Миллий дендрология боғи турли иқлим шароитларида ўсадиган дарахтларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш имконини беради. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
У дендрологияни ривожлантириш мамлакат учун амалий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Лойиҳа доирасида бешта иқлим зонаси ҳисобга олинган ҳолда Шимолий Америка, Европа, Марказий Осиё, Осиё ва Узоқ Шарқдан келтирилган дарахтлар экилмоқда. Жами 10 мингдан ортиқ йирик дарахт ва 20 минг туп бута бўлади», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Қўмита раҳбарининг қўшимча қилишича, 100 гектардан ортиқ майдонда янги экотизим шакллантирилиб, табиий муҳитга максимал даражада яқин бўлган аралаш ўрмон барпо этилмоқда.
«Паркда ресторанлар ёки аттракционлар жойлаштириш кўзда тутилмаган — асосий эътибор табиатни асраб қолишга қаратилади», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Ҳудудларда «яшил» техникумлар ташкил этиш, уларнинг қошида эса майдони камида 100 гектар бўлган ботаника ва дендрология боғларини барпо этиш кўзда тутилган.
Қўмита раҳбари, шунингдек, ўсимлик чиқиндиларини қайта ишлашга ўтилиши ҳақида маълум қилди. Бунда дарахт шохлари майдаланиб, мульчага айлантирилади. Худди шундай ёндашув кузда тўкилган баргларга нисбатан ҳам қўлланилади. Компост майдончаларида дарахтларни ўғитлаш учун биогумус шакллантирилади.
Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, мамлакатда кўкаламзорлаштиришга илмий ёндашув жорий этилмоқда.
«Экиш жойидан қатъи назар, тупроқшунослар, иқлимшунослар, дендрологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари иштирокида лойиҳа ишлаб чиқилмоқда, шунингдек, уч йилдан беш йилгача бўлган муддатга суғориш ва парваришлаш тизимлари албатта кўзда тутилмоқда», — дея қўшимча қилди Азиз Абдуҳакимов.
Унинг таъкидлашича, қўшимча равишда кўчатларнинг сақланиши учун жавобгарлик белгиланди. Дарахтлар нобуд бўлган ёки қуриб қолган тақдирда, жавобгарлик чоралари қўлланади.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Тошкент чеккасида Миллий дендрология боғи ташкил этилди, президент унда дарахт экиш жараёнида иштирок этди.
Дендропарк Тошкент вилоятининг Қибрай туманида, Тошкент давлат аграр университети ва Green University яқинида жойлашган. Унинг умумий майдони 108 гектарни ташкил этади. Йил давомида бу ерда in vitro лабораторияси, «илм — лойиҳа — амалиёт» тамойили асосида ишлайдиган доривор ўсимликлар, уруғчилик ва селекция марказлари ишга туширилади.
Ўша куни жами 3000 туп қайрағоч, каштан, қайин, чинор, эман, япон софораси, форзитсия, шарқ туяси, лола дарахти ва мажнунтол каби дарахт кўчатлари экилган.