Душанба куни Вашингтонда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши фаолиятини расман ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Унда кенгаш ҳамраислари — Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор иштирок этди.
«Ушбу тузилма Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги бизнес алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган самарали майдонга айланиши шубҳасиз. Бунга мамлакатларимиз президентларининг қатъий сиёсий иродаси мустаҳкам замин яратмоқда», — деб ёзди Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида.
Фото: t.me/SShMirziyoyeva
Тадбир бошланишидан олдинги учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасидаги бизнес ҳамкорлигининг асосий масалаларини муҳокама қилди.
Сержио Гор Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу кенгашнинг ишга туширилиши «тижорат дипломатияси туфайли сўнгги бир неча ой ичида шерикликда эришилган ақл бовар қилмас ютуқларнинг юқори нуқтаси» эканини таъкидлади.
«Президент Трамп ноябрь ойида Вашингтонда C5+1 (Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ мулоқот формати — таҳр.) етакчиларини қабул қилганидан бери, Ўзбекистон Америка компаниялари билан юзлаб миллион долларлик шартномалар имзолади», — дея қайд этди у.
Февраль ойида Саида Мирзиёева Сержио Гор иштирокида кенгашнинг илк йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эди.
