• Пн. Апр 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда пулли йўллар тарифлари қандай белгиланади?


Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Ўзбекистонда пулли йўллар тарифлари қандай шакллантирилиши ва улардан фойдаланиш қандай назорат қилиниши бўйича изоҳ берди.

7 апрель куни Сенат мажлисида «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилаётганда сенатор Ўктамжон Охунов тарифларни белгилаш тамойиллари ва маблағлар сарфининг шаффофлиги масаласини кўтарди.

У қонунда пулли йўлларни ташкил қилиш ва улардан фойдаланиш асослари белгиланганини таъкидлади, аммо уларни амалиётда қўллаш бўйича қатор саволлар очиқ қолаётганини қайд этди:

«Пулли йўллар бўйича тўлов миқдорини белгилашда қайси асосий мезонлар инобатга олинади? Тўловлар асоссиз равишда ошириб юборилмаслиги учун қандай чекловлар ва механизмлар мавжуд? Тўловларни табақалаштириш, яъни транспорт тури, вақт ёки кунга қараб фарқлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига хизмат кўрсатиш қандай таъминланади? Пулли йўлларда йиғилган маблағларнинг қандай сарфланаётганлиги бўйича жамоатчилик учун очиқ ахборот тақдим этиладими?» — деб сўради у.

Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов саволга жавоб берар экан, қонуннинг 41-моддасида пулли йўлларни ташкил этиш мезонлари тўлиқ белгиланганини айтди. Шу билан бирга, тарифларни шакллантириш услубиятини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилади.

Унинг сўзларига кўра, тарифлар йўлнинг узунлиги ва жойлашувига қараб белгиланади.

«Агар, айтайлик, туман даражасидаги ҳудудда бўладиган бўлса, биринчи навбатда ўша ердаги ижтимоий ҳолатлардан келиб чиқиб, нархлар белгиланади», — деди қўмита раҳбари.

Шунингдек, унинг айтишича, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон йўллари каби йирик лойиҳаларда тарифлар транзит салоҳияти ва транспорт турига қараб шакллантирилади.

«Бу ерда учта-тўртта минтақадан ўтилади. Бунда асосан транзит потенциалига қараб, транспорт турига қараб — енгил машинами, юк машинами ёки автобусми, унда ташилаётган юкларнинг ҳолати бўйича мезонлар ва табақалаштириш белгиланади», — деди у.

Унинг алоҳида таъкидлашича, операторлар тарифларни ўз хоҳишига кўра ошира олмайди.

«Оператор томонидан тиғиз пайтда ёки ноқулай об-ҳаво шароитида сунъий равишда нарх оширилишига йўл қўйилмайди», — деди идора раиси.

Шаффофлик масаласига тўхталиб, Жамшид Турсунов маблағларни сарфлаш тартиби қатъий тартибга солинишини билдирди. Энг юқори миқдор Вазирлар Маҳкамаси ва Транспорт вазирлиги томонидан белгиланади, бунда шаффофлик таъминланади.

Унинг қўшимча қилишича, бугунги кунда «Shaffof yo‘l» очиқ платформаси ишга туширилган, у ерда лойиҳалар бўйича маълумотлар эълон қилиб борилмоқда.

«Ҳар йили қабул қилинаётган дастурлар объектма-объект киритилиши бошланди ва ўша объектда бугунги ҳолатда онлайн равишда қанақа даражада иш ҳажми бажарилаётгани ва қанчалик миқдорда пул маблағлари ажратилгани ва у пулларнинг сарфланиш динамикасини кўриш имконияти яратиб берилди», — деди у.

Мисол сифатида у Урганч-Хива пулли йўли қурилишини келтирди, унинг боришини ҳам ушбу тизим орқали кузатиш мумкин.

Унинг сўзларига кўра, объектлар ишга туширилгандан кейин тушумларнинг бир қисми йўлларни сақлашга йўналтирилади, қолган қисми эса бюджетга ўтказилади. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида маблағларни тақсимлаш шартномаларда белгилаб қўйилади.

«Ва ушбу маълумотларнинг барчаси „Shaffof yo‘l“ платформаси тизими орқали барчага очиқ тақдим этилади», — деди Турсунов.

Пулли йўллар

Март бошида Ўзбекистон президенти ДХШ асосида пулли йўллар тармоғини яратиш лойиҳалари билан танишди. 2026 йилда биринчи бундай трасса- Урганч- Хива йўли ишга туширилиши режалаштирилган. 2026 йилда яна учта- Тошкентдан Самарқанд, Андижон ваЧорвоқ йўналишларида йўллар қурилишининг асосий босқичи бошланади.

2,25 млрд долларлик Тошкент-Самарқанд янги пулли йўли Сергелидаги Тошкент ҳалқа йўлидан бошланади. Ҳукумат йўлни, аввало, Тошкент-Сирдарё участкасидан босқичма-босқич ишга тушириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Тариф инвесторлар билан музокаралардан сўнг, аҳолининг молиявий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

171 км узунликдаги Тошкент- Ангрен- Қамчиқ пулли йўли қурилиши 3,66 млрд долларга баҳоланмоқда. Янги йўл Тошкент ваАндижон ўртасидаги сафар вақтини 2−2,5 соатгача қисқартиради вамураккаб об-ҳаво шароитида ҳам ишлайди. Лойиҳага Франция, Туркия ва Хитой компаниялари қизиқиш билдирмоқда.

52 км узунликдаги Тошкент-Чорвоқ автомобиль йўли лойиҳаси 3 йил ичида амалга оширилиши режалаштирилган. У қуриб битказилгач, Чорвоқ сув омборига бориш вақти 80 дақиқадан 35 дақиқагача қисқариши мумкин. Protocol Group ва Korea Expressway Corporation билан дастлабки келишувларга эришилди.

Gazeta аввалроқ Урганч — Хива илк пулли йўл лойиҳасида Автойўл тузилмалари бир вақтнинг ўзида буюртмачи, пудратчи ва етказиб берувчи ролларини бажараётгани, бу эса тизимли манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Лойиҳа қиймати 120 млн долларга баҳоланган. Коррупцияга қарши курашиш агентлигида эса ушбу лойиҳа ўрганилаётгани маълум қилинган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *