• Пн. Апр 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Имкон қадар ишончли ўйнадим». Синдаров — Номзодлар турниридаги дуранг ва тайёргарлик жараёнининг сизиб чиққани ҳақида


Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавохир Синдаров 7 апрель куни Кипрда бўлиб ўтган Номзодлар турнирининг саккизинчи турида россиялик Андрей Есипенко билан қайд этилган дурангга изоҳ берди.

Синдаровнинг сўзларига кўра, у рақибидан мустаҳкам ўйин кутган ва эҳтимолий вариантларга олдиндан тайёргарлик кўрган:

«Йўқ, фикримча, у одатдагидек — ўз услубида, жуда ишончли ўйнади. Мен қандайдир мустаҳкам йўналишни кутгандим, лекин кескинроқ вариантларга ҳам тайёр эдим. Ҳа, кечагина унинг каталонча бошланғич ёки $d4, c4$ каби юришларни амалга ошириши мумкинлиги ҳақида ўйлагандим. Якунда дебютдан кейинги позиция худди менинг тайёргарлигимдагидек бўлди — ҳаммаси яхши кетди».

Гроссмейстер, шунингдек, кўп вақт сарфлаган пиёда қурбон қилиш эпизодига батафсил тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, қурбонликдан воз кечиш узоқ давом этадиган ўйинда ноқулай вазиятга олиб келиши мумкин эди, шу сабабли у ташаббусни қўлга олиш учун таваккал қилишга қарор қилган. Синдаровнинг таъкидлашича, шундан сўнг позиция у учун жуда қулай кўриниш олган.

Ўзбекистонлик шахматчи ушбу партияда таваккалчиликка эмас, балки ишончлиликка урғу берганини қайд этди: «Мен иложи борича ишончли ўйнашни хоҳладим. Агар имконият туғилганда, албатта, босим ўтказган бўлардим. Аммо бугун шунчаки мустаҳкам ўйин кўрсатиш керак эди ва бу ўз самарасини берди».

Тайёргарлик жараёнининг бир қисми аввалроқ Lichess платформасида сизиб чиққани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Синдаров буни жиддий муаммо деб ҳисобламаслигини таъкидлади:

«Умуман олганда — йўқ, бу муаммо эмас. Ушбу ёзувларни охирги марта қачон очганимни ҳам эсламайман. Лекин Жаҳон кубоги пайтида мухлисларим менга: „Ҳой, материалларинг махфий эмас экан…“ деб ёзишганди».

Унинг сўзларига кўра, ўшандан бери у «анча эҳтиёткор бўлиб қолган ва бундай таҳлиллардан фойдаланмасликка ҳаракат қилмоқда».

«Агар кимдир уларни кўрган бўлса ҳам, бу катта эҳтимол билан эски вариантлардир. Кимдир буни кўра олгани ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли, чунки мен доим ҳамма нарсани махфий ҳолатда очардим. Аммо у ерда махфийлик режимини икки марта ёқиш керак экан, мен эса буни тез-тез унутиб қўярдим. Балки кимдир вариантларни кўриб қолгандир. Лекин бу мен учун аҳамиятсиз, чунки улар эски тайёргарликлар», — дея тушунтирди Синдаров.

Магнус Карлсен каби жаҳон юлдузларининг эътибори ҳақидаги саволга жавоб берар экан, гроссмейстер ташқи баҳоларга чалғимасликка ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

«Ҳа, ҳозирги иштироким жуда кучли кўринаётганини тушуниб турибман. Аммо бу шунчаки битта турнир… Мусобақа ҳали давом этмоқда ва мен бундай нарсаларга чалғишни истамайман», — деди у.

Якунда у ватандоши Нодирбек Абдусатторовнинг илиқ сўзларига муносабат билдирди. Аввалроқ Абдусатторов Синдаров ушбу турнирда ўзининг асл салоҳиятини кўрсатаётгани ва ғалабага лойиқлигини айтган эди.

«Буни эшитиш жуда ёқимли. Биз ҳақиқатан ҳам бирга ўсдик, кўплаб турнирларда бирга ўйнадик, яқин дўстлармиз… Мен у учун жуда хурсандман — у қаторига учта йирик турнирда ғолиб чиқди. Умид қиламанки, қачондир у ҳам жаҳон чемпиони бўлади», — деди Жавоҳир.

8-тур якунларига кўра (жами 14 турдан иборат), Синдаров ўзининг энг яқин таъқибчиси — Фабиано Каруана билан орадаги фарқни икки очкогача оширди. АҚШ вакили қора доналарда ўйнаб, Ҳикару Накамурага имкониятни бой бериб қўйди.

8 апрель куни бўлиб ўтадиган тўққизинчи турда Синдаров қора доналарда Блюбаумга қарши баҳс олиб боради. Блюбаум ҳозиргача рақиблари билан олти марта дуранг ўйнаган ва бир бор мағлубиятга учраган.

2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелга қадар Кипрда бўлиб ўтмоқда ва унда сайёранинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстери иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) ўзаро кураш олиб боради. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммараджу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс юритиш ҳуқуқини қўлга киритади. Турнирнинг соврин жамғармаси 700 минг еврони ташкил этади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *