Наманган ва Фарғона вилоятларида мансабдор шахслар иштирокидаги коррупция ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.
Наманган вилоятида Наманган тумани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош архитектори оилавий корхона раҳбаридан 1500 доллар талаб қилган. У турар жой биносининг бир қисмида қурилган автоювиш шохобчаси учун лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ҳамда ундан фойдаланишга қўйилган тақиқни олиб ташлашни ваъда қилган.
1 апрель куни у 500 доллар олиб, қолган суммани беришни тезлаштиришни талаб қилган. Тезкор тадбир давомида мансабдор шахс ўз хизмат хонасида яна 1000 доллар олаётган вақтида қўлга олинди.
Қайд этилишича, бундан аввал тадбиркор лойиҳа ҳужжатларисиз автоювиш шохобчаси қургани учун суд қарори билан 43,3 млн сўм миқдорида жарима тўлаган. Шунга қарамай, мансабдор шахс масаланинг қонуний ечимини таклиф қилмаган, дейилади хабарда.
Фарғона вилоятида Қўштепа тумани камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи ўринбосари маҳаллий фуқарони танишлари орқали Андижон вилоятидаги олийгоҳлардан бирининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2000 доллар сўраган.
У пулни олаётган вақтида қўлга олинди.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ хабар берилганидек, прокуратура Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Исомиддин Исмоновга нисбатан жиноят иши қўзғатган эди. У фирибгарлик ва жуда кўп миқдорда пора олиш моддалари бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Кадрларда амалдор пулларни санаётгани, сўнгра доллар купюраларини топширган шахсга: «Бу қарз дейилади. Шунақа нарсаси бор, биласиз-а?» — деб айтгани кўринади.
