Ўзбекистонлик шахматчи Мухаммадзоҳид Суяров Германияда 3500 дан ортиқ иштирокчи қатнашган нуфузли Grenke Chess Open 2026 турнирида ғолибликни қўлга киритди.
Grenke Chess Open — дунёдаги энг йирик ва нуфузли шахмат фестивалларидан бири бўлиб, анъанавий тарзда Германиянинг Карлсруэ шаҳрида ўтказилади. Унинг ўзига хос жиҳати — бир майдонда элита гроссмейстерлар ва минглаб ҳаваскорлар иштирок этишидир.
17 ёшли халқаро мастер Суяров (ФИДЕ рейтинги — 2514) классик форматдаги мусобақада (ҳар партия учун 90 дақиқа ва ҳар юриш учун 30 сония қўшимча вақт) иштирок этди. Ўзбекистон вакили турнирни мағлубиятсиз якунлаб, 9 та имкониятдан 8 очко тўплади.
Тўққиз тур якунига кўра, у «A» секциясида қўшимча кўрсаткичлар бўйича рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади ва 20 минг евро миқдоридаги бош совринни қўлга киритди. Таъкидлаш жоиз, у рейтингда ундан юқори бўлган бир қатор гроссмейстерларни ҳам ортда қолдирди.

Grenke Freestyle Chess турнирида (Фишер шахмати, фристайл-шахмат) гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов (7 очко билан 7-ўрин), Нодирбек Якуббоев (11-ўрин, 6,5), Шамсиддин Воҳидов (18-ўрин, 6,5) ва Афруза Ҳамдамова (80-ўрин) иштирок этди. Биринчи ўринни Винсент Кеймер, иккинчи ўринни Максим Вашье-Лаграв, учинчи ўринни эса Магнус Карлсен эгаллади.