Тошкент шаҳри Чилонзор туманида йирик ёнғин содир бўлган «Бешқўрғон» бозори фаолияти вақтинча тўхтатилди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
5 апрель куни бозорда йирик ёнғин содир бўлган. У 2,5 соатга яқинроқ вақт ичида бартараф этилган. Тармоқларда тарқалган видеоларда бозордан одамлар ўз товар ва машиналарини олиб чиқаётганини кўриш мумкин.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган. ФВВ зарар миқдорига аниқлик киритмаган.
Шундан сўнг Тошкент шаҳри ФВББ томонидан мажмуа ҳудуди ва унинг атрофидаги ёнилғи қуйиш шохобчасинтегишли тартибда текширилган.

Текширув давомида заправкада ёнилғи сақлаш сиғимига яқин масофада жойлашган бинодан омборхона сифатида фойдаланилаётгани, савдо комплекси биносидаги мавжуд автоматик ёнғин ўчириш тизими носоз ҳолатда экани ва шунга ўхшаш бир нечта ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилгани аниқланган.
Барча камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар уларнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Аввалроқ ФВВ ёнғин содир бўлган Park in Mall савдо маркази фаолиятини ҳам камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатганди. Ёнғин бинонинг 3-қаватидаги таъмирлаш ишлари кетаётган хонада бошланган. Унинг тепасидаги қаватда эса болалар майдончаси бўлган. Бино расман очилмаган бўлса-да, кафе ва дўконлар ишлаб келган.
31 январда эса Яшнобод туманидаги Aviator савдо мажмуасининг иккинчи қаватида ёнғин содир бўлган. Ҳодиса ортидан жиноий иш очилган, Ўзбекистон бўйлаб шу каби объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини текшириш бошланган.
Ўшанда жиддий қоидабузарлик аниқланса, объектлар фаолияти тўхтатилади, деганди ФВВ. Бундай объектлар, жумладан, уларнинг ходимлари учун асосий талаблар яна бир бор эслатилган.
