• Пт. Апр 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бухорода Россия армияси сафида Украинада жанг қилган 31 ёшли фуқаро озодлиги 4 йилга чекланди



1 апрель куни жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман (Бухоро вилояти) судида Россия-Украина урушида Россия томонидан қатнашган фуқарога ҳукм ўқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.

Аниқланишича, 31 ёшли судланувчи А.О. 2021 йил сентябрь ойида Россиянинг Москва вилояти Нарафаминский туманига бориб, у ерда мавсумий ишларда ишлаган. Сўнг Россия хуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўғирликда айбланиб, 2022 йил 23 сентябрь куни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Барнаул шаҳридаги ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётган вақтида, Россия Қуролли кучлари томонидан маҳбусларни ёллаш бўйича ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида, шахсий ва моддий манфаатдорликни кўзлаб, 2025 йил 21 сентябрь кунидан 1 йил муддатга ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун шартнома имзолаган.

У Россия Мудофаа вазирлиги таркибида 24 сентябрь куни «Рядовой» ҳарбий унвонида Новосибирь вилоятида жойлашган ҳарбий бўлимга борган, у ердан 1 октябрь куни Ростов вилоятидаги ҳарбий лагерга бориб, бошқа ёлланган ҳарбий хизматчилар билан биргаликда махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтган. А.О.га жетон ва «АК 74» русумли жанговар қурол бириктирилган. 8 октябрь куни ҳарбий тайёргарлик вақтида жанговар қуролдан ўнг елкасидан яраланган ҳамда ҳарбий шифохонага юборилган. У ерда 28 октябрь кунига қадар даволаниб, 3 ноябрь куни Ўзбекистонга қайтиб келган.

Судланувчи суд мажлисида айбига иқрорлик билдирди.

«2007−2001 йиллар оралиғида Россияга ишлаш мақсадида бориб-келиб турганман. Охирги маротаба 2021 йил 9 сентябрь куни кетиб, 2022 йил 29 март куни эса у Россия маҳаллий полицияси томонидан ўғриликда гумон қилиниб ҳибсга олиндим. 2022 йил 23 сентябрь куни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Барнаул шаҳрида ЖИЭМда жазо муддатини ўташни бошладим. Мени ҳар хил қийноқларга солиб, босим ўтказишди», — деди А.О.

Унинг сўзларига кўра, айнан шу босимлардан кейин маҳбусларга урушда иштирок этиш учун шартнома таклиф қилинган.

«2025 йил 21 сентябрь куни ЖИЭМда тахминан 105 нафар маҳбусга Россия ва Украина ўртасидаги урушда Россия томонидан иштирок этиши учун шартнома тақдим қилишди. Шу ердаги ҳамма маҳбуслар шартномани имзолаб урушга кетишга рози бўлди. Мен ҳам бу қийноқлардан қутулиш мақсадида, мажбурлигимдан ушбу шартномага имзо қўйдим. Лекин менга шартнома шартлари билан танишишга имкон беришмади», — деди судланувчи.

Унинг айтишича, шундан кейин у ҳарбий қисмга олиб кетилган.

«24 сентябрь куни Новосибирский туманида жойлашган ҳарбий бўлимга олиб кетишди. Ҳарбий жетон бериб, рўйхатдан ўтказишди. 1 октябрь куни Ростов шаҳридаги ҳарбий лагерга бордик. У ерда ҳарбий кийим-бош бериб, сўнг Луганск вилоятига юборишди. Бу лагерда 8 кун давомида ҳарбий тайёргаликдан ўтдик, менга „АК 74“ русумли жанговар қурол беришди. Машқларда қатнашдим. 8 октябрь куни ҳарбий тайёргарлик вақтида жанговар ўқ ўнг елкамга келиб урилгани сабабли яраландим. Шундан сўнг мени Луганск шаҳридаги ҳарбий шифохонага юборишди. У ерда 20 кунча даволаниб, сўнг қочиб кетдим. Ростов шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасига бориб у ердаги ходимларга бўлган ҳамма воқеаларни айтиб бердим. 31 октябрь куни „Ватанга қайтиш“ гувоҳномасини олиб, 3 ноябрь куни Москва-Тошкент йўналишидаги самолёт билан Ўзбекистонга қайтиб келдим», — деди судланувчи.

У шартнома имзолаган вақтида унга 1 миллион 900 минг рубль миқдорида пул берилиши айтилганини, бироқ ушбу пулларни олмаганини билдирди. А.О. айбига иқрорлигини ва қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини ҳамда унинг соғлигини инобатга олиб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўради.

А.О. Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди. Унга ЖКнинг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, унинг ишлаш вақтидан, шунингдек иш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда яшаш манзилидан чиқишни чеклашдан иборат бўлган 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Унинг зиммасига кафе, бар ва ресторанларга бормаслик, ўз хонадонидан ташқари тўй ва туғилганларда иштирок этмаслик, ИИБнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Бухоро вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик қўшимча тақиқ ва чеклашлар юклатилди.

Жазо ижросини назорат қилиш Жондор туман ИИО ФМБ пробация гуруҳига топширилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *