АҚШ ва Эрон минтақавий воситачилар гуруҳи билан биргаликда урушнинг тугашига олиб келиши мумкин бўлган 45 кунлик эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш шартларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, Axios хабар бермоқда.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, қисман келишувга эришиш имкониятлари юқори эмас, бироқ бу урушнинг кескин кучайиб кетишининг олдини олиш учун «охирги уриниш»дир.
Axios маълумотларига кўра, музокаралар Покистон, Миср ва Туркиядан келган воситачилар орқали, шунингдек, АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи ўртасидаги ёзишмалар воситасида олиб борилмоқда. Америкалик мулозимлардан бирининг айтишича, сўнгги кунларда Трамп маъмурияти Теҳронга бир нечта таклифларни юборган, аммо Эрон ҳукумати уларни ҳали қабул қилмаган.
Axios манбаларининг хабар беришича, муҳокама қилинаётган келишув икки босқични кўзда тутади. Биринчи босқич 45 кун давомида ўт очишни тўхтатишни назарда тутади ва шу вақт ичида урушни бутунлай тўхтатиш бўйича келишувга эришиш режалаштирилган. Агар музокаралар учун кўпроқ вақт талаб этилса, ўт очишни тўхтатиш муддати узайтирилиши мумкин.
Иккинчи босқич урушни тўхтатиш тўғрисидаги келишувдан иборат бўлади. Музокаралардаги воситачиларнинг фикрича, Ҳурмуз бўғозини тўлиқ очиш ва Эрон томонидан бойитилган уран заҳиралари масаласини ҳал қилиш бўйича фақат якуний келишув доирасида келишиш мумкин бўлади.
Axios нашрининг қайд этишича, ушбу икки масала Эроннинг асосий устунлиги ҳисобланади ва воситачилар Теҳрон келишувнинг биринчи босқичидаёқ улар бўйича ҳеч бўлмаганда қисман қадамлар ташлашга тайёрми-йўқми, шуни тушунишга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, улар Трамп маъмурияти Эронга ўт очишни тўхтатиш вақтинчалик эмаслиги ва уруш қайта тикланмаслиги борасида кафолатлар бериши учун амалга ошириши мумкин бўлган ҳаракатлар устида ишламоқда.
Axios маълумотларига кўра, воситачилар Теҳронни яқин 48 соат ичида келишувга эришиш ва кенг кўламли вайронагарчиликларнинг олдини олиш учун охирги имконият экани ҳақида огоҳлантирган. Шу билан бирга, нашрнинг ёзишича, Эрон ҳукумати воситачилар орқали Ғазо ёки Ливандаги каби вазиятга тушиб қолишни истамасликларини очиқ билдирган — у ерларда ўт очишни тўхтатиш фақат қоғозда мавжуд, амалда эса АҚШ ва Исроил истаган вақтда ҳужум қилиши мумкин.
Axios нашрининг қайд этишича, Эрон ҳамон ўта қатъий позицияни эгаллаб турибди ва ҳар қандай ён беришларни рад этмоқда. 5 апрель куни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Ҳарбий-денгиз кучлари Ҳурмуз бўғозидаги вазият «ҳеч қачон» урушдан олдинги ҳолатга қайтмаслигини, айниқса, АҚШ ва Исроил учун шундай бўлишини маълум қилди.
Воқеалар ривожи
22 март куни Трамп агар Теҳрон 48 соат ичида Ҳурмуз бўғозини блокдан чиқармаса, Эрон электр станцияларига зарба бериш билан таҳдид қилди.
27 март куни у зарбаларни аввалига беш кунга, сўнгра 10 кунга кечиктирди ва ўз қарорини АҚШ ва Эрон ўртасида тинчлик музокаралари бошлангани ҳамда улар яхши кетаётгани билан изоҳлади. Теҳрон эса, ўз навбатида, Вашингтон билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилаётганини изчил равишда инкор этмоқда.
31 март куни Трамп журналистларга АҚШ Эронни «жуда тез орада тарк этишини» маълум қилди. У бу воқеа «икки ҳафта, балки икки ёки уч ҳафта ичида» содир бўлиши мумкинлигини айтди, шунингдек, бунинг учун Теҳрон Вашингтон билан келишув тузиши шарт эмаслигини таъкидлади. Ҳурмуз бўғозини очиш масаласини эса у бошқа мамлакатлар зиммасига юклади. «Агар Франция ёки бошқа бирон бир давлат нефть ёки газ олмоқчи бўлса, улар бўғоз орқали ўтади. Улар тўғри ўша ерга боради ва ўзлари ҳақида ўзлари қайғура олади. Ўйлашимча, аслида бу жуда хавфсиз бўлади, лекин бизнинг бунга алоқамиз йўқ. Бўғоз билан нима содир бўлишидан қатъи назар — бизнинг бунга алоқамиз бўлмайди», — деди АҚШ президенти.
1 апрель куни Трамп халққа мурожаат қилиб, Эронга қарши ҳарбий операция «АҚШ ва эркин дунё хавфсизлиги учун» зарурлигини таъкидлади. У АҚШнинг урушдаги мақсадлари «якунланиш арафасида» эканини айтди ва Эронни «тош даврига қайтариш» билан таҳдид қилди. Теҳрон бунга жавобан «янада ҳалокатли ҳаракатлар» қилишга ваъда берди.
4 апрель куни Трамп, агар Эрон келишувга рози бўлмаса, унинг бошига «дўзах ёғдириш» билан таҳдид қилди. «Эронга келишув тузиш ёки Ҳурмуз бўғозини очиш учун ўн кун вақт берганим эсингиздами? Вақт тугамоқда — 48 соатдан кейин уларнинг бошига дўзах ёғилади», — деб ёзди АҚШ президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
5 апрель куни АҚШ президенти Ҳурмуз бўғози очилмаса, Эрон электр станциялари ва кўприкларини вайрон қилиш билан таҳдид қилиб, ҳақоратли сўзлар ишлатилган пост қолдирди. «Сешанба Эронда бир вақтнинг ўзида электр станциялари ва кўприклар куни бўлади. Бунақаси ҳали ҳеч қачон бўлмаган!!! Лаънати бўғозни очинг, ақлдан озган ҳаромилар, акс ҳолда, дўзахда яшайсиз. Кўрасиз ҳали!» — деб ёзди Трамп.
Кейинроқ шу куннинг ўзида Оқ уй раҳбари яна бир пост эълон қилди ва ундан маълум бўлишича, у ўзи белгилаган 10 кунлик муддатни яна бир кунга узайтирган. «Сешанба, Шарқий вақт билан соат 20:00!» — деб ёзди у ҳеч қандай қўшимча изоҳларсиз.
Axios билан суҳбатда Трамп АҚШ Эрон билан «чуқур музокаралар олиб бораётганини» ва келишув сешанба куни белгиланган муддат тугагунга қадар амалга ошиши мумкинлигини айтди. «Яхши имкониятлар бор, лекин агар улар келишувга рози бўлишмаса, мен у ердаги ҳамма нарсани портлатиб юбораман», — деди у.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга зарба беришни бошлади. Теҳрон деярли дарҳол жаҳон нефтининг 15−20 фоизи ва суюлтирилган табиий газининг 30 фоиздан ортиғи ўтадиган Ҳурмуз бўғозини тўсиб қўйди. Кемалар қатновининг тўхташи нефть нархининг кескин кўтарилишига олиб келди.
3 апрель куни АҚШ ракета зарбаси билан Эрондаги Теҳронни мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари билан боғлайдиган энг йирик кўприкни вайрон қилди. Эрон ҳукумати маълумотларига кўра, зарба оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган, ўнлаб киши яраланган. Трамп агар Эрон келишувга рози бўлмаса, «бунинг кетидан яна кўпроғи келишини» маълум қилган.
