Ўзбекистонда спорт нафақат саломатликни мустаҳкамлаш ва юқори натижаларга эришиш омили, балки даромад келтирадиган тўлақонли иқтисодиёт тармоғига айланиши керак. Бу ҳақда 7 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Шу нуқтаи назардан, футбол бўйича миллий чемпионат ўйинларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Айрим ўйинлар иш вақтида ўтказилаётгани сабабли мухлислар ташрифи кутилган даражада эмаслиги айтилди.

Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тур ўйинлари тақвими.Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тур ўйинлари тақвими.

Масъул шахсларга ўйинлар вақтини дам олиш кунлари ёки иш кунлари кечки соат 19:00 дан кейин белгилаш, стадионлар атрофида қўшимча хизматлар, мусиқий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш ва мухлислар учун қулай транспорт қатновини йўлга қўйиш топширилди.

Бундан ташқари, арзон футбол турпакетларини таклиф этиш орқали стадионларга мухлислар ташрифини кескин ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш режа қилинмоқда.

Суперлиганинг бешинчи турида Ўзбекистон стадионларига ташриф буюрувчилар сони. Манба: ПФЛ.Суперлиганинг бешинчи турида Ўзбекистон стадионларига ташриф буюрувчилар сони. Манба: ПФЛ.

Йиғилишда жойлардаги спорт инфратузилмаси ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, ҳудудларда 39 та очиқ ва ёпиқ спорт иншооти таъмирталаб аҳволда бўлгани сабабли тўлиқ ишлатилмаяпти.

Мутасаддиларга бундай объектларни замонавий спорт мажмуаларига айлантириш учун қулай шартларда хусусий шерикликка бериш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан Ўзбекистонда футбол клубларини тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштириш модели жорий этилмоқда. 2026 йилда жамоалар 560 млрд сўм — ҳар бири 35 млрд сўмдан маблағ олади. Шунингдек, улар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бекор қилинади, ижтимоий солиқ ставкаси эса 1% ни ташкил этади. Клубни сотиб олиш истагида бўлган тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилади.