Маданият вазирлиги санъаткорларнинг ҳар бир тўй ёки концерт учун солиққа тортилиши борасидаги қарор лойиҳасига эътирозларини билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Сирожиддин Ўсаров маълум қилди.
Ўзбекистонда 1 сентябрдан санъаткорларнинг барча хизматларини (тўйлардан тортиб концертларгача) Soliq иловасида мажбурий рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда. Мазкур тартибни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Солиқлар «бир хизмат — бир тўлов» тамойили асосида, ҳатто бепул хизмат кўрсатилганда ҳам ундирилиши мумкин.
Маданият вазирлигининг билдиришича, қарор лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилган ва унинг айрим бандлари юзасидан тегишли тартибда Адлия вазирлигига расмий эътирозлар киритилган. Бироқ шунга қарамай, ушбу лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Вазирлик ўз баёнотида бугунги кунда санъаткорлар учун солиқ тўлаш тартиби амалдаги қонунчилик асосида белгилаб қўйилгани ва соҳа вакиллари солиқ тизимидан ташқарида эмаслигини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, амалдаги тартибга кўра, ижодкорлар ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқ ҳамда йиллик даромадларидан 12 фоиз миқдорида даромад солиғини тўлаб келади. Шу муносабат билан, вазирлик ижтимоий тармоқлардаги «санъаткорлар умуман солиқ тўламайди» деган талқинлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмаслигини таъкидлади.
Идора ўз баёнотида, шунингдек, вазирлик ва бошқа давлат органлари томонидан ташкил этилган давлат тадбирлари ҳамда бошқа тадбирларга жалб этиладиган ижодкорлар ва ижрочиларнинг хизмат ҳақлари, гонорарлари қонуний тартибда тўлаб берилиши бўйича ҳам аниқ механизмлар белгиланганини эслатиб ўтди.
«Бу эса соҳада шаффоф молиявий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда», — дейилади баёнотда.
Вазирлик қарор лойиҳасининг айрим бандларига енгилликлар киритиш, амалий қўллаш механизмларини қайта кўриб чиқиш, солиқ миқдорларини тоифалар кесимида адолатли белгилаш, соҳанинг турли иштирокчилари учун табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш ҳамда қатор нормаларни янада аниқлаштириш бўйича таклиф ва эътирозлар билдирган.
Идора ушбу масалада жамоатчилик фикри, ижодкорлар ва соҳа вакилларининг таклифлари муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди.
«Чунки қабул қилинадиган ҳар қандай қарор, аввало, қонунийлик, адолат ва амалий самарадорлик тамойилларига асосланиши керак. Маданият вазирлиги мазкур лойиҳа юзасидан муҳокамаларда конструктив ёндашув тарафдори эканини маълум қилади. Вазирликнинг асосий мақсади бир томондан, соҳада шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, иккинчи томондан эса ижодкорлар фаолияти учун барқарор, адолатли ва амалий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни сақлаб қолишдан иборат», — дейилади муносабатда.
Аввалроқ хонанда Жаҳонгир Отажонов мазкур тартиб юзасидан муносабат билдираркан, даромад солиғи тўлашга тайёр экани, аммо шундан кейин «Ўзбекконцерт» «хонандаларни тинч қўйиши кераклигини» айтганди. «Концерт ёки фалончи амалдорнинг тўйига бориб беринг, дейишмасин. Нега кимнингдир тўйига бепулга боришим керак? Пулини берсин ва солиғини олсин», — деди у.
2025 йилнинг апрель ойида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан бошлаб санъаткорларнинг даромадларини декларациялаш ва солиққа тортиш тартиби кучайтирилиши ҳақида маълум қилганди. Унгача уларга санкцияларсиз декларацияларни тўғри топшириш имконияти берилади.
