• Пн. Апр 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қашқадарёда Россия-Украина урушида қатнашган 25 ёшли йигитнинг озодлиги 4 йил 1 ойга чекланди



16 март куни жиноят ишлари бўйича Касби туман (Қашқадарё вилояти) судида Россия-Украина урушида Россия томонидан қатнашган фуқарога ҳукм ўқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.

Суд материалларига кўра, Д.Р. 2022 йил апрель ойида мавсумий ишлаш учун Москвага бориб, таксичилик билан шуғулланган. Шу йил сентябрь ойида полиция томонидан тўхтатилганда, унинг автомашинасида гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган.

У гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдосида гумон қилиниб ушланган ва 2023 йил 16 март куни Москва вилояти Одинцово шаҳар суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Жазони ўташ давомида у 2024 йил 30 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, Россия ва Украина ўртасидаги жанговар ҳаракатларда Россия томонида иштирок этган. У ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, 2025 йил 18 ноябргача урушда қатнашган.

Д.Р. судда айбига иқрорлик билдириб, 2022 йил апрель ойида Россияга ишлаш мақсадида борганини, сентябрь ойида эса полиция томонидан автомашинаси текширилганда гиёҳвандлик воситаси топилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, 2023 йил 16 март куни суд томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган, апелляциядан сўнг жазо 7 йилгача қисқартирилган.

Судланувчининг айтишича, жазони ўташ давомида 2024 йил 30 октябрь куни Россия жазони ижро этиш муассасаси ходимлари унга жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташини айтган ва ҳужжатларга имзо қўйдирган. У рус тилини яхши билмагани сабабли, мазмунини тўлиқ тушунмасдан рус тилидаги ҳужжатга имзо қўйганини билдирган. Кейинчалик самолётда ҳарбий қисмга олиб борилиб, Россия-Украина урушида иштирок этган.

Д.Р.нинг айтишича, у бир йилдан ортиқ вақт ҳарбий қисмда бўлган ва мажбурий равишда жалб этилган. У ҳарбий қисмдан қочиш мақсадида ўзини оёғидан отиб жароҳатлаганини, 2025 йил февраль ойида даволанганини айтган.

Шундан сўнг у ҳарбий қисмдан қочиб, Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган ва улар орқали Ўзбекистонга қайтган. У ДХХга ариза билан мурожаат қилганини, қилмишидан афсусда эканини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради.

Гувоҳлар — судланувчининг отаси Ў.Р., МФЙ раиси ва маҳалладаги ёшлар етакчиси судда Д.Р.нинг Россияда жазо ўташ давомида алданиб полигонга олиб кетилганини айтганини тасдиқлади. Уларнинг билдиришича, у 2025 йил ноябрь ойида полигондан қочиб, Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси орқали ватанга қайтган. Шунингдек, ҳозирда у ижобий томонга ўзгариб, маҳалла тадбирларида фаол иштирок этаётгани қайд этилди.

Суд ҳукмига кўра, Д.Р. Жиноят кодексининг 154-модда 1-қисми (Ёлланиш) ва 154−1-модда 1-қисми (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) билан айбли деб топилди. Жазоларни қисман қўшиш орқали унга узил-кесил 4 йил 1 ой озодликни чеклаш жазоси белгиланди.

Ҳукмга мувофиқ, Д.Р. яшаш жойи ҳудудини иш вақти ва уйга бориб-келишдан ташқари вақтда тарк этмаслиги керак.

Жазо ижросини назорат қилиш туман ИИБ пробация гуруҳи зиммасига юклатилди. Шунингдек, унга масъул ходимлар рухсатисиз вилоят ҳудудидан чиқиб кетмаслик ва яшаш манзилини ўзгартирмаслик мажбурияти юклатилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *