Дональд Трамп Эронни «бутун бир цивилизацияни» йўқ қилиш билан қўрқитиб турган бир пайтда парда ортида фаол дипломатик жараён кетаётган эди. Гарчи АҚШ президентига яқин бўлганлар ҳам бу жараён нима билан якунланишини билмаган бўлса-да, музокараларда илк бор Эрон олий раҳнамоси Можтаба Хоманаий фаол иштирок этди, деб ёзмоқда Axios ўн битта манба билан бўлган суҳбатга таяниб.
Душанба куни, 6 апрелда, Трамп Оқ уйда Пасха байрамига йиғилганлар билан мулоқот қилаётган бир пайтда, АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича «жуда ғазабланган» махсус вакили Стив Уиткофф воситачиларга қўнғироқ қилиб, Эрондан олинган 10 бандли таклифни «ҳалокат» ва «офат» деб атаётганди.
Axios нашрининг ёзишича, шу тариқа тузатишлар киритишнинг «тартибсиз» куни бошланди: покистонлик воситачилар Уиткоффдан олинган янги вариантларни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчига етказар, Миср ва Туркия ташқи ишлар вазирлари эса келишмовчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиларди.
Сешанба оқшомига келиб, икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш бўйича янгиланган таклиф АҚШ томонидан маъқулланди. Қарор Хоманаийнинг қўлида қолган эди, у эса нашр манбаларига кўра, душанба ва сешанба кунлари жараёнда фаол иштирок этган.
Муаммо шунда эдики, Эрон раҳнамосининг иштироки «махфий ва машаққатли» бўлган. Исроил томонидан суиқасд уюштирилиш хавфи туфайли Хоманаий асосан ёзма қайдларни етказиб берувчи курьерлар орқали мулоқот қилган. Axios’нинг икки суҳбатдоши Хоманаийнинг сулҳга рози бўлишини «катта бурилиш» деб атади.
Музокаралар жараёнида Аракчи марказий ролни ўйнади, деб таъкидлайди нашр манбаси. Эрон ташқи ишлар вазири, шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) қўмондонларини ҳам бу келишувни қабул қилишга кўндирган.
Бунда Хитойнинг ҳам ўз ўрни бўлди — у Эрон расмийларига низодан чиқиш имкониятидан фойдаланишни маслаҳат берган.
Сешанба тонгига келиб, томонларга музокараларда силжиш борлиги аён бўлди, бироқ бу Трампнинг Эронга нисбатан янги таҳдидини эълон қилишига тўсқинлик қила олмади. У «бугун тунда бутун бир цивилизация ҳалок бўлади», деб баёнот берди.
Айрим АҚШ ОАВлари бунга жавобан Эрон музокараларни тўхтатгани ҳақида хабар тарқатди, бироқ Axios маълумотларига кўра, бу ҳақиқатга тўғри келмас эди.
Айнан ўша пайтда Венгрияда ташриф билан бўлиб турган АҚШ вице президенти Жей Ди Вэнс ҳам телефон орқали музокаралар олиб борди — у асосан Покистон билан мулоқотда бўлди.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу кун давомида Трамп ва унинг жамоаси билан тез-тез боғланиб турди, шу билан бирга, Тель Авив жараён устидан назоратни йўқотиб қўяётганидан тобора кўпроқ хавотирга туша бошлади.
7 апрель куни АҚШ Шарқий соҳили вақти билан тушга яқин (Тошкент вақти билан тахминан 21:00 да) томонларда «умумий англашув» шаклланди, деб ёзади Axios. Орадан уч соат ўтгач, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Х ижтимоий тармоғида келишув шартларини эълон қилди ва ҳар икки томонни уларни қабул қилишга чақирди. Унинг иккита асосий банди қуйидагича: АҚШ ўз ультиматумини икки ҳафтага кечиктиради, Эрон эса ушбу давр мобайнида Ҳурмуз бўғозини очади.
Трампга унинг уруш тарафдори бўлган иттифоқчиларидан қўнғироқлар ва хабарлар кела бошлади — улар президентни ушбу таклифни рад этишга ундарди. Axios нашрининг қайд этишича, ҳатто Трампнинг энг яқин сафдошлари орасида ҳам шундай чалкашлик ҳукм сургандики, у билан атиги бир-икки соат олдин гаплашган кўпчилик, то Трамп сулҳни қабул қилмагунича, у бу таклифни рад этади деб ўйлаган.
Пентагон эса, ўз навбатида, Трамп ультиматуми тугашига саноқли соатлар қолганда Эрон инфратузилмасини кенг кўламли бомбардимон қилишга тайёргарлик кўраётган эди ва АҚШ президенти қайси қарорга мойиллик билдиришини тушунишга ҳаракат қиларди. «Нима содир бўлиши ҳақида тасаввуримиз йўқ эди. Бу ҳақиқий хаос эди», — деб тан олди АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилларидан бири.
Ўз жавобини эълон қилишидан бироз олдин Трамп Нетаньяҳу билан гаплашиб, ундан ўт очишни тўхтатиш тартибига риоя қилиниши бўйича тасдиқ олди. Шундан сўнг у келишувни якунлаш учун Покистон фельдмаршали Осим Мунир билан суҳбатлашди.
АҚШ қўшинлари Трампнинг постидан 15 дақиқа ўтиб, Эронга зарба беришни тўхтатиш ҳақида буйруқ олди.
Юқори мартабали Исроил мулозимининг сўзларига кўра, Нетаньяҳу АҚШ тинчлик музокараларида Эроннинг ядровий материаллардан воз кечиши, уранни бойитишни тўхтатиши ва баллистик ракеталар таҳдидидан воз кечишини талаб қилишда давом этиши ҳақида ишончли ваъдалар олган.
Axios’нинг қайд этишича, АҚШ ва Эрон ўртасида ҳамон келишмовчиликлар мавжуд ва бу қуролли можаронинг қайта бошланиш эҳтимолини реаллигича қолдирмоқда.