Олий Мажлиси Сенати 7 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида «Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади.
Мажлисда сенатор Абдулҳаким Эшмуротов маъруза қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш тартибини тизимли тартибга солишга қаратилган.
Қайд этилганидек, бугунги кунда ўндан ортиқ қонун, президент ҳужжатлари ва ҳукумат қарорларида тегишли нормалар тарқоқ ҳолда, бюджет ҳисобидан тўловларни амалга оширишнинг ягона механизми мавжуд эмас.
Абдулҳаким Эшмуротов. Фото: Сенат
Бундан ташқари, компенсация амалиёти фарқ қилади: Тошкентда зарар махсус жамғармалар орқали, ҳудудларда эса маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, етказилган мулкий зарар учун тўланган компенсацияларни регресс тартибида ундириш асослари ва тартиби қонунчиликда етарлича аниқ белгиланмаган.
Қонунда «зарарни қоплаш», «маънавий зарар», «моддий зарар», «ундирувчи», «ҳудудий компенсация фонди» каби асосий тушунчалар мустаҳкамлаб қўйилган.
Шунингдек, қонунийлик, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, шаффофлик ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принциплари жорий этилмоқда. Тўловлар тўғрисида қарор қабул қиладиган ҳудудий компенсация жамғармалари ва кузатув кенгашларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Компенсация миқдори суд томонидан белгиланади ва пул шаклида тўланади.
Шунингдек, регресс ундирув механизми белгиланмоқда: компенсация тўланганидан кейин давлат зарар етказган мансабдор шахсга нисбатан талаблар қўйиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, ҳисобот бериш тизими ҳам жорий этилмоқда — ҳокимлар ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳар йили маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобот беради, маблағларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар эса давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботга киритилади.
Кузатув кенгашлари қарорлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи алоҳида мустаҳкамланмоқда, ушбу соҳадаги қонунчиликдаги барча ноаниқликлар фуқаролар ва бизнес фойдасига талқин қилинади.
Қонун билан бир қатор кодекс ва қонунларга, шу жумладан Фуқаролик, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларига, суд ҳужжатларини ижро этиш, ерларни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги нормаларга ўзгартишлар киритилмоқда.
Сенаторнинг сўзларига кўра, қонунни ишлаб чиқиш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Латвия, Литва ва бошқа давлатларнинг тажрибаси ўрганилган ва таҳлил қилинган.
«Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланишига доир конституциявий ҳуқуқини таъминлаш ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш имконини беради», — деди Абдулҳаким Эшмуротов.
Зарарни ихтиёрий равишда қоплаш
Сенаторлардан бири қонуннинг 14-моддаси нормасига эътибор қаратди, унга кўра зарарнинг ўрни айбдор шахс томонидан пул маблағларини ундирувчининг банк ҳисобварағига ёки унинг шахсий банк картасига ўтказиш йўли билан ёхуд қонун ҳужжатларида белгиланган тарафларнинг ёзма келишувига мувофиқ бошқа шаклда қопланишига йўл қўйилади.
У бундай келишув қандай расмийлаштирилиши, уни ким тасдиқлаши ва бу тўлов муддатларининг чўзилишига олиб келмаслиги билан қизиқди.
Миржалол Аллақулиев. Фото: Сенат
Адлия вазири ўринбосари Миржалол Аллақулиевнинг тушунтиришича, гап ихтиёрий равишда зарарни қоплаш институтини жорий этиш ҳақида кетмоқда. Унинг сўзларига кўра, ушбу норма томонларга компенсация тартиби тўғрисида мустақил равишда келишиб олиш ва ортиқча маъмурий тартиб-таомиллардан қочиш имконини беради.
«Бундай шартномани расмийлаштириш тартиби томонларнинг ўзлари томонидан белгиланади — Фуқаролик кодекси қоидаларига мувофиқ», — деди у. Шу билан бирга, вазир ўринбосарининг таъкидлашича, битимнинг мавжудлиги жабрланган томонни қонунда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Унинг қўшимча қилишича, амалдаги қонунчиликда аллақачон ундирув тўғрисидаги қарорларни 15 кун ичида мажбурий ижро этиш, ҳужжатларни банкларга топширишда эса кейинчалик дарҳол ижро этиш назарда тутилган.
Агар ихтиёрий равишда қоплаш амалга оширилмаса, қонунда белгиланган тартиблар қўлланилади ва бу ҳеч қандай тарзда фуқароларнинг ҳуқуқларини чекламайди,» — деди Миржалол Аллақулиев.
Ўзбекистон депутатлари ушбу қонунни 2025 йил август ойида қабул қилган эди.
