир тез ҳайдашмоқда, деган гапларни тез-тез эшитамиз. Лекин тезликни пасайтиришга турли усуллар билан эришса бўлади. Оқимни секинлаштиришнинг турли усуллари мавжуд, уларнинг айримлари ўша Шота Руставели ва Ўзбекистон овози кўчаларида аллақачон жорий қилинган.

Ҳозир ҳеч кимга юқори тезлик — юқори авария хавфи ва оғир оқибатлар эканини исботлашга ҳожат йўқ. Биз моделлаштириш ва бош режа доирасида бу саволларнинг барчасига жавоб беришни ҳамда қайси кўчаларда қандай тезлик режимлари бўлиши кераклигини аниқ белгилаб қўйишни режалаштиряпмиз.

— Демак, буларнинг ҳаммаси бош режага киритилади?

— Ҳа, ахир бу асосий ҳужжат. Кўплаб таҳлиллар ўтказилади, барча қарорлар реал маълумотларга таянади ва асослаб берилади.

— Микромобилликни қандай ривожлантиришни режалаштириляпсиз?

— Тошкент микромобиллик учун идеал макон — одамларнинг ёши ҳам, иқлим ҳам, рельеф ҳам жуда мос. Велосипед ва самокатлар сезиларли даражада кўпайди, лекин улардан асосан кўнгилочар восита сифатида фойдаланилмоқда. Сафарларнинг 80 фоизи курьерликка тўғри келса, қолгани — шунчаки эрмак. Бу шунчаки ачинарли ҳол.

Аслини олганда, бу катта муаммо, чунки шаҳарда талабга жавоб берадиган инфратузилма йўқ. Элементар боғланганликни таъминлаш учун у тўғри лойиҳалаштирилиши керак. Ҳозир эса, ўзингиз биласиз, йўлаклар кўпинча ҳеч қаерга олиб бормайди, ҳатто баъзида ерости ўтиш жойига бориб тақалади.

Доимий зиддиятлар: бир томонда пиёда, бир томонда учиб келаётган самокат. Пиёдалар йўлагидан юришга қўрқасан, чунки пиёдалар бу ўз ҳудуди деб ҳисоблайди, лекин амалда ундай эмас. «Яндекс» каби илғор агрегаторларнинг самокатларида икки киши минса, буни аниқлайдиган ёки ҳудудларга қараб тезликни чеклайдиган тизимлар бор. Лекин соҳани тартибга солувчи аниқ бир қоида йўқ.

абдураҳмон бахтиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йҳтэм, одамлар учун шаҳар, тошкент

Тошкент марказида тартибсиз қолдирилган самокатлар. Сурат: Дилявер Аблякимов / Gazeta.

ЙҲТЭМга айнан микромобиллик бўйича мутахассислар жалб этилади. Бу соҳа инфратузилмани лойиҳалашни, Йўл ҳаракати қоидаларини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Сиёсат ва қоидаларга ўзгартириш киритиш учун микромобиллик воситалари шаҳар бўйлаб қандай ҳаракатланаётганини кузатиб боришимиз лозим.

— Жамоат транспортини ривожлантириш учун шаҳар қандай ишларни амалга ошириши керак?

— Биринчи босқич — аввало, мавжуд тизимни тартибга солишдир. Ажратилган йўлакларнинг ишлашини таъминлаш, йўналиш ва бекатлар тармоғини оптималлаштириш, меъёрдаги ижтимоий стандартларни ҳамда жамоат транспортининг тезюрар каркасини жорий этиш зарур.

Ижтимоий стандартлар — бу ҳаракатланишнинг ҳаммабоплиги, қулайлиги, хавфсизлигини англатади. Бу одамлар ўз қатновларини бемалол режалаштира олиши, ҳаракат жадвалларига риоя қилиниши каби элементар нарсалардир.

Жамоат транспортини умуман ислоҳ қилиш кераклиги тушунарли. Бу соҳага хусусий ташувчилар кириб келиши лозим. Ҳозирда, моҳиятан, муниципал ташувчи монополияси ҳукмрон, рақобатнинг йўқлиги эса — ҳамиша ёмон. Шу сабабли, ўзининг йўналишлар тармоғига эга хусусий ташувчи пайдо бўлиши керак. Бунинг учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш талаб этилиши мумкин.

2023 йилда илк бор жорий этилган брутто-шартномалар катта ютуқ бўлди (бу шундай иш модели бўлиб, унда шаҳар маъмурияти ташувчига йўналишлар бўйича қатновларни амалга оширгани учун, иш ҳажмидан келиб чиқиб, сифатини назорат қилиш шарти билан ҳақ тўлайди — таҳр.). Бироқ барча афзалликлари билан бирга, унинг салбий томони ҳам бор. Масалан, ташувчи йўловчи оқимидан молиявий манфаатдор бўлмаса, йўловчилар ноқулайликларга дуч келиши мумкин. Кундузги режалар бекор қилинганидан кейинги дастлабки кунларда ҳайдовчилар бекатларда тўхтамай ўтиб кетгани ҳамманинг эсида. Ҳозир ижтимоий тармоқларда автобуслар бекатлардан анча узоқда тўхтаётганидан тез-тез шикоят қилишади. Тўлов қилмайдиган «қуёнлар» ҳам яна бир муаммо.

Балки, ҳам мотивация, ҳам брутто-шартномалар бўлиши учун қандайдир комбинация керакдир, хусусий ташувчи ҳам шундай тажриба бўла олади.

Шаҳар чеккалари ва шаҳар ташқарисида тутиб қолувчи автотураргоҳлар ва транспорт-алмашинув боғламалари бўйича лойиҳа бор. Йўловчиларни ушбу алмашинув боғламаларига етказиш ва у ердан олиб кетиш учун кичик сиғимли автобуслар қатнови йўлга қўйилиши мумкин. Яъни, ўз автобусларига эга бўлган янги йўналишлар тармоғи пайдо бўлади. Балки, улар электрда ҳаракатланар. Буларнинг барчасини бош режада қайд этишимиз керак.

— Ажратилган йўлаклар ишлашига қандай эришиш мумкин?

— Биринчи навбатда, ажратилган йўлакларни ягона стандартга келтириш керак. Кўплаб кўчалардаги йўлаклар ҳисоб-китобларсиз, йўлакларнинг жойлашувини қайта кўриб чиқмасдан чизилган, кўп жойларда кириш ва чиқиш йўллари ноқулай ташкил этилган. Бу эса нафақат автобусларнинг йўлаклардан фойдаланишини, балки маъмурчиликни ва қоидаларга риоя этилиши устидан назоратни ҳам мураккаблаштиради.

абдураҳмон бахтиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йҳтэм, одамлар учун шаҳар, тошкент

Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta.

Барча ажратилган йўлакларни қайта кўриб чиқиш ва инвентаризация қилиш зарур. Уларни ташкил этишда мавжуд йўналишлар сони, йўловчи оқими ва умуман, транспорт ҳаракати ҳисобга олиниши лозим. Шунчаки йўлак чизиб қўйиб, унинг ишлашини кутиб бўлмайди.

Иккинчи масала. Камераларсиз йўлакларнинг ишлашига эриша олмаймиз. Биз қоидабузарликларни қайд этувчи [камераларга эга] бир нечта йўлакни синов тариқасида ишга туширмоқчимиз. Масалан, Москвада ажратилган йўлаклар жуда кўп. Москва ЙҲТЭМнинг айтишича, ҳайдовчилар камералар борлигини ва ишлаётганини ҳис қилиб туриши учун вақти-вақти билан камералар жойини ўзгартириб туришади.

Шунингдек, автобусларга камералар ўрнатиш бўйича пилот лойиҳа бошланди. Бир неча ўнлаб камералар ўрнатилиб, технологиялар синовдан ўтказилмоқда. Бу камералар ажратилган йўлакка чиқиш, тўхташ чизиғини кесиб ўтиш, светофорнинг қизил чироғидан ўтиш каби бир нечта қоидабузарликни назорат қилади. Тезлик эса назорат қилинмайди.

Лекин, айтганимдек, агар ажратилган йўлак нотўғри ташкил этилган ёки камералар нотўғри ўрнатилиб, созланмаган бўлса, қоидабузарликлар ҳам нотўғри қайд этилади. Ваҳоланки, бундай бўлиши керак эмас.

— Чорраҳалар ташкил этилишини қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида гапирдингиз. Айнан нима қилиниши керак?

— Ўзбекистондаги чорраҳаларнинг асосий муаммоларидан бири — бу «ҳимояланмаган» чапга бурилишлардир. Бунда яшил чироқ бир вақтнинг ўзида иккита қарама-қарши йўналишга ҳам ёнади ва ҳайдовчилар бир-бирига йўл бериб «сиқилиб ўтиш»га мажбур бўлади.

Дунёнинг саноқли жойларидагина бундай чорраҳаларни учратиш мумкин, чунки бу усул жуда хавфли ҳисобланади ва буни статистика ҳам тасдиқлайди. Буни жаҳон стандартларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, чорраҳалар геометриясини ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Ҳозирда аксарият ҳолларда бурилиш радиуслари ўнгга юқори тезликда бурилиш имконини беради, бу эса пиёдалар учун хавф туғдиради.

абдураҳмон бахтиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йҳтэм, одамлар учун шаҳар, тошкент

Пиёдалар ўтиш йўлаги 8 та полосадан иборат, кўчанинг қатнов қисми эса — 4 та (икки баробар кам). Чорраҳанинг бундай мутлақо нотўғри ташкил этилиши пиёдалар учун хавф ва ноқулайликлардан ташқари, уни сақлаш учун ҳам харажат талаб қилади, ёз ойларида эса қизиб, ҳавога зарарли моддалар чиқаради. Фото: Азамат Атаджанов / Gazeta.

Юқорида пиёдалар учун мўлжалланган фазаларни қайта созлаш ҳақида ҳам айтиб ўтилди — улар кўчани югурмасдан, бемалол кесиб ўтиш имкониятига эга бўлиши керак.

Умуман олганда, Тошкент кўчалари жуда кенг ва катта захира билан қурилган. Кўп жойларда вазиятни яхшилаш учун бирор нарсани кенг миқёсда қайта қуриш шарт эмас. Чорраҳаларни тартибга солиш, светофорларни созлаш ва тўғри йўл чизиқларини чизишнинг ўзи кифоя.

— Марҳамат қилиб, юк каркаси нима эканини тушунтириб берсангиз.

— Бу юк кўтариш қуввати, экологик тоифаси ва юк турига қараб, юк автотранспортининг шаҳар бўйлаб ҳаракатланишини тартибга солувчи тизим. Асосий мақсад — логистика самарадорлигини ошириш, йўл қопламасининг эскиришини, экологияга салбий таъсирни, шовқин даражасини, кўча-йўл тармоғига тушадиган юкламани ва бошқа салбий омилларни, жумладан, турар жой массивларида камайтиришдан иборат.

Шаҳарга кириш йўлларида ва асосий ички боғламаларда вазнни назорат қилиш махсус шохобчаларини ўрнатиш режалаштирилмоқда. 2026 йилда иккита шундай шохобча қурилиши мўлжалланган. Юк машиналари мажбурий тартибда тарозидан ўтади ва улар учун қатъий ҳаракатланиш йўналишлари белгиланади. Бунинг учун ҳозирда алоҳида регламент ишлаб чиқилмоқда.

— Жамиятда танқидларга сабаб бўлган кўчалар ўртасига тўсиқлар ўрнатиш қарорини изоҳлаб бера оласизми?

— Бу қарор ЙҲТЭМ амалда ташкил этилишидан аввал пиёдаларнинг уриб юборилиши ҳолатларига қарши кураш усули сифатида қабул қилинган. Ва бу айнан шу соҳада илгари мавжуд бўлган фикрлар ва ёндашувлар хилма-хиллигини кўрсатади.

абдураҳмон бахтиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йҳтэм, одамлар учун шаҳар, тошкент

Тўсиқлар кўринишни чеклайди ва пиёдалар учун юқори хавф туғдиради. Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta.

Жамоатчиликдан мурожаатлар келиб тушиши биланоқ, ишлар дарҳол тўхтатилди. Келгусида бу борада ЙҲТЭМ билан келишилади.

Барча қарорлар комплекс тарзда қабул қилиниши, турли ёндашувлар кўриб чиқилиши лозим. Одамларнинг ҳаракатланиш траекторияларини таҳлил қилиш ва пиёдалар учун қулай бўлган жойларда пиёдалар ўтиш йўлакларини ташкил этиш зарур.

Пиёдалар ҳаётини сақлаб қолишнинг асосий усули — бу тўсиқлар ўрнатиш эмас, балки инфратузилма ёрдамида транспорт оқимини секинлаштиришдир. Пиёдаларни эса кўринишни чеклайдиган панжаралар билан эмас, кўча четларидаги буталар ёрдамида йўналтириш мумкин.

— Автомобиллар билан эгаллаб олинган ҳовлилар шаҳар муаммоларидан бирига айланди. Кўплаб ҳайдовчилар автотураргоҳ учун пул тўламаслик мақсадида бегона ҳовлиларга кириб олади. Бу муаммони ҳал қилиш ҳам фаолиятингизнинг бир қисмими?

абдураҳмон бахтиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йҳтэм, одамлар учун шаҳар, тошкент

Тошкент марказидаги автомобиллар билан тўлиб-тошган ҳовлилардан бири. Сурат: Gazeta.

— Ҳа, бу ишимизнинг бир қисми. Автотураргоҳлар маконини, жумладан, ҳовлиларда ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган. У маҳаллалар ичидаги тўхташ жойларини аҳоли билан келишган ҳолда тартибга солишни ҳам, кўп қаватли, шу жумладан, тез барпо этиладиган автотураргоҳларни яратиш масалаларини ҳам қамраб олади.

Ҳовлиларда машина қўйиш учун резидентлик рухсатномаларини бериш ечимлардан бири бўлиши мумкин — бу кўплаб мамлакатларда қўлланади.

Аҳолининг кўча бўйидаги пулли, жумладан, соат 20:00 дан 8:00 гача бепул бўлган автотураргоҳлардан фойдаланиши учун резидентлик рухсатномалари жорий этилганини катта ютуқ деб ҳисоблайман. Бунинг учун нафақат меъёрий-ҳуқуқий базани қабул қилиш, балки давлат тизимлари билан интеграцияни амалга ошириш, «ўйин қоидалари»ни белгилаш, барча алгоритмларни ишлаб чиқиш ва мақбул нархни келишиб олиш керак эди.

ЙҲТЭМдаги ҳар бир лойиҳа шунчаки битта вазифа эмас, балки ўнлаб вазифалардан иборат. Уни амалга ошириш жараёнида маҳаллаларнинг ҳуқуқий чегаралари белгиланмагани маълум бўлди. Шу сабабли, автотураргоҳларни яқин атрофдаги уйларга бириктиришга қарор қилинди. Бундан ташқари, ободонлаштириш билан боғлиқ муаммолар, яшил ҳудудларнинг ноқонуний эгаллаб олиниши каби бошқа масалаларни ҳам ҳал қилишга тўғри келяпти.

— ЙҲТЭМда мутахассислар таркиби қандай шакллантирилади?

— Кадрлар масаласи ҳеч қачон осон бўлмаган. Қолаверса, бундай форматдаги ташкилот аввал мавжуд эмасди. Биз кадрларни қисман икки манбадан шакллантирдик — булар ЙҲХХ ходимлари ва шу соҳада ишлаган транспорт мутахассисларидир.

Хориждан айнан ЙҲТЭМда ишлаш тажрибасига эга бўлган, таъбир жоиз бўлса, «танқидий масса»ни ташкил этувчи мутахассисларни жалб қилишни режалаштирганмиз. Ҳозирда бу борада фаол музокаралар олиб боряпмиз. Уларнинг ёнига Транспорт университети, Архитектура-қурилиш университетидан стажёрлар, ёш мутахассисларни ишга оламиз.

Йўл ҳаракатини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини (ЙҲБАТ) яратиш бўйича мутахассисларни ёллаш юзасидан бир нечта компаниялар билан музокаралар олиб боряпмиз. Ўзбекистон шаҳарларида бундай тизимлар илгари бўлмаган.

ЙҲТЭМ ҳузурида экспертлар кенгашини тузмоқчимиз. У ерга мунозарали масалаларни ҳал қилиш учун жаҳон даражасидаги экспертларни таклиф этишни режалаштиряпмиз. Экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ниҳоятда зарур.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *