Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Орипов истиқомат қилган Тошкент вилояти Қибрай туманидаги хонадон уй-музейга айлантирилди. Дўрмон ижод уйига туташ мазкур ҳовлида Абдулла Орипов 1996—2016 йилларда яшаб, ижод қилган. Шоир таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг март ойида очилган ушбу маскандан Gazeta мухбири Миролим Исажонов репортаж тайёрлади.
Шоир 20 йил яшаган хонадон
Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа ая Мустафоеванинг сўзларига кўра, шоир бу хонадонда 20 йил яшаган. У мазкур уйга кўчиб келгунига қадар оиласи билан бир қанча ижара уйларда истиқомат қилган.
«Абдулла ака билан қариндош бўлганмиз. 1967 йили оила қургач, бир йилдан кейин Тошкентга кўчиб келдик. Икки йил Чилонзордаги уч хонали уйнинг бир хонасида яшадик, қолган хоналарда иккита оила кун кечирган. 1970 йил Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига Марказ-1 да кўп қаватли уйлар қурилди, шундан икки хонаси бизга ҳам насиб этди. Фарзандлар кўпайгани сари хонадон бизга торлик қила бошлади ва ўша «дом»нинг бешинчи қаватидаги беш хонали уйга кўчиб ўтдик. Кейинчалик раҳматли Кибриё опам «Абдулла Қаҳҳорнинг чироғини ёқиб яшайсизлар» дея, ҳовли уйининг ярмини бизга сотди. У ерда салкам 20 йил яшадик», — дейди Ҳанифа ая.
Ҳанифа ая Мустафоева.
«Ҳозир биз турган, яъни уй-музейга айлантирилган хонадон собиқ совет даврида Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларининг оиласи билан бирга яшайдиган хизмат уйи бўлган. Бу ерда биздан аввал Сарвар Азимов истиқомат қилган. Абдулла ака 1996 йилда уюшма раиси этиб тайинлангач, шу уйга кўчиб ўтдик. Бир неча йилдан сўнг Ўзбекистон Қаҳрамони мукофоти билан тақдирланди ва хонадон Абдулла аканинг номига ўтказиб берилди», — дея қўшимча қилди ижодкорнинг турмуш ўртоғи.
Уй-музей ташкил этиш йўлида
Ҳанифа аянинг айтишича, у йиллар давомида умр йўлдоши фойдаланган ҳар қандай буюмни йиғиб, сақлашга ҳаракат қилган ва барчасини халққа тақдим этишни ўз бурчи деб билган.
«Кибриё опам Абдулла Қаҳҳор уй-музейини ташкил этишда жуда қийналган, кўп ташкилотларга мурожаат қилган. Унинг саъй-ҳаракатига гувоҳ бўлганман, бирга турли музейларга борганмиз. Бу ҳам менга бир мактаб бўлган. Абдулла ака ҳеч қачон „Мана буни музейга қўясан“ деган эмас, ўй-хаёлида бундай фикрлар йўқ эди. Музейдаги ҳамма экспонатлар мен учун қадрли, буларни йиллар мобайнида йиғиб, терганман ва сақлаганман», — дейди у.
«Абдулла акадан қолган барча буюмлар тарихи ва уларнинг қанчалик қадрли эканини мендан бошқа ҳеч ким чуқур билмайди. Бу омонатларни музей орқали халққа қайтариш менинг бурчим эди. Шу сабабли уй-музей ташкил қилинишини жуда хоҳлардим ва ҳаракат қилдим. 2022 йил президентимиз имзолаган қарорда бу масала қайд этилди. Айрим сабаблар билан бироз чўзилди ва 2026 йил бошида икки ой давомида уйимиз таъмирланиб, музей ҳолатига келтирилди. Халқимиз ва Абдулла аканинг олдидаги қарзим бажарилди, жуда бахтиёрман», — дейди Ҳанифа ая.
Ашёлар орасида нималар бор?
Музейда шоирнинг асарлари: қўлёзмалар ва китоблар, ҳукумат томонидан берилган турли унвон ва медаллар, кийимлар, тарихий суратлар ҳамда бошқа экспонатларни учратиш мумкин.
«Абдулла акадан, асосан, жуда кўп қўлёзмалар қолди, ҳар битта шеърнинг 5−6 та кўчирилган нусхаси бор, ҳаммаси қўлёзма. У даврда машинкалар бўлмаган, қўлда ёзилган. Айрим шеърлари битган, баъзилари чала, ҳатто ишланиши керак бўлганлари ҳам бор. Музейда фойдаланган буюмлари ҳам жой олган. У кишининг чой ичган пиёласи ҳам тарих ва қадрли ҳисобланади», — дейди Ҳанифа ая.
Ўзбекистон мадҳиясининг мусиқаси ёзилган фортепиано.
Ўзбекистон мадҳиясининг матни ёзилган машинка.
Мадҳия матни муаллифи Абдулла Орипов ҳамда мадҳия мусиқаси муаллифи Мутал Бурхонов.
«Уйимиз январь-февраль ойларида таъмирланди, март ойида музей ҳолатида топширилди. Абдулла акадан қолган нарсаларнинг ҳаммасини ҳали жойлаштирганим йўқ. Музейнинг ўз қоидаларига кўра, барча экспонатларни жой-жойига қўйиб чиқаман. Кўнглимдагидек безатишим учун ҳам вақт кетади. Аммо ҳозир ҳам одамлар келиб, айланиб кетишяпти», — дейди у.
«Америкада ҳам очилаётган уй-музей»
Шоир рафиқасининг таъкидлашича, Абдулла Орипов умрининг сўнгги кунлари ўтган Техас штатидаги хонадонда ҳам уй-музей ташкил этилмоқда.
«2015 йилда Абдулла акани Американинг Техас штатидаги бир клиникага олиб бордик. Ҳьюстон шаҳрида тўртинчи қизимиз Мавлуда оиласи билан яшайди. У ўз ҳовли уйининг иккинчи қаватидан дадаси учун алоҳида бир хона ажратиб, тайёрлаб қўйганди. Ўша хонада икки йил давомида уч ой муддатдан яшаб, даволанди, 200 га яқин шеър ёзди. Америка Абдулла аканинг охирги манзили бўлишини ҳеч ўйламагандик», — дейди Ҳанифа ая.
Шоир ижодхонаси.
Шоир фойдаланган компьютер ва кўзойнак.
Шиор Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан.
«2021 йил Шавкат Мирзиёев қашқадарёликлар билан учрашувда АҚШда ҳам Абдулла аканинг музейини ташкил қилиш ва уни ўзи бошчилигида очиб келиш режаси борлигини айтганди. Бу фикрлар эса менга куч берган. Вақт ўтиб, нафақат бизнинг авлодлар, балки Америкадаги ватандошлар ҳам Абдулла Ориповнинг охирги яшаган манзили қаерда экан, дея қизиқади ва боргиси келади. Шу ниятда Абдулла ака яшаган хонани музейга айлантиришга қарор қилдик. Бу масалада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда АҚШдаги элчихонамиз яқиндан кўмаклашди», — дея қўшимча қилди у.
Унинг қайд этишича, Ҳьюстон шаҳри мэри уйнинг иккинчи қаватини музейга айлантириш бўйича қарор имзолаган ва солиқлардан озод қилган. 2026 йил май ойида музейнинг расмий очилиши режалаштирилмоқда.
Фото









Абдулла Ориповга ҳукумат томонидан берилган мукофотлар ва фаолиятига оид муҳим ҳужжатлар.



Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов билан.

Абдулла Орипов таваллудининг 60 йиллик юбилейида Ислом Каримов томонидан шоирга кийдирилган зар чопон ва дўппи.



2003 йилда Япониянинг Сока университети томонидан берилган фахрий профессор унвони.



Абдулла Ориповнинг кийимлари.

