Андижон вилояти ҳокими ўринбосари 50 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Идора маълумотларига кўра, давлат хизматчиси хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кирган.

У таниш мансабдор шахслар орқали Бобур шаҳридаги давлат захирасида бўлган 20 сотих ер майдонини аукционга чиқаришни, савдоларда ғолиб бўлишни таъминлашни, ерни аризачи номига расмийлаштиришни ва қурилишга рухсат олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 50 минг доллар талаб қилган, дейилади хабарда.

ДХХ ходимлари ҳоким ўринбосарини ўз уйида пул олаётган вақтда қўлга олди. Идора қўлга олиш ва пулларни топшириш жараёни акс этган видеони эълон қилди. Видеода амалдор пулларни санаётгани, сўнгра долларларни берган шахсга: «Бу қарз дейилади. Шунақа нарсаси бор, биласиз-а?» деб айтгани акс этган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари у билан бирга уйга киришган ва у ерда амалдор олинган пулларни ётоқхонадаги шкафдан олиб чиққан. Купюраларга махсус белги — «пора» сўзи ёзилган бўлган.

Gazeta Андижон вилояти прокуратураси вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Исомиддин Исмановга нисбатан жиноят иши қўзғатганини хабар қилганди. Унга 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин.

Исомиддин Исманов 2025 йилнинг декабрь ойида Андижон вилояти ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган. Бунга қадар у Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаган, жумладан, Тезкор-қидирув департаменти Тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 2022−2025 йилларда эса Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлган.