• Пт. Апр 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўша позицияга бормаганим қанчалик аҳмоқлик бўлганини тушундим». Жавоҳир Синдаров — бой берилган ғалабаси ҳақида


Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнирининг тўққизинчи турида Маттиас Блюбаумга қарши кечган ва ғалабали вариантни қўлдан чиқарган партияси ҳақида фикр билдирди.

Шахматчининг айтишича, унинг қарорига турнир жадвалидаги ҳолати ва янада ишончлироқ ўйнаш истаги таъсир қилган. У турнир бошида бўлганида кўпроқ жасорат кўрсатган бўлиши мумкинлигини билдирди.

«Менимча, биз биринчи турда ўйнаганимизда, бу йўлни топган бўлардим. Аммо бугун иложи борича пухта ўйнашга ҳаракат қилдим. Эндшпилда шунчаки битта пиёда ютиб олдим ва шу руҳда давом этмоқчи эдим, лекин унинг f5 юришини бутунлай кўздан қочирибман. Бу юриш жуда кучли бўлиб чиқди», — деди Синдаров Chess24`га берган интервьюсида.

Гроссмейстер ўз услубига кўпроқ мос келадиган кескин ўйин ўрнига эндшпилни танлаганидан афсусда эканини қўшимча қилди: «Шундан сўнг ўша позицияда ўйнамаганим нақадар аҳмоқлик бўлганини тушундим. Фарзинлар иштирокидаги вариантни назарда тутяпман — ахир бу менинг услубим-ку».

Партиядан кейинги таҳлиллар оқлар учун парадоксаль ғалабали юриш борлигини кўрсатди — бу фарзиннинг b7 хонасига чекиниши эди. Синдаров ўйин пайтида бу вариант унга жуда ноаниқ туйилганини тан олди.

«Бу юришни кўриш жуда қийин. Одатда Фa5 ўйнаш истаги туғилади — менимча, бу ҳам мен қилган ишдан кўра яхшироқ эди, лекин Фb7 мени лол қолдирди. Эҳтимол, кўпроқ вақт сарфлаганимда, уни топардим, лекин жуда тез ўйнадим. Менга аниқ ғалабали йўл йўқдек туйилди, ўша пайтда эндшпилга ўтиш энг яхши танловдек эди», — дея тушунтирди у.

Шахматчи учрашув натижасидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмади ва шундай деди: «Чиндан ҳам хафа бўлиб кетдим. f5 юриши мени шунчаки „ўлдирди“».

«Позиция тўлиқ менинг услубимда эди ва биз, масалан, Фe5 ёки Фb7 ўйнаб, фарзинларни алмаштирмаганимиздан ҳафсалам жуда пир бўлди. Ўша позицияда қоралар ҳужум қилаётган эди ва оқлар қандай ҳимояланишини билмайман. f5 юришини кўздан қочирганимдан хафаман. Сxa4 ўрнига исталган бошқа юриш яхшироқ бўларди», — деди Жавоҳир.

жавоҳир синдаров, маттиас блюбаум, номзодлар турнири, шахмат

Интервью пайтида ёнидан ўтиб кетаётган Номзодлар турнирининг икки карра ғолиби, россиялик Ян Непомняший қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида ўзбекистонлик шахматчига кўз қисиб қўйди. Синдаров унвонга эга маслакдошлари томонидан кўрсатилаётган бундай эътиборни юқори баҳолашини таъкидлади.

«Бундай мастерлардан ҳурмат кўриш доим ёқимли. Умид қиламанки, турнир мен учун яхши якунланади», — деди Жавоҳир.

Шу билан бирга, у ҳозирда турнир жадвали ва ортиқча стрессдан узоқлашган ҳолда, бор эътиборини фақат ўйинга қаратаётганини айтиб ўтди: «Шунчаки яхши шахмат ўйнашни ва ўйинларга яхши тайёргарлик кўришни истайман».

Ўзбекистонлик гроссмейстер турнирнинг ҳал қилувчи палласи олдидан оптимизмни сақлаб қолмоқда. Синдаров олдинда яна бешта партия борлигини, улардан учтасини оқ доналарда ўтказишини эслатиб ўтди.

«Тайёргарлик кўриш учун вақтим бўлади. Дуранг ҳам ёмон натижа эмас», — дея хулоса қилди у.

«Ўзимни масхарабоздек ҳис қилдим»

жавоҳир синдаров, маттиас блюбаум, номзодлар турнири, шахмат

Партиядан кейинги матбуот анжуманида Маттиас Блюбаум ўз позициясини мағлубиятга учраган деб ҳисоблаганини маълум қилди.

«Маълум бир лаҳзагача ўзимни худди масхарабоз каби ўйнаётгандек ҳис қилдим. a4 юришидан кейин эса ўз ҳаётимдан шунчаки нафратланиб кетдим. Таслим бўлмоқчи эдим. Позиция барча эҳтимолий йўллар билан бой берилгандек туйилганди. Аммо, хайриятки, у менга ушбу эндшпилга ўтишга имкон берди ва мен, албатта, уни дуранггача ушлаб қолишим керак эди», — деб тан олди Блюбаум.

Гроссмейстер, шунингдек, Синдаровнинг фарзин гамбитидаги (dxc4) дебют тайёргарлигига ҳозир бўлмаганини ва бу уни илк юришлардан бошлаб ҳисоб-китоблар учун кўп вақт сарфлашга мажбур қилганини таъкидлади.

Узун рокировка ҳақида гапирар экан, Блюбаум ўз танловини «табиий ривожланиш»га интилиш билан изоҳлади, шу билан бирга, шоҳнинг хавфсизлиги борасидаги баҳолари хато бўлганини тан олди.

«Эҳтимол, мен шунчаки аҳмоқдирман ва якунда шундай бўлиб чиқдим ҳам. Демоқчиманки, бу юриш табиий кўринган эди… Бу, албатта, кураш фойдасига қилинган танлов эмасди, шунчаки мен учун бу қисқа рокировкага қараганда табиийроқ туйилганди», — дея изоҳ берди Маттиас.

Жавоҳир Синдаров, ўз навбатида, дебютдан кейинги позиция у учун жуда қулай бўлганини тасдиқлади: «Жуда тез ҳужум қиламан. Шунинг учун бундай позиция менинг услубимга мос. Ва бу менга ёқади».

жавоҳир синдаров, маттиас блюбаум, номзодлар турнири, шахмат

Параллель кечган баҳсда Аниш Гири Фабиано Каруана устидан ғалаба қозонди. У аввалги партияда Рамешбабу Праггнанандҳани ҳам мағлуб этган эди ва эндиликда 5,5 очко билан иккинчи ўринга кўтарилиб олди.

Синдаровнинг энг яқин таъқибчиси билан орадаги фарқи 1,5 очкони ташкил этмоқда.

Навбатдаги, 14 турдан иборат мусобақанинг 10-партиясини ўзбекистонлик шахматчи оқ доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандҳага қарши ўтказади.

2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелга қадар Кипрда бўлиб ўтмоқда ва унда сайёранинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстери иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) ўзаро кураш олиб боради. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммараджу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс юритиш ҳуқуқини қўлга киритади. Турнирнинг соврин жамғармаси 700 минг еврони ташкил этади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *