• Пт. Апр 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Банк иловалари учун янги қоидалар асосан янги мижозларга таъсир қилади — Марказий банк


22 апрелдан Ўзбекистонда масофавий молиявий хизматлар хавфсизлигига қўйиладиган янги талаблар жорий этилмоқда. Gazeta банклар ва тўлов сервислари мобил иловалари фойдаланувчиларини қандай ўзгаришлар кутаётгани ҳақида батафсил ёзганди.

Марказий банкнинг аниқлик киритишича, ўзгаришлар асосан банк иловаларининг янги фойдаланувчиларига таъсир қилади.

Регулятор маълумотларига кўра, рўйхатдан ўтиш пайтида маълумотларнинг мувофиқлиги текширилади: телефон рақами, ЖШШИР ва банк картаси бир шахс номига расмийлаштирилган бўлиши керак. Агар маълумотлар мос келса, мижоз хизматлардан ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, Марказий банк аниқлик киритишича, агар телефон рақами яқин қариндошлар — ота-она, турмуш ўртоғи, ака-ука, опа-сингил ёки фарзандлар номига расмийлаштирилган бўлса ҳам, иловалардан фойдаланишга рухсат берилади.

«Агар рақам яқин қариндошингиз номига рўйхатдан ўтказилган бўлса…, иловадан фойдаланишда давом этишингиз мумкин. Яқинлар ўртасида бу тартиб ҳеч қандай муаммо туғдирмайди», — дейилади хабарда.

Чекловлар фақат телефон рақами ёки банк картаси фойдаланувчига алоқаси бўлмаган бегона шахс номига рўйхатдан ўтказилган ҳолларда юзага келиши мумкин. Масалан, рақам мутлақо бегона одам номида бўлса ёки бошқа шахснинг банк картасидан фойдаланилаётган бўлса.

Марказий банк янги қоидалар асосан 22 апрелдан кейин рўйхатдан ўтадиган мижозларга тегишли эканини алоҳида таъкидлади. Амалдаги фойдаланувчилар учун иш тартиби ўзгаришсиз қолади.

«Бу янгилик ҳамма учун амал қиладими? Йўқ. Бу тартиб асосан 22 апрелдан кейин янги рўйхатдан ўтадиганлар учун. Агар сиз аллақачон иловадан фойдаланаётган бўлсангиз — ҳаммаси аввалгидек қолади», — дейилади изоҳда.

Президент ҳузурида 2025 йилнинг ноябрь ойида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда 31 миллиондан ортиқ фуқаро интернетдан фойдаланиши ҳақида маълум қилинганди. Охирги беш йил ичида кибержиноятлар сони 68 бараварга ошган, фақатгина ўтган йилнинг 10 ойи давомида 46 мингдан ортиқ шундай ҳолат аниқланган. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар миқдори эса 1,2 триллион сўмдан ошиб кетган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *