Ўзбекистондаги АЁҚШларнинг нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтиши натижасида апрель ойининг дастлабки икки кунида тушум ҳажми ошди. Бу Марказий банк маълумотларидан келиб чиқади.

Март ойида ёнилғи қуйиш шохобчаларининг ўртача кунлик тушуми 102,6 млрд сўмни (шундан нақд пул — 58,1%, нақд пулсиз — 41,9%) ташкил этган бўлса, 1 апрель куни бу кўрсаткич 93,2 млрд сўм, 2 апрелда эса 152,6 млрд сўмга етди.

Ҳозирги вақтда нақд пулсиз тўловларнинг қарийб 90 фоизи амалдаги банк карталари ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолган қисми эса QR тўловлар, Uzcard тўлов операторининг карталари ҳамда ATTO ва Paynet компанияларининг орқали амалга оширилмоқда.

Тўлов усуллари бўйича тақсимот:

  • QR кодлар: 1 апрель — 8,2 млрд сўм, 2 апрель — 7,7 млрд сўм;
  • Moment карталари: 1 апрель — 1,6 млрд сўм, 2 апрель — 3,6 млрд сўм;
  • Ёнилғи карталари: 1 апрель — 2,4 млрд сўм, 2 апрель — 2,5 млрд сўм;
  • Банк карталари: 1 апрель — 80,9 млрд сўм, 2 апрель — 138,6 млрд сўм.

Марказий банкнинг қайд этишича, банклар ва тўлов ташкилотлари кэшбэк дастурлари ҳамда нақд пулсиз тўловлар учун янги воситаларни фаол жорий этмоқда, шунингдек, турли акциялар ўтказмоқда.