Тошкентд шаҳрида ҳайвонларга нисбатан навбатдаги шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолати юз берди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда икки фуқаро автомобилини итлар устига ҳайдагани акс этган видео тарқалди. Бошқарма маълумотларига кўра, воқеа 5 апрель куни соат 23:00 атрофида Учтепа туманидаги бозорларнинг бирида содир бўлган.

Итларни автомобилда босиб ўлдирганлар икки қоровул 29 ёшли Т. М. ва 30 ёшли М. Д. экани аниқланди.

Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1,2 млн сўмдан 2,06 млн сўмгача) миқдорда жарима кўзда тутилган.

Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.

Аввалроқ ҳайвонларга нисбатан ваҳшиёна ҳаракатлар тез-тез содир бўлаётгани фонида, фаоллар жазони кучайтириш талаби билан онлайн петицияга имзо тўплашни бошлаган эди.

Экопартия ушбу соҳани тартибга солишда «тизимли ва комплекс ёндашув»ни таъминлаш учун қонун лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилди.

Президент томонидан 25 март куни имзоланган қонунга мувофиқ, 28 июндан бошлаб ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишга оид ўзгартиришлар кучга киради. Ҳайвонларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийнаш ёки уларга азоб бериш учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача этиб белгиланади (ҳозирда — 3 дан 5 бараваргача).

Худди шундай ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, ёхуд вояга етмаган шахс ҳузурида амалга оширилса ёки ҳайвонларнинг ўлимига сабаб бўлса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача (ҳозирда — 5 дан 10 бараваргача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси (ҳозиргидек) билан таҳдид солади.