Сенатнинг 7 апрелда бўлиб ўтган мажлисида «Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги, «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига оид айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.
Хусусан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш каби қоидабузарликларни кўриб чиқиш ваколати Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимларига берилмоқда.
Шунингдек, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ва «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунларга Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти сифатида қайта ташкил этилиб, қўриқлаш фаолияти соҳасидаги аксарият ваколатлар ва вазифалар ушбу департаментга ўтказилгани сабабли тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга Ўзбекистон Республикасининг алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларида қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини бажаришга рухсатнома бериш ваколатини Миллий гвардиядан Ички ишлар вазирлигига ўтказишни ҳамда қўриқлаш техник воситалари ва тизимларини монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида Ички ишлар вазирлигини хабардор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2025 йил 4 мартдаги қарорига мувофиқ, Миллий гвардия таркибида фаолият юритиб келган Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ички ишлар органлари тасарруфига ўтказилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилди.
