Сурхондар вилояти Денов туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

ФВБга 7 апрель куни соат 08:24 да 112 тизимидан Оқтом маҳалласидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. У «КамАЗ» пропан газ ташувчи махсус автомобилдан сиғимга газини қуйиш вақтида содир бўлган портлаш оқибатида келиб чиққан.

Ҳодиса жойига 5 та қутқарув бўлинмалари соат 08:39 да етиб бориб, ёнғин соат 08:42 да ўраб олинган ва соат 10:10 да ўчирилган.

Ёнғин оқибатида 2 нафар фуқаро, шундан бир нафари 10 фоиз, яна бир нафари 3−4 фоиз енгил куйиш тан жароҳати олган. «Уларнинг соғлигига хавф йўқ, аҳволи яхши. Ҳалок бўлганлар йўқ», — дейилади ФВВ хабарида.

Дастлабки маълумотга кўра, сиғимнинг ёрилиши сабаби махсус автомобилдан пропан газини бўшатиш вақтида технологик жараённинг бузилиши деб тахмин қилинмоқда.

Воқеа жойига вилоят ФВБ раҳбар ходимлари, Денов тумани ИИБ, ССБ, «Ҳудудгазтаъминот» раҳбар ва ходимлари чиқишган ҳамда ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.