Рақобат қўмитасига кўп квартирали уй-жойлар қурилиши билан боғлиқ муаммолар бўйича 2025 йил ва 2026 йил январь-февраль ойларида жами 2057 та мурожаат келиб тушган, деб хабар бермоқда муассаса матбуот хизмати.
Хусусан, 2025 йил давомида 1700 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўрганишларда уларда қуйидаги муаммолар аниқланди:
- 708 тасида (33,8%) қурувчи корхоналар томонидан кўп қаватли уйда қурилиш ишлари сифатсиз ўтказилган;
- 693 тасида (33,1%) уй-жойлар шартномада белгиланган муддатида топширилмаган;
- 278 тасида (13,5%) кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олинган;
- 27 таси (1,3%) қурилиш билан боғлиқ бошқа масалаларга тааллуқли.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида кўп квартирали хонадонларни харид қилиш борасида 350 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларда ҳам фуқаролар юқоридагидек ҳолатларга дуч келгани билдирилган.
Қўмита томонидан жами мурожаатларнинг 1529 таси ёки 74,3 фоизи ижобий ҳал этилган. Натижада қарийб 24,4 млрд сўм истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Қўмита мисол сифатида келтиришича, фуқаро кўп қаватли уйдан хонадон харид қилиш мақсадида шартнома тузган ва жами 1,4 млрд сўмга яқин маблағ тўлаган. Аммо «С.Р.» МЧЖ хонадонни белгиланган муддатда топширмаган, бундан ташқари, қурилиш сифатсиз бажарилган. Истеъмолчининг Рақобат қўмитасига қилган мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилиб, натижада фуқарога хонадон учун тўланган маблағлари тўлиқ қайтариб берилиши таъминланган.
