АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) «Артемида II» миссияси экипажи Ойнинг орқа томони бўйлаб парвоз пайтида олган илк фотосуратларни эълон қилди.
Ой атрофидаги айланиб ўтиш етти соат давом этди. «Орион» коинот кемаси Ой юзасидан тахминан 6400 километр баландликда учиб ўтди. Астронавтлар Ерга нисбатан 406 771 км масофага узоқлашиб, инсон иштирокидаги парвозлар тарихида янги рекорд ўрнатди.
Ойнинг орқа томонидан учиб ўтаётганда экипаж Ой юзасини суратга олди, шунингдек, «Ер ботиши» — «Орион» Ойнинг нариги томонига ўтаётганда Ернинг ой уфқи ортига яшириниши ва коинот кемаси Ойнинг қарама-қарши томонидан чиқиб келаётганда «Ер чиқиши» ҳодисаларига гувоҳ бўлди.
Бундан ташқари, астронавтлар коинот кемаси, Ой ва Қуёш бир чизиққа тизилган пайтда қарийб бир соат давом этган қуёш тутилишини ҳам кузатди.
Фото
6 апрель куни АҚШ шарқий вақти билан соат 18:41 да «Орион» коинот кемаси иллюминатори орқали муҳрланган Ер ботиши. Ернинг қоронғи қисми тун оғушида. Сайёранинг кундузги томонида, Австралия ва Океания минтақаси узра қуюқ булутлар кўриниб турибди.

Тўлиқ қуёш тутилиши — Ой Қуёшни бутунлай тўсиб қўйган. Фотосуратда, шунингдек, юлдузлар ҳам кўриниб турибди; одатда улар Ойнинг ёруғлиги ёнида жуда хира кўринарди, бироқ Ойнинг сояси фонида улар яққол намоён бўлган.

Бу суратда Қуёшнинг Ой ортидан чиқа бошлаши акс этган.

Қуёшни тўсиб турган Ойнинг бир қисми. Чап томондаги ёрқин кумушранг нуқта — Венера сайёраси.

Жанубий қутб — Эйткен ҳавзасининг шарқий чеккаси. Бу Ойнинг орқа томони жанубида жойлашган зарба натижасида ҳосил бўлган ҳавза бўлиб, Ойдаги маълум энг улкан кратер ҳисобланади.

«Артемида II» экипажи Ойнинг орқа томони бўйлаб учиб ўтаётганда, АҚШ шарқий вақти билан соат 19:22 да муҳрланган «Ер чиқиши».

«Артемида II» экипажи — Рид Уайзмен, Виктор Гловер, Кристина Кох ва Жереми Хансен — «Орион» кемаси ичида эсдалик учун суратга тушмоқда.
