Тошкент шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари томонидан ноқонуний диний таълим бериш билан боғлиқ икки ҳолат фош этилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Биринчи ҳолатда, 1992 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган ва ҳозирда пойтахтдаги нодавлат олий таълим муассасасининг 2-босқич талабаси бўлган шахс Янгиҳаёт туманида ижарага олинган хонадонда моддий манфаат эвазига 2014−2021 йилларда туғилган 9 нафар вояга етмаган болага диний сабоқ бериб келгани аниқланган.

Текширувда 49 дона турли диний мазмундаги китоб, 24 дона диний дарслар ёзилган дафтар ва бир дона ноутбук ашёвий далил сифатида олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, болаларга мажбурий равишда сабоқ берилган, айрим ҳолларда эса уларга турли даражада тан жароҳатлари ҳам етказилган. Шунингдек, болалардан 6 нафари 2 ойдан 8 ойгача умумтаълим мактабидаги дарсларга бормаган, аксинча, мажбуран уйда сақланиб, ҳатто уларга кўчага чиқишга ҳам рухсат берилмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан олинган ашёвий далиллар бўйича экспертизалар тайинланган. Шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 229−2-моддаси 2-қисми (Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз вояга етмаган шахсга диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек вояга етмаган шахсга хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Болаларнинг ота-оналарига эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

дхх, ноқонуний диний таълим

Иккинчи ҳолатда эса, мазкур талабанинг нодавлат олий таълим муассасасидаги ўқитувчиси ҳам ижара хонадонда болаларга ноқонуний тарзда диний сабоқ бераётгани аниқланган. 1987 йилда туғилган ушбу шахс ва унинг турмуш ўртоғи 2009−2018 йилларда туғилган 5 нафар болага таълим берган, улар орасида Тожикистон фуқаросининг фарзанди ҳам бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан экспертизалар тайинланиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.