Хива шаҳри жиноят ишлари бўйича суди сурхондарёлик 25 ёшли аёлни ёдгорликни ўпгани учун жаримага тортди. Gazeta ҳужжат билан танишиб чиқди.
Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, 21 февраль куни Хива шаҳридаги «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида бўлган қиз Жума масжиди ёнида жойлашган Хоразм миллий мусиқа санъати арбобларига ўрнатилган ҳайкални ўпган. У ўз хатти-ҳаракатларини видеога олиб, Инстаграмдаги stories’ида эълон қилган.
Судда у айбига иқрор бўлиб, Хивага сайёҳлик мақсадида келганини, пушаймонлигини, ҳомиладорлиги ва оилавий мажбурияти борлигини айтиб, жазони енгиллаштиришни сўраган.
Суд унинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64−1-моддаси 1-қисми (моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлиш) билан квалификация қилди. Жазо тайинлашда айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, оилавий аҳволи, илгари шу каби ҳуқуқбузарликлар содир этмагани инобатга олинди.
Қиз базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари (2,06 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди. Суд қарорига кўра, жарима давлат даромадига тўланиши керак. Ихтиёрий тўлов 15 кун ичида амалга оширилганда сумманинг 50 фоизи, 30 кун ичида эса 70 фоизи тўланишига йўл қўйилади.