Associated Press хабарига кўра, Эрон ҳукумати АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Теҳронга қўйилган ультиматум муддати тугаши арафасида барча «ёшларни, спортчиларни, санъаткорларни, талабаларни ва уларнинг устозларини» электр станциялари атрофида «жонли занжир» ҳосил қилишга чақирди.
«Сиёсий қарашлари ёки дидидан қатъи назар, миллий бойлигимиз ва сармоямиз бўлган электр станциялари Эроннинг келажагига ва эронлик ёшларга тегишлидир», — деб баёнот берди ҳукуматнинг ёшлар ва ўсмирлар ишлари бўйича олий кенгаши котиби Алиризо Раҳимий.
AP нашрининг қайд этишича, Эрон илгари ҳам Ғарб билан муносабатлар кескинлашган даврларда ўзининг ядровий объектлари атрофида «жонли занжирлар» ташкил қилган.
Шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ҳам ота-оналарни ўз фарзандларини АҚШ ва Исроил томонидан бир неча бор авиазарбаларга учраган назорат-ўтказиш пунктларини қўриқлашга юборишга чақирди.
Трампнинг ультиматуми
Трамп томонидан Эронга Ҳурмуз бўғозини очиш ва АҚШ билан келишув тузиш учун берилган навбатдаги муҳлат АҚШ шарқий вақти билан сешанба куни соат 20:00 да (Тошкент вақти билан чоршанба куни соат 05:00 да) тугайди.
«Сешанба Эронда бир вақтнинг ўзида ҳам электр станциялари куни, ҳам кўприклар куни бўлади. Бунақаси ҳали ҳеч қачон бўлмаган!!! Лаънати бўғозни очинглар, ақлдан озган ҳаромилар, акс ҳолда, дўзахда яшайсизлар. Ҳали кўрасизлар!» — деб ёзганди АҚШ президенти 5 апрель куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
Душанба куни Оқ уйдаги матбуот анжуманида чиқиш қилган Трамп Теҳронга сўнгги ультиматумини берганини яна бир бор таъкидлади. «Биз уларга эртага шарқий вақт билан соат 20:00 гача муҳлат беряпмиз. Шундан кейин уларда кўприклар қолмайди. Уларда электр станциялари бўлмайди. Тош даври… Мен соат 00:00 га қадар тўлиқ вайрон қилишни назарда тутяпман», — деди у.
Журналистларнинг Эрон кўприклари ва электр станцияларини вайрон қилиш билан боғлиқ таҳдидлари ҳарбий жиноят деб ҳисобланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларига жавобан Трамп шундай деди: «Бу мени ташвишга солмайди. Умид қиламанки, буни қилишимга тўғри келмайди… Биз Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз».
7 апрель куни Трамп Truth Social тармоғида яна бир пост қолдирди ва унда «бугун тунда бутун бир цивилизация йўқ бўлади» деб баёнот берди (катта эҳтимол билан Эронни назарда тутган).
«Бугун тунда бутун бир цивилизация йўқ бўлади ва у энди ҳеч қачон қайта тикланмайди. Бу содир бўлишини истамайман, лекин, эҳтимол, шундай бўлади», — деб ёзди АҚШ президенти. У бугун кечгача Эрондаги «ақллироқ ва унчалик радикал бўлмаган ақл соҳиблари» Вашингтон билан келишиб олишига умид билдирди.
«47 йиллик товламачилик, коррупция ва ўлим, ниҳоят, тугайди. Худо буюк Эрон халқини ўз паноҳида асрасин!» — дея қўшимча қилди Оқ уй раҳбари.
Сулҳ музокаралари
Axios бир неча кун аввал АҚШ ва Эрон бир гуруҳ минтақавий воситачилар билан биргаликда 45 кунлик эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш шартларини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берганди. Музокаралар Покистон, Миср ва Туркиядан келган воситачилар орқали олиб борилмоқда. Нашр маълумотларига кўра, Трамп маъмурияти Теҳронга бир нечта таклифларни тақдим этган.
Axios манбаларига кўра, муҳокама қилинаётган келишув икки босқични назарда тутади. Биринчи босқич 45 кунлик эҳтимолий ўт очишни тўхтатишни ўз ичига олиб, бу вақт давомида урушни якуний тўхтатиш бўйича келишувга эришиш режалаштирилган. Иккинчи босқич эса урушни тўхтатиш тўғрисидаги якуний битим бўлади. Музокаралардаги воситачиларнинг фикрича, Ҳурмуз бўғозини тўлиқ очиш ва Эрон томонидан бойитилган уран захиралари масаласини ҳал қилишга фақат якуний келишув доирасида эришиш мумкин бўлади.
Эроннинг жавоби
Эроннинг IRNA давлат ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Теҳрон душанба куни Вашингтоннинг таклифини рад этди ва урушни тўлиқ ҳамда узил-кесил тўхтатиш тарафдори эканини таъкидлади.
IRNA хабарига кўра, Эрон бунга жавобан тинчлик шартномасини тузиш учун Покистон орқали ўз шартларидан иборат 10 бандлик режани тақдим этган. Ушбу шартлар орасида минтақада ҳарбий ҳаракатларни, жумладан, Исроилнинг Ливандаги ҳужумларини тўлиқ тўхтатиш, Ҳурмуз бўғозида хавфсиз кема қатнови протоколларини ўрнатиш, санкцияларни тўлиқ бекор қилиш ва мамлакатни урушдан кейин тиклаш учун товон пули тўланиши каби бандлар бор.