АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан икки ҳафталик сулҳга рози бўлганини маълум қилди, бунинг шарти Теҳрон Ҳурмуз бўғозини зудлик билан очишидир.
«Бугун тунда Эронга берилиши режалаштирилган вайронкор зарбани тўхтатиб туриш илтимоси билан менга мурожаат қилган Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва фельдмаршал Осим Мунир билан ўтказилган музокаралар якунларига кўра ҳамда Эрон Ислом Республикаси Ҳурмуз бўғозини ТЎЛИҚ, ЗУДЛИК БИЛАН ва ХАВФСИЗ ШАРТЛАРДА ОЧИШГА розилик берган тақдирда, мен Эронга қилинадиган бомбардимон ва ҳужумларни икки ҳафта муддатга тўхтатиб туришга розиман. Бу икки томонлама ЎТ ОЧИШНИ ТЎХТАТИШ бўлади!» — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
«Бу қарорнинг сабаби шундаки, биз барча ҳарбий вазифаларни аллақачон бажариб ва ортиғи билан адо этдик ҳамда Эрон билан узоқ муддатли ТИНЧЛИК ва Яқин Шарқда ТИНЧЛИК ўрнатиш бўйича якуний келишув устида ишлашнинг жуда илғор босқичида турибмиз», — дея тушунтирди Оқ уй раҳбари.
«Биз Эрондан 10 банддан иборат таклиф олдик ва уни музокаралар учун мақбул асос деб ҳисоблаймиз. Америка Қўшма Штатлари ва Эрон ўртасидаги ўтмишдаги деярли барча баҳсли масалалар бўйича келишувга эришиб бўлинди, бироқ икки ҳафталик муддат келишувни узил-кесил ишлаб чиқиш ва мустаҳкамлаш имконини беради», — дея қўшимча қилди АҚШ президенти.
Трамп ушбу баёнотни Теҳронга Ҳурмуз бўғозини очиш ва АҚШ билан битим тузиш учун берган ультиматум муддати тугашига икки соатдан кам вақт қолганда берди. Келишувга эришилмаган тақдирда, у Эрон кўприклари ва электр станцияларини вайрон қилиб, мамлакатни «тош даври»га қайтаришга ваъда берганди.
АҚШ ва Эрон ўртасида вақтинчалик сулҳ тузиш ташаббуси билан бир неча соат олдин Покистон бош вазири чиққан эди. «Мен президент Трампдан [ультиматум] муддатини икки ҳафтага узайтиришни қатъий сўрайман. Покистон эронлик биродарларидан эзгу ният рамзи сифатида Ҳурмуз бўғозини тегишли икки ҳафталик муддатга очишни чин дилдан илтимос қилади… токи дипломатия минтақадаги узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик йўлида урушни узил-кесил тўхтатишга эришсин», — деб ёзди Шариф Х ижтимоий тармоғида.
CNN хабарига кўра, Оқ уй Исроил ҳам Эрон билан ўт очишни тўхтатиш келишувига қўшилишини маълум қилди.
New York Times нашрининг ёзишича, Эрон олий раҳнамоси ҳам Покистоннинг икки ҳафталик сулҳ тузиш ҳақидаги таклифини маъқуллаган.
Ислом инқилоби қўриқчилри корпусига (ИИҚК) яқин бўлган Fars агентлиги Эрон Миллий хавфсизлик кенгашининг баёнотини эълон қилди:
«Душман [АҚШ ва Исроил] Эрон халқига қарши олиб борган адолатсиз, ноқонуний ва жиноий урушида, шубҳасиз, тарихий ва қақшатқич мағлубиятга учради… Эрон буюк ғалабага эришди ва жиноятчи АҚШни ўзининг ўн банддан иборат режасини қабул қилишга мажбур этди. Ушбу режага кўра, АҚШ Эронга ҳужум қилмаслик, Ҳурмуз бўғози устидан Эрон назоратини сақлаб қолиш, уранни бойитиш ҳуқуқини тан олиш, барча бирламчи ва иккиламчи санкцияларни бекор қилиш, БМТ Хавфсизлик кенгашининг барча резолюцияларини тўхтатиш, товон пули тўлаш, АҚШ ҳарбий кучларини минтақадан олиб чиқиб кетиш ҳамда барча фронтлардаги урушни, жумладан, Ливаннинг қаҳрамон исломий қаршилик ҳаракатига қарши курашни тўхтатиш мажбуриятини олди», — дейилади баёнотда.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи икки ҳафта давомида Ҳурмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш «Эрон қуролли кучлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда ва техник чекловларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши»ни маълум қилди.
Axios мухбири Барак Равиднинг хабар беришича, томонлар ўртасидаги тинчлик музокаралари 10 апрель куни Покистон пойтахти Исломободда бошланади.