9 апрель куни Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишида Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан махсус жиҳозланган поезд ҳаракатланади, деб хабар қилди Тошкент метрополитени матбуот хизмати.

Ушбу поезд тадбир ўтказилиши режалаштирилган «Амир Темур хиёбони» бекатида бир дақиқа тўхтайди.

«Ушбу ташаббус буюк аждодимизга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг яна бир ифодаси бўлиб, йўловчиларда миллий ғурур ва тарихимизга бўлган қизиқишни кучайтиришга хизмат қилади», — дейилади метрополитен хабарида.

Ўзбекистонда апрель ойи Амир Темур ойи деб эълон қилинди. Юбилей муносабати билан Темурийлар даврига бағишланган китоблар нашр этиш, Темурийлар тарихи музейи биносини реконструкция қилиш, шунингдек, ушбу сулола тарихини тизимли ўрганиш ва илмий натижаларни оммалаштириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди.

Почта маркалари, конвертлар ва тақвимлар туркумини яратиш, эсдалик, кумуш ва олтин юбилей тангаларини муомалага чиқариш режалаштирилган.

Юбилей муносабати билан «Амир Темур» тарихий филми экранларга чиқди, уни 120 мамлакатда, улардан 30 тасида катта экранларда намойиш этиш режалаштирилган.