7 апрель куни Тошкентда маҳаллий маҳсулотларни жаҳон бозорларига олиб чиқишга қаратилган «100 та маҳсулот акселератори» дастурининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, лойиҳа Ўзбекистон президентининг 2025 йил 30 январдаги фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда. У аввал жорий этилган «Экспорт акселератори» дастури натижаларига таянади. Ушбу дастур доирасида 60 та компания томонидан 83 млн долларлик шартномалар имзоланган эди.
Янги ташаббус миллий брендларни халқаро бозорларда мустаҳкамлашга қаратилган. Дастур стратегик ҳамкори сифатида Industrial Service Group компанияси иштирок этмоқда.
Иштирокчиларга маҳсулот таҳлили, халқаро сертификатлаш, логистика, маҳсулотларни жаҳон стандартларига мослаштириш, шунингдек, рақамлаштириш ва халқаро маркетплейсларга чиқиш бўйича кўмак кўрсатилади. Хусусан, JINGDONG ва Alibaba каби платформалар орқали Хитой, Европа ва АҚШ бозорларига чиқиш имкониятлари назарда тутилган.
Тадбирда вазир ўринбосари Илзат Касимов, шунингдек, Chinastone Industrial Service Group вице-президенти Тинг Ву, АҚШ-Хитой Савдо палатаси президенти Мериан Чейни ва Zest Innovation компанияси ҳамкори Роберто Манифико иштирок этди. B2B учрашувларда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар хорижий инвесторлар ва логистика мутахассислари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Дастур доирасида экспорт салоҳиятига эга бўлган 100 та истиқболли маҳсулот ва уларни ишлаб чиқарувчи компаниялар танлаб олинади. Танлов маҳсулот рақобатбардошлиги, компаниянинг экспортга тайёрлиги, бозорга мослиги ва ривожланиш салоҳияти каби мезонлар асосида амалга оширилади.
Танлаб олинган иштирокчиларга давлат кўмаги, консалтинг ва менторлик, сертификатлаш, брендинг ҳамда экспорт каналларини ривожлантириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилади.
Дастур 2026 йил 31 декабргача амал қилади.
13 февраль куни тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев «100 та маҳсулот акселератори» дастури бўйича ҳам топшириқлар берган эди. Хусусан, уни бошлаб, Африка, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатларига экспортни йилига камида 25 фоизга ошириш зарурлигини таъкидлаганди.