Ўзбекистон Жиззах вилоятида атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга оширишда иштирок этиш учун Беларусь мутахассисларини жалб қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») матбуот хизмати хабар қилди.
6 апрель куни Минск шаҳрида бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов Беларусь бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич билан музокаралар ўтказди. Томонлар Беларусь АЭСни қуриш ва ишлатиш тажрибаси, шунингдек, юқори даражада ривожланган ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасига эга Островец йўлдош шаҳрини барпо этиш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон делегацияси амалий ҳамкорлик юзасидан аниқ таклифларни илгари сурди. Хусусан, Ўзбекистондаги атом электр станцияси лойиҳасини амалга оширишда беларуслик мутахассисларни техник маслаҳатчи сифатида жалб этиш ташаббуси билдирилди. Шунингдек, Жиззах вилоятида ижтимоий объектлар ва атомчилар шаҳарчаси қурилишига эксперт кўмагини кўрсатишда уларнинг иштирок этиши имкониятлари муҳокама қилинди.
Беларусь томони ушбу таклифларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди ва атом саноати учун зарур бўлган барча инфратузилмани яратиш бўйича тўпланган тажриба билан бўлишиш ниятини тасдиқлади. Музокаралар якунида томонлар Беларус тажрибасини бевосита объектларнинг ўзида ўрганишни давом эттиришга келишиб олди.
7 апрель куни Ўзбекистон делегацияси шаҳар инфратузилмаси ва Беларусь АЭС майдончаси билан батафсил танишиш учун Островец шаҳрига келди.
Беларусь бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларда Беларусь қурилиш ва эксплуатация ташкилотларининг иштирокини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар чоғида бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига нисбатан танқидчилар сони ҳали ҳам анча эканини таъкидлади.
«Ҳақиқатан, биз атом электр станциялари қурмоқчимиз. Пудратчи „Росатом“ бўлади. Қуввати тахминан 2400 МВт, аниқроғи 2110 МВт атрофида. У Фориш туманида — энг чекка ҳудудда қурилади. Лекин ўзингиз айтганингиздек, бизда қарши бўлганлар ҳам ҳали жуда кўп. Ҳозирча электр қуввати етарли, аммо келажакда қўшимча қувват талаб этилади», — деди у.
Бош вазир ўринбосарининг айтишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли тахминан 15 ГВт/соатни ташкил этади (статистика маълумотларига кўра, 2025 йил якунига кўра электр энергияси ишлаб чиқариш 86,7 минг ГВт/соатни ташкил этган, истеъмол эса тахминан 73,1 ГВт/соат бўлиши кутилган).
«Бугунги кунда биз Ўзбекистонда тахминан 15000 МВт⋅соат электр энергияси истеъмол қилмоқдамиз. Ҳозир атом электр станцияси қуриш учун эҳтиёж пайдо бўлди ва шарт-шароитлар яратилмоқда. Маблағимиз бор, қурамиз, лекин албатта мутахассислар керак. Муҳтарам президентимиз Шавкат Миомонович [Мирзиёев] Беларусь мутахассисларини жалб қилишимиз кераклигини айтган. Бизга нейтрал мутахассислар керак — улар бизга тушунтириб беради. Сизларда юқори малакали кадрлар борлигини биламиз. Энг муҳими — улар очиқкўнгил ва ёрдам беришга тайёр, биз шундай фикрдамиз», — деди Раматов.
24 март куни Жиззах вилоятида атом электр станцияси майдонида реактор биноси учун илк бетон ишлари бошланди.
Лойиҳанинг янгиланган конфигурациясига кўра, станция бир майдонда жойлашган тўртта энергия блокидан иборат бўлади: иккитаси ВВЭР-1000 реакторлари (ҳар бири 1 ГВт) билан, яна иккитаси эса РИТМ-200Н реакторлари (ҳар бири 55 МВт) билан. Тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг у йилига тахминан 15,4 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради — бу мамлакатдаги жорий истеъмолнинг 15%дан ортиғини ташкил этади.
Сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Россия Жиззах вилояти Фориш туманида қуриладиган бўлажак атом электр станциясининг конфигурациясини белгилаб берувчи ҳужжатларни имзолаган эди. Томонлар, шунингдек, реакторлар учун ядро ёқилғисини етказиб бериш бўйича келишиб олган. Энергоблокларни ишга тушириш 2029−2035 йилларга мўлжалланган. Кичик ва йирик АЭСларни бир вақтнинг ўзида жойлаштириш натижасида «МВт·с нуқтаи назаридан энг тежамкор вариант» кутилмоқда.
Жиззах вилоятида кичик атом электр станцияси қурилиши давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади, дея октябрь ойида Ўзбекистонда АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Калмуратов маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа қиймати 1 млрд доллардан ошмайди, якуний сумма эса шартномада белгиланади.
Кичик АЭС асосида РИТМ-200Н сув-сув туридаги ядро реактори ётади, у атом музёрар кемаларида қўлланилган, бироқ бундай реакторлар асосида ер устидаги АЭС ҳали қурилмаган ва референт (синовдан ўтган) ҳисобланмайди. Шунингдек, Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб бир майдонда бир вақтнинг ўзида кичик ва йирик АЭС жойлаштириладиган мамлакатга айланади.