Ўзбекистон сенаторлари 7 апрелда «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда ўзга чиққан сенатор Анвар Туйчиев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий санкциялар миқдори содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда келиб чиқадиган оқибат миқдорига нисбатан мутаносиб эмас эканини таъкидлади.
Анвар Туйчиев. Фото: Сенат
«Атроф-муҳитни ифлослантириш билан боғлиқ айрим турдаги ижтимоий хавфли қилмишлар учун жавобгарлик фақатгина паст миқдорли маъмурий санкциялар билан чегараланган. Бунда, биринчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдорларининг таъсирчанлиги камлиги сабабли улар ўзининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини кўрсата олмаяпти» — деди сенатор.
Унинг мисол келтиришича, дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини рухсатсиз бажарганлик учун 20 млн сўмдан 41 млн сўмгача жарима белгиланган бўлсада, 2025 йилда бу каби ишлар қасддан давом эттирилган ҳамда 300 га яқин ҳолат аниқланган.
«Иккинчидан, маъмурий жарималар мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилиши корхоналар учун муайян бир сезиларли молиявий юклама кўрсатмасдан, уларнинг ҳақиқий мулкдорларида „жазосизлик туйғуси“ шаклланишига олиб келмоқда. Мисол учун, ифлослантирувчи моддаларни нормативдан ортиқча атмосфера ҳавосига чиқариб ташлаётган корхоналар ижро этувчи органига қўлланилган 2,8 млн сўм жаримани тўлаб бериб, ўз фаолиятини гўёки ҳеч нарса бўлмагандек давом эттирмоқда», — дея таъкидлади Туйчиев.
Унинг қайд этишича, бунинг натижасида, кўплаб айрим саноат ва қурилиш корхоналарида «жаримани тўлаш арзонга тушади» деган фикр шаклланмоқда.
Шунингдек, маърузачи, ҳудудлардаги айрим иссиқхоналарда ишлатилиб бўлинган шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси каби чиқиндиларни ёқиш ҳолатлари мавжуд эканини маълум қилди. Бундай чиқиндиларни ёқиш оқибатида атмосфера ҳавоси жиддий равишда ифлосланиб бормоқда.
Таклиф этилаётган қонун президентнинг «Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2025 йил ПФ-217-сонли фармони (5−9-банд) ижросини таъминлаш мақсадида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган.
Ушбу қонун билан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда 2 та қонунга қуйидагича ўзгартириш киритилмоқда.
Жумладан, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун янги моддалар (54−61-моддалар) билан тўлдирилиб, унда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга нисбатан қуйидаги молиявий санкциялар белгиланмоқда. Хусусан:
- дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун (атроф-муҳитга етказилган зарарнинг 3 баравари миқдорида);
- сувларни ифлослантирганлик, шунингдек сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузганлик учун (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 10 баравари);
- дарахтларни ва буталарни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик, шунингдек уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаганлик учун (кам қийматли навлар учун — атроф-муҳитга етказилган зарарнинг 5 баравари миқдорида, қимматбаҳо навлар учун эса 10 баравари миқдорида);
- ифлослантирувчи моддаларни йўл қўйиладиган нормативдан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқариб ташланганлик учун, тоифаларига қараб (атроф-муҳитни таъсир кўрсатишнинг атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 2 бараваридан — 10 баравари миқдорида);
- қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик учун (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 3 баравари миқдорида);
- ёқилғини, моддаларни, материалларни ва чиқиндиларни ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик (жумладан, шина, битум, мазут, плёнка, резина, жун толаси ва бошқалар) ёқиш ҳолати учун (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 5 баравари миқдорида);
- саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун (чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 5 баравари миқдорида) этиб белгиланмоқда. Бунда, юридик шахслар ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олганда, молиявий санкция Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан қўлланилиши, низо мавжуд бўлган тақдирда ёки юридик шахс молиявий санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддатда молиявий санкция суммасини ихтиёрий равишда тўламаган ҳолларда, масала суд тартибида ҳал этилиши қайд этилмоқда.
Молиявий санкциялар қўлланилган айни бир ҳуқуқбузарлик учун қайта маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмаслиги назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) янги қисмлар билан тўлдирилиб, ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ёки қурилмаларда ёқилғини, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларни, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ва чиқиндиларни очиқ аланга олдириб ёқиш, шунингдек, иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида, ёндириш ускуналарида ёки бошқа объектларда ёқилғи сифатида шина, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина ва бошқа шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган чиқиндиларни ёққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бунда, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 25 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда, такроран содир этилса фуқароларга — 25 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50 бараваридан 70 бараваригача жаримага тортилиши белгиланмоқда.
